Бугун сизлар билан Исломда энг гўзал амаллардан бири, чиройли хулқ ҳақида суҳбатлашамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўз пайғамбари сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳи алайҳи васалламга:
وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِیمࣲ
«Албатта сиз буюк хулқ устидасиз» (Қалам сураси, 4-оят) деб марҳамат қилганлар. Динимизда энг буюк ва мақтовга лойиқ амал ҳусни хулқ ҳисобланади, зеро пайғамбаримиз ҳам ҳадисларида мўминларнинг ичида энг имони мукаммали бу чиройли хулқлисидир деб марҳамат қилганлар. Имоми Жобир ривоят қилган ҳадисда эса «Сизларни менга маҳбубингиз ва қиёмат кунида менга яқин бўлганингиз чиройли хулқли ва гўзал ахлоқли бўлганингиздир» деганлар. Ушбу оят ва ҳадислардан инсонни азизлиги, унинг хулқи ва одоби билан эканлиги маълум бўлади. Азизлар, халқимизда бир сўз борки инсон бир инсонни хулқидан, одобидан хурсанд бўлганида айтилади, сени катта қилган ва сени тарбия қилган ота онанга раҳмат дейилади. Бу эса дунёда ва охиратда ҳам улуғ саодатдир. Афсуски ҳозирги энг саодатли дамларда, қорнимиз тўқ, устимиз бут бўлган замонда тинчлик ва осойишталик вақтда, бу фаровон кунларни қадрига етмасдан бадхулқ инсонларни кўпайиётгани, ёшларимизни катталарга нисбатан ҳурматсизлик қилаётганлари баъзи вақтларда учраб турибди. Бу эса жуда ачинарли албатта. Сўзимни охирида ота-оналарга мени илтимосим аввало ўзларимизни хулқимизни яхшилаб, сўнг эса фарзандларимизнинг тарбиясига эътибор қилайлик.
Отабек домла Хусанов
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби