Нажот нимада?

885

Хўш, нажот нимада? Бу ҳаммани қизиқтирадиган савол. Ҳақиқатда нажот нимада? Нималар қилсак бахтга, саодатга, нажотга эришамиз? Бу саволга ҳамма ўзидан келиб чиқиб жавоб беради ёки йўқ…
Ҳамма ҳам нажотга эришишни хоҳлайди. Лекин нажотга эришиш учун аввало унинг йўлига юриш керак.
Тарихда бу савол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган экан. У зоти шариф бу саволга қисқа ва лўнда қилиб жавоб бериб қўйган эканлар.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ قَالَ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا النَّجَاةُ؟ قَالَ: «أَمْسِكْ عَلَيْكَ لِسَانَكَ وَلْيَسَعْكَ بَيْتُكَ وَابْكِ عَلَى خَطِيئَتِكَ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ё Расулуллоҳ! Нажот нима (нарсада), деб сўрадим. “Тилингни тий, уйинг сени сиғдирсин ва хатоларинга йиғла”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Дарҳақиқат, ҳадисда айтилган тавсиялар бугунги кунда дунё аҳлини ташвишга солиб, ҳали ечими тўла топилмаган КОРОНАВИРУС пандемияси авж олиб турган бир вақтда жуда муҳим саналади.
Демак, киши бирор олимга йўлиқса, ундан дини ва дунёсида нажот берадиган нарсалар ҳақида сўраб олиши керак экан. Вақтни зое қилиб, фурсатни бой бериб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳалокатга дучор қилмаслиги лозим экан.
“Нажот нима (нарсада)?…” Бу ердаги нажот икки дунё нажотидир. Чунки дунёда нажот топган киши албатта охиратда ҳам нажот топади. Зеро, дунё охиратнинг муқаддимасидир. Динимиз амал қилиш осон ва қулай диндир. Боиси шариъат ишларида банданинг тоқатини инобатга олинади. Нажот йўллари жуда кўп. Уларнинг асосийлари қуйида санаб ўтилади.
“Тилингни тий…” Тил ўзи кичик бўлсада, ундан содир бўладиган аъзодир. Айниқса, бу каби пандемия вақтида турли хил асоссиз хабарларни тарқатиш борасида тилга ҳушёр бўлиш керак. Тўғри келган миш-мишларга ишониб, одамлар қалбига ваҳима, қўрқинч солиш яхши иш ҳисобланмайди. Ҳадисларда мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас, яъни, ҳаром иш дейилган.
“Уйинг сени сиғдирсин…” Инсон умрининг энг кўп қисми ўтадиган жой бу унинг уйидир. Аслини олиб қараганда, киши зарурат бўлмаган ҳолларда кўчага чиқмаслиги керак. Вабо, фитна ва бошқа кўчага чиқишдан тўсувчи омиллар юзага келганда эса киши уйидан чиқмаслиги лозим бўлади. Баъзилардан ҳайрон қоласан киши. Кўчага чиқма, уйинда ўтир дейилса, кўчага чиқади. Муносиб вақтда кўчага чиқ, касб қил дейилса, уйида ўтириб олади. Уйимизда ўтириб сабр қилиб турсак, тез орада бу каби ҳолатлардан чиқиб оламиз. Аллоҳ бизга бу вирусдан нажот беради.
“Хатоларинга йиғла…” Инсон борки, хато-камчиликдан холи эмас. Хато вақтида тавба-тазарру қилиш нажотга сабаб бўлар экан. Ҳакимлардан бири айтади: “Шундай кишилар бўладики, бошқаларни камчилик ва хатоларини ҳудди хазина излагандне қидиради”. Демак, бошқаларни айбини ахтариш ҳеч қачон нажот олиб келмайди. Балки азобга сабаб бўлади.
Бундай оммавий синов келган пайтда кераксиз ишларни бир четга суриб, дуои такбирлар қилиб, кўпроқ истиғфорлар айтиб, тавба-тазаррулар этиб, кўз ёшимиз билан Яратгандан юртимиз ва бошқа юртлардан бутун инсониятни ташвишга солиб турган бу вирусдан халос қилиб нажот беришини тилаш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги вазифа ҳисобланади.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги ходими Искандарбек Закиров