Мусулмоннинг унвони

1365

Муомала бир неча турли бўлиб, инсонни Роббиси билан, инсонни ўз нафси билан ҳамда бошқа инсонлар билан бўлган муносабати тушинилади. Ушбу барча муомалаларнинг бошида  Аллоҳдан тақво қилмоқлик туради, чунки тақво муомалаларнинг ҳаммасини адолат билан бўлишини таъминлайди. Маълумки, инсон жамиятнинг бир аъзоси ҳисобланади, агар инсон бузилса жамият бузилади. Бир одамнинг ўзи ёлғиз ҳолатда бахтли ҳаёт кечира олмайди, балки у тўла бахтни ҳис қилиш учун, ҳаёт кечирар экан албатта, атрофдагилар билан муомала қилмоқлиги лозим. Динимизнинг гўзал таълимотлари инсонни тартибли муомалага ўргатади ва адоват, ажралиш, нафрат каби иллатларни олдини олиб муолажа қилади. Мусулмон одам ўзи ва бошқалар орасидаги шунингдек, комил мусулмон зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билиши керак. Яъни ўзининг ҳаққини, ўзгани ҳаққини танийди ва ўзгани ҳаққини ўзининг ҳаққидан устун кўяди.

     Қуръони каримнинг Бақара сураси 281 оятида Аллоҳ айтади:

           .  وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ تُوَفَّى كُلُّ نَفْسٍ مَا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ

             Яъни: “Аллоҳга қайтариладиган кунингиздан қўрқинг.

             Сўнгра ҳар бир жон қилганига яраша тўлиқ оладир.

             Уларга зулм қилинмас…”

     Қиёмат кунида Аллоҳнинг олдида ҳар бир амали учун жавоб беришликни мулохаза қилган инсон зинҳор ўзганинг ҳаққига тажовуз қилмайди, ўзгалардан ҳақ талаб қилиб муросасизликка бормайди,  аксинча бировнинг ҳаққи қиёматга қолмасин деб уни адо этиш ҳаракатида бўлади. Хозирги кунда оилада, қўшнилар ўртасида, савдо ишларимизда, умумий ҳаёт тарзимизда шу муҳим бўлган, мусулмон одам учун унвон бўлган тушунчадан узоқлашгандаймиз. Қандайдир муаммо билан мутасадди ташкилотларга, дин пешволарига ё холис инсонларга  фақат ўзимизни ҳаққимизни талаб қилиб мурожаат қиламиз, ўзгаларнинг ҳаққи бизда қолмаслиги учун нима қилайлик? демаймиз. Оммавий маданият таъсирида динимиз таълимотини, дунё халқлари орасида топилмайдиган халқимизнинг ананаларию, одатларини эсимиздан чиқариб қўймаяпмизмикан? Шу сабаб, ота оналар фарзандларидан нолишмоқда, ака-укалар арзимаган ашё учун юз кўришмас бўлиб кетишмоқда, қўшнилар бир қарич ер учун алоқаларини узишмоқда, бир неча йиллар давомида ҳамкорлик қилган шериклар орасига хиёнат аралашиб муносабатлари бузилмоқда.

   Пайғамбаримиз алайҳи салом марҳамат қиладилар:

المُسْلِمُ أَخُو المُسْلِمِ. لاَ يَظْلِمُهُ، وَلاَ يَخْذُلُهُ، وَلاَ يَحْقِرُهُ

رواه مسلم                     

Яъни: “Мусулмон мусулмонга биродардир, унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қолдирмайди, уни пастга урмайди”. (Муслим ривояти)

      Мусулмон одам ҳақ талаб қилишдан аввал ҳақ адо этдимми деган саволни ўзига беради, тортишмайди, талашмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳатто у кишига қанча азият етказган мушрикларга ҳам ҳидоят сўраб дуо қилдилар, дуоибад қилмадилар. Оламларга раҳмат қилиб юборилган зотдан намуна олган саҳобалар Аллоҳ улардан рози бўлсин ўзларини ўйламасаларда ўзгаларни манфаъати йўлида ҳиммат кўрсатар эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шундай деб дуо қилган эканлар:

” Эй Роббим қиёмат куни жуссамни катта қилгинки дўзахни ўзим тўлдириб қўяй, ваъдангга мувофиқ Муҳаммад алайҳи салом умматини азоблаб қўйма.” (Тафсир Руҳул Баён. 8 жузъ, 341 саҳифа)

     Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У кишининг саҳобаларидан андоза олган улуғ зотлардан бирлари бозорда ҳамёнларини ўғирлатиб қўйиб, йиғлаб ўтирсалар бир киши келиб : ” Эй устоз биз сизни зоҳид кишилардан деб биламиз, наҳотки ўғирлатган пулингизга ачиниб йиғласангиз” деди. Шунда улуғ зот  “Мен ўғирлатган пулимга йиғлмадим, агар пулимни ёнимда олиб чиқмасам, у одам ўғирлик қилмас эди, қиёматда азобланиб қолишига мен сабабчи бўлиб қолдим, шунга йиғлаяпман” деган эканлар.

Юқорида келтирилган мисоллар ҳозирги кунда биз учун жуда зарур бўлган насиҳатлардир, ким шу андозаларга мувофиқ ҳаёт кечирётган бўлса мусулмонниг унвони муборак бўлсин! Аммо, минг афсуслар бўлсин дилимизни ранжитадиган холатлар ҳам йўқ эмас. Арзимаган нарсалар туфайли талашиб, тортишиб ва ўзаро оилада, маҳалла, туман, вилоят миқёсида ҳал бўладиган муаммоларни катталаштириб ҳатто “Порталга ёзаман” деб дағдаға қиладиганлар ҳам учраб турибди. Юртбошимиз томонидан 2017 йил “Ҳалқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили деб эълон қилинди. Демак, ушбу жаннатмонанд юртда, тинчлик, хотиржамликда яшаётган ҳар бир инсон  аввало ўзига шу юрт учун, шу ҳалқ учун нима қилдим? деган саволни бериб сўнг ўз мурожаатини қилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

       Ҳа, азизлар! Динимиз эзгуликка, муросага, чиройлик муомалага ўргатадиган дин. Бу улуғ неъматни  шукронасини гўзал таълимотга амал қилиш билан адо этсак, Худо ҳоҳласа ҳаётимиз яна ҳам фаровон, ватанимиз обод, икки дунё саодатини қўлга киритамиз.

Андижон вилоят

бош имом-хатиби ўринбасари

Мирзомақсуд ҳожи Алимов