Никоҳ ибодатдир. Динимиз таълимотларида никоҳга тарғиб қилинган.

عن عبد الله بن مسعود رضي الله عـنه، أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: يا معشر الشباب، من استطاع منكم الباءة فليتزوج، فإنه أغض للبصر، وأحصن للفرج، ومن لم يستطع فعليه بالصوم فإنه له وجاء». أخرجاه من حديث ابن مسعود.   رواه البخاري و مسلم

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Эй, йигитлар жамоаси! Сизлардан кимки никоҳга имкон қила олса уйлансин. Чунки, у нарса ҳақиқатан кўзни тўсгувчи ва фаржни сақлагувчироқдир. Ва кимки имкон қила олмаса унга рўза лозим, зеро бу нарса хотини йўқ инсон учун шаҳватни кесгувчидир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

عن عائشة رضي الله عنها، أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: النكاح من سنتى فمن لم يفعل بسنتى فليس منى (رواه ابن ماجه)

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади

 “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Никоҳ менинг суннатимдандур, бас кимки менинг суннатимни қилмаса мендан эмас”, – деганлар”. (Ибн Можа ривояти)

            Никоҳ фақатгина Ислом динидагина эмас, балки ҳамма пайғамбарларда ҳам суннат бўлган. (Уларга саломлар бўлсин)

عن أبي أيوب رضي الله عنه قال، قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : أربع من سنن المرسلين، الحيا ء و الطعتر و السواك و النكاح. (رواه الترمزي و قال حديث حسن غريب)

            Абу Айюб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Тўрт нарса пайғамбарларнинг одатларидандур – ҳаё; хушбўйлик; мисвок ва никоҳ” (Термизий ривояти)

Мазкурлардан аълум бўладики, шариатимизда никоҳга эътибор юқоридир. Бундан ташқари яна кўплаб далиллар бор. Лекин биз айтмоқчи бўлганимиз шуки, оламларнинг Тангриси эътибор қаратган оилага биз бандалар енгил қарашга ҳақли эмасмиз.

Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган муҳим бир шаръий масала – талоқ масаласидирки, бугунги кунда баъзилар ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар.

“Талоқ” сўзи айтилганда никоҳ бузилади. Аслида, талоқ – энг охирги чора сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадиси шарифларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганлар:

«أَبْغَضُ الْحَلاَلِ إِلَى اللهِ الطَّلاَقُ» (رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه).

 “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Аслида бир талоқ ҳам энг охирги чора сифатида, иккала оиланинг маслаҳат ва кенгашидан кейин қўлланилади. Чунки динимиз воқелик динидир. Баъзи оилаларда ҳақиқатан ҳам ажрашишдан бошқа йўл қолмайди. Бироқ ўша бир талоқ қўйишнинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Жаҳли чиқиб ўзини бошқара олмай “талоқ” сўзини ишлатишга рухсат берилса эди, аёлларда ҳам талоқ ҳуқуқи бўлмасмиди?

Бу масъулият айнан эркакка топширилганки, аёллар ўзини бошқара олмай қолиб оила бузилмасин, эркак зотан оғзига ва лафзига маҳкам бўлади, деган маъно эмасму бу?

Камига бирданига уч талоқ қўяди-да, йўл истаб юришади. Унутмаслик керакки, бундай ҳолатда фақат диний идораларгагина мурожаат қилган маъқул. Талоқ масаласин яхши билмаган кишиларга рўпара бўлса, иккидан бир хато бўлиши эҳтимоли бор.

Бири – аслида уч талоқ тушмаган, лекин буни яхши англамаганидан уч талоқ деб “ҳукм” қилади. Натижада оила беҳудага бузилиб кетади.

Иккинчиси – уч талоқ айнан тушган бўлса ҳам никоҳлаб қўйиши мумкин. Бу эса ҳалокатдир.

Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда шундай дейилган:

«أُخْبِرَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ رَجُلٍ طَلَّقَ اِمْرَأَتَهُ ثَلَاثَ تَطْلِيقَاتٍ جَمِيعًا، فَقَامَ غَضْبَانَ ثُمَّ قَالَ: «أَيُلْعَبُ بِكِتَابِ اَللَّهِ تَعَالَى، وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ» حَتَّى قَامَ رَجُلٌ، فَقَالَ: «يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلَا أَقْتُلُهُ» (رَوَاهُ الإمَامُ النَّسَائِيُّ عَنْ مَحْمُودِ بْنِ لَبِيدٍ رضي الله عنه)

 “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб:

“Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”, – дедилар. У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан ҳатто бир киши ўрнидан туриб:

“Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” деб юборди” (Имом Насаий ривоятлари).

Энди уч талоқнинг тепасига келсак, ибн Аббос айтганидек талоқ аслида учтадир. Кимки юз талоқ қўйган бўлса, қолган тўқсон еттитасида Аллоҳнинг Каломини масхара қилган бўлади. Бироқ талоқ воқе бўлади.

Талоқ ҳақида кенг тушунча олиш учун алоҳида китоблар бор. қисқа мақолада барчасини тушунтириш имкони бўлмаганлигидан озроқ мисол келтира қолдик.

Манбалар асосида

Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака тумани “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими