Муаллим ҳақида сўзим ушбудир…

2629

Юртимизда ҳар йил октябр ойининг аввалида устоз ва мураббийлар куни ўзгача тараддуд билан кенг нишонланади.

Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзгани камолга етказишга тайёр фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир кимса шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби ҳурсанд бўлмайди,  қалби қувончга тўлмайди. Муаллим сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, хуш одобу, хуш ахлоқ, шудринг томчисидай беғуборлик, соддадиллик каби хилқатларга йўғрилиб кетган.

Муаллим – бу шунчаки оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсоли. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илм-маърифат, у жоҳилликнинг зидди. Устоз бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт қуёши порлаган мамлакатдир. Юртимизда 1-октябръ ­­– Ўқитувчи  ва мураббийлар куни катта шодиёна билан нишонланади.

Устозни ҳурмат қилиш сизу бизнинг бурчимиздир. Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан кейин туриши айтилган. Сабаби ота-онангиз сизнинг дунёга келишингизга сабабчи бўлса, устозингиз, қадрли муаллимингиз сизга оқ-қорани ўргатган, сизни ўқиш, ёзиш ва фикрлашга ўргатган инсондир. Шундай экан, устозни ҳурмат қилиш, унга миннатдорчилик изҳор қилишимиз лозим.

Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар.

Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар. Қаранг азизлар, қандай ибратли воқеа?! Демак, устоз узоқда бўлса ҳам, ҳузурида тургандек ҳурмат бажо келтириш, уни доим эъзозлаш лозим экан. Бир ҳакимдан: “Нима учун устозингни отангдан ҳам яхши кўрасан?” деб сўрадилар. Шунда у: “Устоз абадий тириклигимнинг сабаби, отам эса ўткинчи ҳаётимнинг сабаби!” деб жавоб қилди. Илмнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк “Хамса” асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Хирот кўчаларини айлантирган экан. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизларга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, мана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозларни алоҳида эсга олиш, уларни иззат-икромларини ўрнига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Уларга энг яхши таърифни эса қалам аҳли берган:

Муаллим ҳақида сўзим ушбудир,

Муаллим камолот ичра кўзгудир.

Азиз устозлар, барчангизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар  куни билан  муборакбод  этамиз.

Олтинкўл туман бош имом-хатиби

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ