Меҳрибон Роббимиз Аллоҳ таоло сизу биз бандаларига беҳисоб неъматларни берди ва мана шу неъматларни исроф қилмасдан шукрини чиройли ҳолда адо қилишликни ҳам буйирди. Мустақилликдан аввал яшаган отахон ва онахонларимиз бошларидан ўтган ва кўзлари билан кўрган қийинчиликларни ҳозиргача эслаб ғамга ботадилар ва ҳозирги кундаги неъматларни кўриб Аллоҳга шукурлар келтирадилар.

Албатта, ўтмиш замондаги қийинчиликлар кимларгадир эртакдагидек туюлади. Бунга сабаби эса, ўзининг мазкур қийинчиликларга гувоҳ бўлмаган, қўша-қўша уйлар, машиналар барча неъматлар мухайё. Мана шу сабабдан ҳам баъзи бир кимсалар тўй, маросим, маърака ва бошқа йиғинларда Аллоҳ берган улуғ бир неъмат “НОН” неъматини қадрига етмасдан исрофга йўл қўйишади. Шу ўринда ибратли бир ривоятни эслаб ўтсак.

Бир куни подшоҳ Ҳусайн Бойқаро сарой амалдорларига:

“Дунёдаги энг яхши ҳидни келтиринг!”-деди.

Сарой ахли хар тарафга югуриб, подшоҳга турли хил хушбўй ҳидли гулларни, қалампир мунчоқни, қўйингки ер юзидаги жамики хушбўй ҳидли нарсаларни мухайё этишса-да, султон:

Мен истаган нарса бу эмас! — деб туриб олибди. Кейин:

“Мен сизларга уч кун мухлат бераман. Шу муддатда топсаларинг, топдиларинг, бўлмаса ҳаммангни жазога торттираман!”- дебди. Сарой амалдорлари ҳамда вазирлар жуда бошлари қотиб, Подшоҳ истаган ҳидни топиша олмасдан, охири Алишер Навоийнинг олдига боришибди. Буюк шоир ижод билан банд бўлгани учун саройдаги вазиятдан бехабар экан. Вазирлару уламолар: Султонимиз айтган ҳидни топиб, шу балодан халос қилинг, -дейишибди. Дўстининг кўнгли нимани истаб қолганини билолмай, Алишер навоийнинг ҳам боши қотибди. Эртаси куни Навоий хаёл суриб, ариқ ёқалаб кетаётган экан, экин суғораётган дехқон бобога дуч келибди. Салом- аликдан сўнг:

“Айтингчи бобо, энг яхши ҳид ниманинг ҳиди?”-деб сўраган экан, дехқон бобо:

“Янги ёпилган нонни олиб боринглар-чи, отам рахматли дунёда энг лаззатли ва ёқимли ҳид- буғдой унидан ёпилган нон ҳиди, хеч қайси ҳид унга етолмайди, дер эдилар”-деб маслахат берибди.

Алишер Навоий хурсанд бўлиб, дехқон бобо айтганидай, бир сават нон ёптирибди-да, саройга етиб борибди. Бир зумда саройга ажиб бир йқимли ҳид таралиб, барчанинг дилини яшнатиб юборибди.

Рахмат, дўстим, -дебди Ҳусайн Бойқаро хурсанд бўлиб. Кўнглим янги ёпилган нон исини истаётган эди, топиб келибсиз. Дунёдаги янги ёпилган нон исидан кўра азизроқ, ёқимлироқ ҳид йўқ экан. Шунда Навоий, Султоним, рахматни менга эмас, дехқон бобога айтинг. Кўнглингиз хохишини шу киши топди. Дўстининг камтарлигига, донолигига яна бир бор тахсин ўқиган Подшоҳ дехқон бобога бош-оёқ сарпо бериб, мукофотлашни буюрибди. Қиссадан хисса шуки Аллоҳ берган барча неъматлар қатори нонни ҳам эъзозлайлик, исроф қилмайлик, қадрига етайлик. Аллоҳим бераётган барча неъматларини янада зиёдаларини берсин. Элимизни, юртимизни бало- офатлардан соғ-омон сақласин. ОМИН!

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби