Оила жамиятнинг асосий бўғини. Шу боис янги оила қураётган ёшларга бу муқаддас даргоҳ бутлигини таъминлашнинг муҳим асосларини қунт билан уқтириш лозим. Токи, эртага улар орасида келиб чиқиши мумкин бўлган келишмовчиликларга ўрин қолмасин. Афсуски, бугун баъзи ҳолларда мана шундай масъулиятли вазифага алоқадор бўлган айрим катталарнинг ўзи ёш оилаларнинг дарз кетишига сабабчи бўлишяпти. Боиси ўринсиз орзу – ҳавас, одамийликка хос бўлмаган кибр, аксарият ҳолларда эса никоҳдан кўзланган манфаатлар, қўш хотинликка интилиш ҳисобланади.
Даставвал ўринсиз орзу – ҳавас ҳақида. Бугун мамлакатимизда қизғин муҳокамага сабаб бўлаётган дабдабали тўйлар, ундан аввалги ва кейинги бидъатлар (ҳа, ҳа бидаътлар, негаки, айрим нафас бандалари томонидан ўйлаб топилган ва кейинги йилларда жуда болалаб кетган келин-куёвни кийинтириш, бунинг учун 500-1000 долларлаб пул сарфлаш, ўнлаб машиналарда никоҳга бориш, тўйдан кейин куёв томонга уч маҳал таом ташиб ўша “бечора” ва “ғариб”ларни боқиш каби тартиблар қип-қизил бидъат саналади) ўзини билган одам учун шармандагарчиликдан бошқа нарса эмас. Буни тушуниб етиш учун эса одам даҳо бўлмасин, ақлини бироз ишлатса бас. Таассуфки, ана шу ақлни ишга солмаган ҳайбаракаллачилар бугун нафси йўлида тафаккури йўқ жонзотдан фарқ қилмай қолди. Бу аччиқ, лекин ҳақиқат. Ҳолбуки, ўша ўринсиз тадбирларга сарф қилинган, ҳавога учган пулга янги оила бир неча йил бекаму-кўст яшаши, ёки яна бир камхаржроқ ёшларни никоҳлаб қўйиш, бирор беморга моддий кўмак бериш мумкинки бунинг савобини санаб адо этиб бўлмайди.
Энди кибр ҳақида. Кибр эгалари ўзлигини унутганлар ҳисобланади. Айнан шундай шахслар(одамлар эмас, зеро одам ва одамийликнинг мартабаси улуғдир) келин ёки куёв танлашда уларнинг мавқеига қарайдилар ва “булар бизнинг тенгимиз эмас”, “отаси оддий одам экан”, “онаси бундоқ экан” дея нағмалар қилишади. Тўғри, никоҳдан аввал икки томоннинг ижтимоий ҳолати, қариндош-уруғлари суриштирилади, лекин бу амални асло бойлик ва мансаб билан ўлчамаслик лозим. Тўйдан сўнг эса “зоти пастлигини қилди”, “аслига тортди”, “ўзи бизнинг тенгимиз эмасди” деган дийдиёлар эса янада пасткашлик белгиси. Ким ўзарга тўй қилиб ном қозонишни истаган, мақтанишни хуш кўрадиган ва аксарият холларда ёш оиланинг таназзулига сабаб бўладиган бундай кимсалар оқибат хорликка юз бурадилар. Негаки, “Қирқ ҳадиси қудсий” китобида айтилганидек; “Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас”.
Энди никоҳдан кўзланган манфаат ҳақида. Сир эмаски, аксарият вазиятда пулдор билан пулдор, амалдор билан амалдор қуда бўлишга ҳаракат қилади. Ёҳуд мавқеи бироз паст бўлса-да, юқорироқ ўринда турган, пули кўпроқ кишиларга қудаликка интилувчиларларнинг орсизлиги ҳам бор гап. Ёки бойлик учун келин ёки куёвнинг баъзи “қусур”ларидан кўз юмиш ҳам учраб турибди. Бу ўринда мана бу латифани эслатиб ўтиш кифоя. Яъниким, янги уйланган уч оғайни суҳбатлашиб қолишди. Биринчиси “Менга қайнотам “Малибу” совға қилди”, деди. Иккинчиси эса ғурурланиб, “Менга “Каптива” беришди”, дея мақтанди. Учинчи йигит эса оҳистагина “Менга қайнотам номуси бутун, иффатли, иболи қизини берди”, деди.
Энди энг асосийси – қўшхотинлик ҳақида мулоҳаза. Аслида никоҳ муқаддас амал. Қуръони Каримнинг Нисо сураси, 3-оятида “Бас, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)”, дейилади. Афсуски, бугун бу оят талабига жавоб бера оладиган даражада адолатга қодир одамни топишнинг ўзи муаммо. Лекин, мазкур оятни дастак қилиб, фақатгина ўз нафсини ўйлаган кимсалар хотин олиб, хотин қўйишдан қўрқмаяпти. Оқибатда қанча-қанча гўдаклар, норасидалар ота меҳридан мосуво бўляпти. Қани бу ерда адолат, қани бунда инсонийлик? Хотинни тул қилган, болани етим қилган эр қайси юз билан яна бошқа аёл(лар)ни никоҳига оляпти? Наҳотки у шунчалар кибрли, шунчалар пасткаш, шунчалар малъун бўлиб қолган?
Афсуски, ана шундай шахслар сиз билан бизнинг орамизда, мана шу жамиятда яшаяпти. Бири ёқмаса талоғини бериб иккинчисига интилаётган эрлар талоқнинг масъулиятини асло тушунмайди. Ҳолбуки, “талоқ” сўзи янграганда коинот ларзага келади. Коинотни қайта-қайта ларзага келтираётган бу ношуд эртага дўзаҳнинг ўзи эмас унинг энг тубига ўтин бўлишини наҳот англаб етмайдиган даражада кўр бўлса-я?
Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, унинг аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Шунингдек, мамлакатимиз қонунчилигида ҳам оила мутаҳкамлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари бор. Шундай экан, бугун жойлардаги оилавий ажримларга олиб келаётган қўйди-чиқдилар, хотин кетидан хотин олиш, гўдакларни етим қилиш каби салбий ҳолатларга сабабчи бўлаётганларга нисбатан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Негаки, оила мустаҳкамлиги жамият тараққиётининг бош омилидир.
Абдулаҳад домла ТОЖИБОЕВ,
Бўз туман бош имом-хатиби