Мехрибон, Раззоқ (ризқ бергувчи) сифатига эга бўлган Аллоҳга ҳамдлар айтамиз. Дархақиқат Аллоҳ таоло бехисоб ва беадад мавжудот ва махлуқотларни яратган ҳамда уларни ризқларини бекаму кўст вақтида етказиб беради.

    Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан китобда бордир” (Ҳуд сураси, 6-оят) Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассаллам бу борада ҳам барчаларимизга ўрнак бўлиб ўтдилар. Имом Ахмад айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам уйландилар. Шунда зиёфат қилиб саҳобаларини жамладилар. Таом оз, йиғилганлар эса кўп эди. Таомнинг озлиги ва ҳам суюқ бўлгани сабабли саҳобалардан хар бирлари бу ҳусусда бир нарса дер эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам намоз ўқирдилар, намозни тугатганларидан кейин саҳобалардан: “Нима ҳақида гаплашяпсизлар?”-деб сўрадилар. Улар “Ризқ ҳақида”, -деб жавоб бердилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам : “Мен сизларга Жаброил (а.с) айтиб берган бир хадисни айтайми?”-дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, Аллоҳнинг расули, айтинг”, дедилар. Шунда у зот: Жаброил (а.с)нинг айтишича, биродарим Сулаймон (а.с) денгиз бўйида намоз ўқиётиб, тўсатдан юриб кетаётган чумолини кўриб қолибди, унинг оғзида эса яшил япроқ (барг) бор экан. Чумоли шу холатда денгиз олдига келиб қичқирибди. Бир пайт бақа чиқиб, чумолини орқасига олиб, миндириб денгизга шўнғиб кетибди. Сўнг бир оз муддат ўтиб, чумоли сув юзига қайтиб чиқибди. Сулаймон (а.с) ундан сўрабдилар: “Менга ўз қиссангни айтиб бер”. Чумоли жавоб берибди: “Бу денгизнинг тубида бир тош бор, ўртасида бир қурт бор, Аллоҳ таоло ўша қуртнинг ризқини менинг зиммамга юклаган, шунинг учун хар куни Аллоҳ унга ризқ қилиб берган нарсасини икки марта унга олиб бориб бераман. Аллоҳ таоло бу денгизда мен учун бақа суратида бир фариштани яратди. У мени кўтариб, денгизга шўнғиб кетади, мени ўша ҳарсанг тошга олиб боради. У тош ёрилиб ичидан қурт чиқади ва мен унга ризқини едираман. Сўнгра бақа мени яна қайтиб сув устига олиб чиқади. Қурт ўз ризқини еб бўлгач, Аллоҳга ҳамду сано айтиб дейди: “Мени яратган ва мени денгиз тубида қилган, мени унутмаган Зот айбу нуқсонлардан покдир ”. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам таъкид билан айтдилар: “Денгиз тубидаги бир қуртни унутмаган Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг  умматини эсдан чиқариб қўядими?”Аллоҳ таоло марҳамат қилган: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир” (Талоқ сураси, 3-оят).

     Аслида инсон зоти шундай бир ожиз бандаки, баъзи бир кимсалар Аллоҳ берган куч-қувват ва ақл-идрок билан топган молу-дунё ёки озиқ овқатларни қўл остидагилардан (фарзанд, ишчи ва ҳоказо)дан миннат қилишлари ёки инсон мол-дунёни ўзимни кучим ва ақл фаросатим билан топяпман деб айтишлиги жуда ёмон одат, гуноҳкор бўлиш мумкин. Миннат қилиш ёлғиз Аллоҳга хосдир. Сулаймон (а.с) бутун дунёга, инсу жинларга, хайвонлару- қушларга ҳам хукумрон бўлганлари сабабли ўзларидан ғурурланиб: “Ё Парвардигоро, менга изн бергинки, бир йил давомида ризқланувчиларнинг ризқини мен берайин”-деб изн сўрадилар. Аллоҳ таоло: “Сен бунга қодир эмассан”, деди. Сулаймон (а.с): “Ё Парвардигоро, бир кунга руҳсат бергин”-дедилар. Бас, Аллоҳ изн берди. Шунда Сулаймон (а.с) бутун инсу жинларни тўплаб, қирқ кун давомида овқат пиширишга ва озиқлар тайёрлашга буюрибдилар. Шамолларга овқатлар устида эсмасликни буюрдиларки, токи таомлар бузилиб, айниб қолмасин. Сўнг озиқ-овқатларни кенг саҳрога жойлаб чиқишни буюрибдилар. Овқатлар жойланган майдоннинг узунлиги ҳам, кенглиги ҳам бир ойлик йўл эди. Аллоҳ таоло Сулаймон (а.с)га: “Қайси маҳлуқотлардан бошлайсан?”-деб ваҳий қилди.Шунда у зот: “Денгизу қуруқликларда яшовчилардан”, дедилар. Ризқ бергувчи меҳрибон Аллоҳ денгизу уммонлардаги балиқларга Сулаймон (а.с)нинг чақириқларига боришни буюрибди. Улкан, катта балиқлар келиб: “Эй Сулаймон (а.с), Аллоҳ бизларни бугунги ризқимизни сенга топширган экан”, дейишганда. Сулаймон (а.с): “Олдиларингизда таом турибди, ҳохлаганингизни енглар”-деди. Наҳанг балиқлар бутун озуқаларни ютиб юборибдилар-да, “Эй Сулаймон (а.с), бизларни тўйдиргин, биз очмиз ”, дебдилар.Сулаймон (а.с): “Тўймадингларми?”, деб ҳайратланибди. “Ҳали тўйганимиз йўқ”-деб жавоб беришибди. Шунда Сулаймон (а.с) саждага йиқилибдилар-да: “Маҳлуқотларнинг барчасини ўзлари сезмаган жойлардан ризқларини етказиб тургувчи Аллоҳ! Сени поклайман”-дебдилар. Ҳар бир инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан ўзини қандай холда тутиш тўғрисида ҳам уламоларимиз кўрсатмалар берганлар. Инсон ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб билиши лозим. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап. Кам бўлса ҳам ўзига берилган ризққа сабр қилиш. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам , йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини ҳор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса, дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида умбалоқ ошиб, ўзини ҳор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди. Ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигида. Аллоҳим барчаларимизни умрларимизни узун, ризқларимизни кенг, нафсларимизни тўқ қилсин. Юртимизни тинч ва омонликда Ўз паноҳида сақласин. Барча берган неъматларини шукрини чиройли холда адо қилиб боришимизни насиб этсин. 

        Искандарбек домла Ортиқов

Олтинкўл тумани Далварзин жомеъ масжиди имом xатиби