ОИЛАДА ҚАЙНОНА ВА КЕЛИН МУНОСАБАТЛАРИ

4303

Қайнона ва келин мавзуси – бугунги кунда энг долзарб ва муаммоли масалага айланиб улгурди. Чунки оилавий келишмовчилик ва ажримлар ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинганда бу каби салбий ҳолатларга ушбу икки қаҳрамонимиз ўртасидаги тушунмовчиликлар асосий сабаблардан бири бўлиб кўзга ташланмоқда. Статистикада ёзилишича, ажримларнинг учдан икки қисми қайнона ва келин ўртасидаги ихтилофларга тегишли экани сўзимиз тасдиқидир. Аслини олиб қараганда, қайнона ва келин оиланинг тинч, осуда ва фаровон бўлишига энг катта хизмат қиладиган оила вакилаларидир. Иккисини аёл экани, бу уларнинг бир – бири билан яхши тил топиб кетишига хизмат қилиши ўрнига, асосий муаммога сабаб бўлаётгани таажжубли ҳолат.

Қайноналар билан ўтказилган суҳбатлар чоғида: “яна мен қайнолалик қилмаяпман” қабилида ўз фикрларида қатъий туриб олиб, ҳеч тўғри йўлга юрмасликлари кишини ҳайрон қолдиради. «Келин менга ёқса, қўйган шартларимни бажарса, кейин ўғлим билан яшайди, бўлмаса йўқ», дейишлари ҳаммасидан ўтиб тушади.

Мақолада кўпроқ қайноналар танқид остига олинган. Бу ҳамма қайноналар шундай дегани эмас. Маҳаллаларда ҳаёти ҳаммага ибрат қайноналаримиз жуда кўп. Яна ҳамма айб қайнонада, келин оппоқ, айбсиз, дегани ҳам эмас. Хўп, келинни–ку ҳали ёш деймиз, лекин йўлга соладиган одамнинг ўзи адашган бўлса нима қилмоқ керак?

Мақолани тайёрлашда Оиша Ҳакамийнинг: “Икки ўт орасида яшаяпман: оилам ва аёлим” мақоласидан фойдаланилди.

Оилавий муҳитни, айниқса, қайнона ва келин ўртасидаги алоқаларни мустаҳкам бўлишини истаган ҳар бири киши ислоҳотни аввало ўзидан бошлаши лозим. Унга бу йўлда қуйида айтилган тавсиялар қўл келади.

1. Қайнона ва келин муносабатлари никоҳнинг илк кунидан бошланади. Уларнинг ҳар иккиси ҳам куёвнинг риояси ва меҳрига эга бўлиш учун рақобатлашади. Куёвни бири ўғлим деса, бири турмуш ўртоғим дейди. Демак, қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликка куёв бола сабаб экан, шунга кўра, у олдин бир уйда яшаб кўникмаган ҳар икки аёлга уларни чин дилдан яхши кўришини, иккисига ҳам эътиборли ва ҳурмати баланд эканини яхшилаб тушунтириб қўйиши лозим.

2. Онанинг ўз ўғли устида кўп ҳақлари борлиги-ю қадри баланд эканида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Лекин, бу бошқа ҳақ эгаларининг ҳаққини поймол қилиш дегани эмас. Келиннинг ҳам она каби ўзига яраша ҳақлари бор.

Эрнинг ўз аёлига зулм қилиши ҳам шаръий жиҳатдан, ҳам ақлий жиҳатдан тўғри эмас. Балки, эр доим инсофли ва чиройли муомалада бўлиши лозим. Бир уйда қайнота, қайнона, куёв ва унинг ака – ука, опа – сингиллари томонидан келишиб олиб, келинга зулм қилишлари ва уни яккалатиб қўйишлари энг ёмон пасткашлик, энг катта зулм ҳисобланади. Баъзан бундай вазиятларда келинни ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учрайди. Эрнинг гарданидаги энг катта вазифа – ўз жуфтини ситамлардан ҳимоя қилишидир.

3. Қайнона ва келин ўртасидаги алоқалар гўзал ва чиройли бўлгани қандай яхши. Лекин, иккиси ўртасидаги муносабатлар инқироз кўчасига кириб қолган вақтда ҳеч бўлмаганда инсонийлик нуқтаи назаридан маҳалла – кўй олдида, фарзандалар қаршисида ақл ва зийраклик билан ҳаракат қилиш лозим.

4. Ўғил ўз онасини доим яхши кўришини эслатиб турсин. Бу меҳру муҳаббатни оилавий ҳаётга қадам ташлаганидан кейин ҳам ёдида сақлаб тургани, ҳамон онаси учун суюкли ва меҳрибон ўғил эканини ҳам сўзда, ҳам амалда кўрсатсин.

5. Эр аёлини яхши кўришини, унинг ҳам ўз ўрни борлиги ва оиласининг муҳим аъзоси эканини уқтирсин. Келин қайнона билан ихтилофга бориб қолганда аёлига қайнона ҳам унинг онаси эканини тушунтирсин. Эр ўз аёлига онаси рози бўлса, кейин рози бўлишини, у ҳам бир кун келиб қайнона бўлишини, ҳаёт ибрат мактаби эканлигини тушунтириши лозим.

6. Эр оилавий ҳаётда бир чизиғ чизиш керакки, ундан ҳеч ким хатлаб ўтолмасин. Шундай ишлар борки, унга ҳатто она ҳам аралаша олмайди. Бунга шариат изн бермайди. Масалан: эр – хотинликнинг ўзига хос бўлган сирларига ҳеч кимни дахл қилишга ҳаққи йўқ. Яна шундай ишлар борки, унда келиннинг аралашувига йўл қўйилмайди. Масалан: келин эр билан унинг ота – онаси, ака – укалари ва опа – сингиллари ўртасидаги ишларда тўсқинлик қила олмайди. Чунки силаи раҳмни боғлаш доим матлуб нарсадир.

7. Эр онаси ва аёли ўртасида ҳамда атрофдагиларга бўлган меҳр–у муҳаббатда тарозини икки палласини тенг тутиши лозим. Она учун солиҳ фарзанд, аёли учун солиҳ эр сиймосини амалда кўрсатиши керак. Икки аёл ўртасида меҳр ва салом ташувчи элчи бўлмоғи даркор. Бу эса эрдан ҳикмат, илм ва бироз сабрни талаб қилади.

8. Эр бирини қўйиб, иккинчи томонга ён босиб, тарафкашлик қилмаслиги лозим. У қайнона ва келин ўртасидаги ишларда қозилик қилишдан эҳтиёт бўлиш зарур. Куёв оилавий ҳаётнинг илк кунида онасига тушинтириб, бу келинни унга жуфт бўлишини ўзи хоҳлагани, келин излаган ҳам, совчиликка борган ҳам ўзи эканини айтсин. Аёлига эса шу ҳаётга рози бўлгани, бу оилада яшаш ўзининг истаги ва танлови эканини уқтирсин. Бу йўлда унга муҳлат берилганини айтиб, кейинчалик мушкил аҳволда, икки ўт орасида қолишига сабаб бўладиган ишлардан тийилишини таъкидласин. Келишмовчилик, тортишувлар инсон табиатида бор хислат экани-ю бу дунё тургунча туришини иккисига ҳам тушинтирсин.

9. Ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабида кўпчилик фақиҳлар наздида қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликларнинг энг осон ва тўғри ечими келинга алоҳида маскан қилиб бериш ёки уни мустақил ҳовлига чиқаришдир.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уйида фарзандлари бир жойга йиғилиб қолса келишмовчилик чиқмаслиги учун уларни тарқатиб юборар эдилар.

Оилавий муаммоларни ҳал қилишда аёлингиз билан доим камчиликларни сўз билан ифода қилиб тушунтириш, суҳбатлашиш эшигини очиқ қолдиринг ва бу нарсани ҳаёт услубингизга айлантиринг. Шунда оилангиздан бахт, саодат ҳамда фаровонлик ҳеч аримайди.

Андижон вилоят бош имом-хатиби

Нуриддин домла Холиқназаров