Мана Рамазон ойи ҳам ўтиб, масжидга жамоат намозига қатнайдиганлар сафи кўпайди.  Биламизки,  орамизда янги намоз бошлаган, Ислом назокатини билмайдиган жамоатларимиз борки, улар масжидга келиб фойдасиз, маънисиз суҳбат қурадилар ва ўзи билмаган ҳолатда гуноҳкор бўлиб, уйларига қайтадилар. Баъзан эса мусулмонлар масжидда бирор янглиш намоз ўқиган биродарини кўриб, хатосини айтар экан, унга озор беради. Кўнглини огритади, ранжитади натижада, ўзи гуноҳларга ботадилар. Албатта, азалдан масжидга қатнайдиганлар янги намоз бошлаган сафдош дўстларимизга ҳатоларини тушунтириб, ўргатишга ҳаракат қиламиз, мана шу ишда жуда эҳтиёткорлик билан, юмшоқлик билан, уни шахсиятига тегмайдиган қилиб, ҳижолат қилмай ўргатишимиз зарур бўлади.

Бир куни кекса мусулмон булоқ бўйида таҳорат қилар эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари Ҳазрат Ҳасан билан Ҳазрат Ҳусан разияллоҳу анҳу шу ерда ўйнар эдилар. Қарасалар чол таҳорат олишда янглишяпти. Қария таҳоратини тугаллаб, халтасидан сочиғини олиб артинар экан, болалар унга:

– Ассалому алайкум, Аллоҳнинг саломи сизга бахшида бўлсин, ота. Таҳоратингизни Аллоҳ қабул қилган бўлсин! – дедилар.  Чол:

– Болаларим соғ бўлинг, Аллоҳ сизлардан рози бўлсин,-деди. Унга болалар:

– Отажон, сиздан бир илтимосимиз бор. Биз ака-ука тараддудланиб қолдик. Биз иккимиз таҳорат олсакда, сиз қараб турсангиз. Қайси биримизнинг таҳоратимиз тўғри бўлур?-деб, болаларнинг ҳар иккиси таҳорат олди. Чол диққат билан уларни кузатди. Болалар:

-Отажон, қайси биримиз тўғри таҳорат олдик, шуни айтиб беринг, токи бундан кейин янглиш таҳорат олмайлик, бир калима ўргатсангиз, сизга савоби тегади. Буни сиз яхши биласиз, чунки ёшингиз улуғ, биз эса ёш боламиз, – дейишди. Мусулмон чол уларга:

– Болаларим иккалангизни ҳам таҳоратингиз тўғридир. Иккалангиз ҳам бир хил таҳорат олдингиз. Таҳоратни янглиш олган менман, бу ёшга келсам ҳам тўғри таҳорат олишни ўрганмапман. Ҳозир сизлар менга тўғри таҳорат олишни ўргатдингиз. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. Сиз кимнинг авлодларисиз, исмларингиз нима? Сиз менга кўп яхшилик қилдингиз,-деди. Болалар:

– Отамиз Ҳазрат Алидир. Биз Ҳасан – Ҳусайнлармиз.  Бобомиз охири замон Пайғамбари Ҳазрат Муҳаммад Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам , – дедилар.

Мусулмон чолнинг кўзларидан тасбеҳ донаси каби ёшлар келди.

– Кўнглимни оғритмай, мендай чолни ҳеч хафа қилмасдан, янглиш олган таҳоратимни тузатдингиз, менга таҳорат олишни ўргатдингиз. Аллоҳ Сизлардан рози бўлсин, хушнуд бўлсин , – деб болаларни узоқ дуо қилди.

Қаранг бу ҳикояда қанчалик ибрат ва наф бор.                                                   Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли набиралари кекса одам билан қанчалик гўзал ҳулқ ва одоб доирасида мулоқот қилдилар. Улар қариянинг кўнглини оғритмай, қалбига озор бермай назокат билан хатосини тузатдилар, отанинг дуосини олдилар.

Демак ҳар бир мусулмон ширин сўзлик, ҳуш ҳулқлик ва очиқ юзлик билан бир биримизни хатоларимизни тузатмоқлигимиз керак экан. Аллоҳ  ҳаммамизга Исломнинг назокат ва ҳуш феъллигини насиб этсин. Омин!

Искандарбек домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жомеъ масжиди имом-хатиби.