Билишимиз зарур.
Ҳанафий мазҳаби уламоларининг сўзларига кўра, ҳайит намози вожиб намоз ҳисобланади ва шу боис уни адо этиш учун жума намозининг хутбадан бошқа шартлари топилиши лозим. Акс ҳолда, ҳайит намозини адо этиш вожиб бўлмайди, соқит бўлади ва агар адо этилса ҳам шарти топилган намоз сифатида мақбул саналмайди.
Жума намозининг шартлари қуйидагилар:
1. Шаҳар ёки шаҳарлашган қишлоқ бўлиши.
2. Султон, амир, яъни давлат, ҳокимият мавжуд бўлиши.
3. Вақт. Жума намозининг вақти жума куни тушдан кейин асргача.
4. Хутба.
5. Жамоат. Энг камида имомдан ташқари 3 киши бўлиши керак.
6. Умумий рухсат. Яъни амир тарафидан рухсат этилиши ва намозга қатнашиш барча учун очиқ бўлиши, маълум тоифа мусулмонларга хос жамоат бўлмаслиги даркор.
Ҳанафий мазҳабининг энг мўътабар манбаларидан «Баҳрур-роиқ»да шундай дейилади: «Aгар ийд намозини имом билан бирга тарк этган бўлса, қазосини ўқимайди».
Шариатда бу каби махсус сифат билан ўқиладиган намоз фақатгина шартлар топилганидагина қурбат амали деб эътибор қилинади.
Киши ийд намозни якка ҳолатда, ёлғиз ўзи ўқиган тақдирда бу шартлар тугал бўлмайди. Буни юқоридаги матндан ҳам англаса бўлади.
Бинобарин, ийд намозни ёлғиз ҳолда адо этиш дуруст ҳисобланмайди.
Ҳайит намози ўқилмаса-да, фитр садақаси берилади. Уни арафа ёки ҳайит куни тонгда бериш афзал. Ундан олдин берилса ҳам бўлаверади.
Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов Олтинкўл туман бош имом-хатиби