Биз бахтиёр умматларни мусулмон қилиб яратган, буюк алломалар юртида дунёга келтирган, ҳуррият бахтини насиб этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Башариятга иймон бахтини улашган, инсонлик қадрини кўрсатган, ибодат ҳаловатини баҳам кўрган ҳидоятчимиз, шафоатчимиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!
Хаммамизга маълумки 8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун.
Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
Конституция – давлатнинг асосий ҳужжати бўлиб, давлат бошқаруви, ҳукумат органлари фаолиятининг тартиби ва тамойиллари, давлат, жамият, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари у билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат. Конституциямизнинг асосий фазилати шуки, унда инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият деб белгилаб қўйилган бўлиб, у энг аввало инсон манфаатлари учун хизмат қилади. Бу олий қадриятларни, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш қайси йўл билан таъминланади? Албатта, қонунлар билан.
Қонунлар одил бўлса, қонун ҳар нарсадан устувор бўлса, барча кичик қонунлар мазкур асосий қонунга мувофиқ келса, ўша асосий дастурдан тармоқланиб чиқса, бундай юрт равнақ топади, гуллаб-яшнайди. Конституция давлатимизнинг ана шу асосий қонунидир.
Асосий Қонунимиз лойиҳаси уч минг йиллик миллий давлатчилик ҳамда дунё қонунчилик тажрибасини, халқаро инсон ҳуқуқлари мезонларини ўзида мужассамлаштирди. Қонунимизда давлат халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилган.
Бу қоида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси шарифларига ҳамоҳангдир:
«Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир. Қул хожасининг молига мутасаддидир ва унинг учун масъулдир. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз».
Имом Бухорий, имом Муслим, Имом Термизий, имом Аҳмад ва Байҳақийлар ривояти.
Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини инсониятнинг икки дунёдаги бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади:

• инсоннинг ҳаётини муҳофаза қилиш;
• инсоннинг ақлини муҳофаза қилиш;
• инсоннинг динини муҳофаза қилиш;
• инсоннинг наслини муҳофаза қилиш;
• инсоннинг мол-мулкини муҳофаза қилиш.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда диний эркинлик тўла таъминланди. Дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади эса инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, халқимизни маънан юксалтириш ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Конституциясимизнинг аксар қонунлари динимизда мўътабар бўлган манбалар Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга мос келади.
Аллоҳ Таоло Бақара сурасининг 256-оятида шундай деб марҳамат қилади: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир ».
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 31-моддасиди шундай дейилган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”
Шунинг учун ҳам Конститутциямиз қонунларига амал қилиш инсонни дунё ҳаётида бахтли, фаровон, тинч-тотув ва осойишта яшашини таъминлайди. Шундай экан Конституциясимизда белгиланган қонунларга амал қилиб яшаш барча шу юртда яшаётган инсонларга зарур бўлади.
Бугун юртимизда кенг қамровли халқчил ислоҳотлар кечмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларнинг асл моҳияти ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қаратилган. Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати ва шаъни юксак даражага кўтарилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, бугунги кунда, дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва ирқий можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир пайтда мустақил юртимизнинг тинч ва осудалиги, унда барча миллат ва элатлар ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва хотиржамликда яшаётгани, шу вақтгача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада катта ишлар амалга оширилаётганидан дарак беради. Бунинг учун Роббимиз Ҳақ субҳанаҳу ва таолога ҳар қанча ҳамду санолар айтсак, шукроналар қилсак арзийди. Зеро, неъматлар шукр қилиш билан зиёда бўлади, ношукрлик оқибатида эса заволга юз тутади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: «Қасамки, (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, (уларни янада) зиёда қилурман. Ношукрчилик қилсангиз, азобим жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Динимизда шукрнинг ўрни жуда каттадир. У иймоннинг ярмидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Иймон икки бўлакдир: бири сабр, бири шукрдир» Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган.
Бинобарин, бугунги дориломон кунлар учун, эмин-эркин ибодат қилиш бахтини насиб қилгани учун, эркимиз ўз қўлимизда экани учун Роббимизга шукрлар қилишимиз лозимдир. Зеро, Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилашга, эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилган.
Аллоҳ таолонинг Ўзидан азиз Ватанимиз ва унинг меҳнатсевар, илмли ва ихлосли халқи тинчлик, омонликда бўлишини сўраб дуолар қиламиз.
Яратган Парвардигор барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилиб, Ўзининг розилигига эришган бандаларидан бўлишимизни насиб айласин!

Умиджон домла Усмонов
Бўстон туман “Юнусобод” жоме
масжиди имом хатиби