Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам катта синовларга дучор бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам мукаррамроқ ва Аллоҳга миннат қилишга ҳақлироқ инсон борми?! У зот қамалга тушиб қолдилар. Очликдан вазият шу даражага етдики, одамлар дарахт баргларини ея бошладилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабр қилдилар.
“Уҳуд” кунида нима бўлди? Мўминларнинг қалбини ларзага солган кофирларнинг сафи қанчалик кўп эди?! Лекин ниҳоясида ғолиблик сабрлиларга насб қилди. Сабр ғалабанинг асосидир. Ҳатто Аллоҳ таоло ва Охират кунига ишонмайдиганлар учун ҳам сабр ғалаба келтиради. Мисол учун машҳур форс саркардаси (у мусулмон бўлмаган)дан сўрашибди: «Сен душман билан яккама-якка жангга чиққанингда, уни қандай қилиб енгасан?» У: «Бундай вазиятларда нафсим менга: «Қочиб қол! У сени ўлдириб қўяди», деб кўрсатма беради. Мен: «Озроқ сабр қил! Балки у биринчи бўлиб қочиб қолар», дейман ва душманим қочиб кетгунча нафсим билан шу тарза мужодала қиламан», деган экан. Субҳаналлоҳ! Ғалабага шундай эришилади. Агар мусибатга йўлиқсангиз, озроқ сабр қилинг, мусибатнинг ўзи сиздан чекинади. Аллоҳ шундай деган: «Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар. Шунингдек, сизлардан олдин Китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли (аччиқ) гапларни эшитасизлар. Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир» (Оли Имрон, 186). Яъни, сабр ва тақво пухта ишлардандир. Пухта иш қиладиганлар эса саноқлидир. Лекин улар ҳаётдаги у ёки бу мувозанатни ушлаб турадилар, душманнинг ўқига ўзларини қалқон қиладиган кимсаларга ўхшайдилар. Улар душман қўлида ўлсалар-да бошқаларни огоҳ қилишга улгуришади. Мўминлар ҳар қандай ишнинг бошида сабр қиладилар. Муваффақият ва ғалабадан дарак бўлмаса ҳам, сабр қилишда давом этаверадилар, озор ва синовларга чидайдилар. Буни саҳобийларнинг мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ёшлигидаёқ Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб, ансорларни Исломга чақирди. Ҳаракатлари зое кетмади. Мадинада Ислом кирмаган ва Қуръон ўқилмайдиган хонадон қолмади. Бу саҳобий Уҳуд жангида шаҳид бўлди. Ғалабани кўрмасдан кетди. Лекин унинг ортида қолган Утба ибн Ғазвон, Абдураҳмон ибн Авф каби саҳобийлар ғалабани кўришди, Кисро ва Қайсарнинг устидан қозонилган ғалабаларга ҳам гувоҳ бўлишди. Лекин йўлнинг бошида ҳалок бўлганлар эса ҳеч нарса кўришмади.
Сабр энг олий фазилатлардан, сабр туфайли зафарга эришилади, унинг меваси ниҳоятда ширин бўлади. Сабрнинг акси сабрсизликдир. Сабр – нафснинг юксак хулқларидан бири. Пайғамбар (алайҳис салом) сабрни уч турга бўлиб, ибодатда чидам, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат-машаққатларга чидамга буюрганлар. Ҳадиси шарифда: «Сабр иймоннинг ярмидир», дейилган.
Мусулмон киши турмушини яхшилаш йўлида имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб ҳаракат қилаверади, аммо ризқни Аллоҳ таоло беришини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига етган ризқ-насибани Аллоҳ таолодан деб билади. Оз бўлса ҳам бошини тик тутиб кунини кўради, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки мусулмон одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқмайди. Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигида эканини эсдан чиқармайди.
Ҳақиқатан, инсонга бирор хасталик келиши билан дарров «оҳ-вой»га тушади, тузалгунча сабр қилолмай ўзини ҳар томонга уради. Бирор ишга киришса, тезроқ ҳал бўлишини истайди. Бошқалар манфаатини ҳатлаб бўлса ҳам ўзининг иши тезроқ битишини хоҳлайди. Кун сал исиб кетса ҳам, совиб кетса ҳам, қорни очиб кетса ҳам, тўйиб кетса ҳам бесабрлик ва бетоқатлик қилаверади. Ҳақиқатан Аллоҳ раҳматидан ноумид кимсалар бошларига сал мусибат ё синов келса, бесабрлик қилишади. Фиғон чекиб, қисматларидан нолишга тушишади. Бундай ҳолатларга сабр-бардошни қарши қўйиш керак. Шунинг учун Ислом мўмин-мусулмонларни ҳамиша сабрли бўлиш, Аллоҳ тақдир қилган ҳамма нарсага кўнишга чақиради. Зеро, сабр мўминларнинг энг мақталган фазилатларидандир.
Бирор инсон ғам-кулфатлардан, бало ва мусибатлардан ҳимояланган эмас. Кимнингдир уйи, мол-мулки арзимас бир сабаб билан ёнғинга учраб ёниб кетиши мумкин. Ёки кимдир энг суюмли фарзандидан ёки яқинларидан жудо бўлиб қолиши мумкин. Баъзиларга Худо тузалмас бир дардни бериб қўйган. Кимдир узоқ йиллар эгаллаган мансабидан кетиши мумкин. Бошқаси хотини (ёки эри) билан ажрашишган. Ўқишга кираман деб имтиҳондан йиқилган, дўсти бевафолик қилган, пулини ўғирлатган, деҳқончилиги офатга учраган, тижорати синган, машинасини уриб олган одамлар ҳам атрофимизда истаганча топилади. Мўминликнинг шарти – ана шундай бало ва мусибатларга сабр қилиш, Аллоҳдан яхшилик ва ёруғликни тилаб дуолар қилиш, ҳамиша Унга тақвода бўлишдир.
Ҳақиқатан бўлар-бўлмас ишларга диққат бўлавериш, ўтган кундаги битмаган юмушларига, хатоларига, эриша олмаган мақсадларига афсус чекавериш инсоннинг миясини доимо кемирадиган, ҳаётини оғирлаштирадиган, кунини зулмат, сиҳат-саломатлигини йўқотадиган, тунини ғурбат қиладиган бефойда ва зарарли ҳолатлардир. Бошингизга бир мусибат ёки бало келса, унга мардона дош беринг, сабр қилинг. Аллоҳдан уни кўтариб ташлашни, нажот беришини сўранг. «Бу кун ҳам ўтиб кетади» нақлига амал қилиб, ўзингизга тасалли беринг. Бу кун ҳам, эрта ҳам барибир ўтади, «қора» кунлар ортидан албатта ёруғи келади, мусибат-балолар унут бўлади.
Нурилло домла БОЙМАТОВ,
Андижон тумани “Файзибой хожи”
жоме масжиди имом-хатиби