Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади.
Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу аёлига шундай деган: “Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга урунай. Акс ҳолда бирга яшай олмаймиз”.
Ҳаёт жуда мураккаб жараён бўлиб, унда турли ҳолатлар учраб туради. Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидирмоқлик оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Аёл ҳам ўрни келганда ғазабини ютиши, гарчи ёқмасада, оилавий ҳурмат юзасидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиши лозим. Маънавий жиҳатдан бир-бирига сабр қилиш лозим бўлганидай, моддий жиҳатдан ҳам қаноатли ва сабрли бўлиш жуда муҳимдир.
Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқеига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади, балки эл-юрт, маҳалла-кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди.
Оиланинг бузилишига энг кўп сабаб бўладиган иллатлардан бири – бу зинокорликдир. Аслида никоҳланиш ва оила қуришдан кўзланган энг катта мақсад ҳам зинодан сақланиш. Яъни жинсий майлни ҳалол йўл билан қондиришдир. Аммо эрлар ёки аёлларнинг зинога боришлари, ачинарли ҳолат. Чунки зино жамият таназзулига сабаб бўладиган офатдир. Бу разил иллат барча динлар, халқлар, тузумларда энг жирканч иш, ор-номуснинг топталиши ва ифлослик бўлиб ҳисобланиб келинган. Бугунги кунда ана шу иллат кўпайиши натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб, болалар тирик етимга айланиб қолмоқдалар. Ачинарлиси шундаки, зино насл-насабнинг бузилишига, оилалар парчаланишига, инсоний ахлоқ ёмонлашувига, турли касалликлар тарқалишига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
яъни: “Қайси қавмда фаҳш ишлар пайдо бўлиб, ҳатто уни ошкора қилишга ўтсалар, у қавмда вабо ва ўтган ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқалади”
(Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳозирги кунда ОИТС деган касалликнинг асл пайдо бўлиш ва тарқалиш сабаби айнан зинокорлик ва фаҳшу мункар ишларга ружу қўйиш, ор-номус, ибо-ҳаё, иффат каби фазилатларни унутиб, разолат йўлига ўтиш эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, аждодларимиз ҳатто эшитмаган бундай офатдан сақланишимиз учун миллий ва диний қадриятларимизга риоя қилишимиз ҳам муҳим ўрин тутади. Лекин жамиятда ана шу иллатга ва унга олиб борувчи йўлларга қарши биргаликда қаттиқ ҳаракат қилмасак, келажак таназзулга юз тутишига олиб келиши муқаррар.
Бахтиёржон домла Қодиров
Бўстон туман бош имом-хатиби