Муборак Рамазон ойи кириши биланоқ юртимизга дарҳол ўзгача тароват ва файз кира бошлайди. Бозорлар ҳар қачонгидан ҳам кўра гавжум. Ҳар қадамда миллий қандолат маҳсулотлари. Айниқса нишолдасиз бозорни тасаввур қила олмайсиз. Халқимизнинг ҳам кайфияти кўтаринки. Йўловчи машиналар серқатнов.

Бўлиб ҳам ифторга яқин йўллар бирам серқатнов бўладики, бир зум ҳам қатнов тўхтамайди. Ҳар бир кўчада, ҳар бир гўшада, ҳар бир соҳада, ҳар бир хонадонда, қўйингки ҳар бир пок ниятли инсонда Рамазон ойининг  баракалари зуҳур қилади. Бу баракалар бир-бирига шунчалик пайваста бўлиб кетганки, бу боғланишлар янада қут-баракани оширади.

Меҳр-оқибатни таърифлашга ҳам ожизлик қиламан. Дарҳақиқат, қай бирини айтай? Қариндошлик алоқаларини айтайми, муҳтожларнинг кўнглини олишни айтайми? Саҳоватни айтайми, ҳурмат-эҳтиромни айтайми? Ўзаро аҳилликни айтайми, олийжанобликни айтайми?..

            Ҳа, бу ой шунчалик муборакки, унинг баракаси Тангри таолонинг ҳузуридан келаётганлиги учун ҳам ҳеч қайси миллат, элат ва динларнинг ҳеч қандай тадбири тўлиқ бир ойлик Рамазон билан баҳслашишга тоқати етмагай!

         وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا دخل شهر رمضان فتحت أبواب السماء . وفي رواية فتحت أبواب الجنة وغلقت أبواب جهنم وسلسلت الشياطين . وفي رواية فتحت أبواب الرحمة . ( متفق عليه )

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам:

“Қачонки Рамазон кирса осмонларнинг  (бир ривоятда Жаннатнинг) эшиклари очилади, Дўзахнинг эшиклари беркитилади, шайтонлар занжирбанд қилинадилар”, – деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)    

Бу ой гуноҳлардан покланиш ойи.

         وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من صام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه . ومن قام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه.   ( متفق عليه )

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам:

“Кимки Рамазон(рўзаси)ни имон ва иҳтисоб (умид) билан тутса унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”, – деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)    

Бу ойнинг баракалигининг сабабларидан яна бири саҳарлик вақтида мусулмонларнинг бедорлиги ҳамдир.

         عن أنس قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم تسحروا فإن في السحور بركة .   ( صحيح )

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам:

“Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бордур”, – деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)   

         وعن عمرو بن العاص قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم فصل ما بين صيامنا وصيام أهل الكتاب أكلة السحر . رواه مسلم .    

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса:

“Бизнинг рўзамиз билан Китоб аҳли(яҳудий ва насронийлар)нинг рўзалари орасидаги афзаллик саҳарда овқатланишликдур”, – деганлар. (Муслим ривояти)    

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаламнинг саҳобаси бўлган бир кишидан ривоят қилинган ҳадисда эса:

Набий саллаллоҳу алайҳи васаламнинг ҳузурларига борсам Ул зот саҳарлик қилаётган эканлар.

“Бу  –  Аллоҳ  сизларга ато қилган баракадур, бас сизлар ташлаб юборманглар”, – дедилар. (Насаий ривояти)  

Рамазон ойи тобора иссиқ кунларга яқинлашган сари ифторликнинг завқи ҳам ортиб боради. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу: “Менга бу дунёда учта нарса маҳбуб бўлди – меҳмонларнинг хизмати, қилич билан уриш ва ёз фаслида рўза тутиш”, деганлар.

Ҳақиқатан ҳам ёзнинг рўзасини тутган кишигина бу ҳақиқатни ҳис қилади.   Ёзнинг рўзасини тутган кишигина рўзадорга икки хурсандчиликнинг бири ифтор вақтида бўлса, иккинчиси Аллоҳ таолога йўлиққанда бўлиши хабарини эшитар экан, ифторликнинг шундай олий мартаба билан ёнма-ён қўйилганлигининг маъносини англайди.

Ўзи аслида “рамазон” сўзининг луғавий маъноси ҳам “жазирама, иссиқ” бўлади. Уламоларимиз бу ой қадимда ўта иссиққа тўғри келганда араблар “рамазон” деб номлаган деганлар.

         وعن سهل قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم لا يزال الناس بخير ما عجلوا الفطر .   ( متفق عليه )

Саҳл разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам:

“Инсонлар ифторликка шошилар экан, яхшиликдан қолмайдилар”, – деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)   

         وعن أبي هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم ثلاثة لا ترد دعوتهم الصائم حين يفطر والإمام العادل ودعوة المظلوم يرفعها الله فوق الغمام وتفتح لها أبواب السماء ويقول الرب وعزتي لأنصرنك ولو بعد حين . رواه الترمذي .   ( لم تتم دراسته )

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам:

“Уч кишининг дуоси рад қилинмагай – ифторлик қилаётган рўзадорнинг, одил подшоҳнинг ва мазлумнинг дуоси”, – деганлар. (Термизий ривояти)    

Юртимизда тинчлик ва осойишталикни доимо барқарор қилсин.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ