МИССИОНЕРЛАРНИНГ  ҚОРА ҚИЛМИШЛАРИ

1072

Одамзони тўғри йўлдан тойдиришга, онгини заҳарлаб минг йиллик маънавиятидан, диний эътиқодидан мосуво қилишга  уринишлар ҳамма замонларда ҳам бўлган. Бу ҳатти-ҳаракатлар ўз ўрнида   “фойда” келтирган. Дунёнинг турли минтақаларида сиёсий барқарорликни издан чиқариб, одамларнинг тинчини бузаётганлиги,  парокандаликка юз тутаётганлиги бунга яққол мисол бўла олади. Маданият, тараққиёт олиб кириш баҳонасидаги “беозор” тарғиботлардан иборат миссионерликнинг асл мақсади ҳам халқларни ана шундай маънавий таназзулга етаклашдир.

Миссионерлик бугун жамиятда чуқур илдиз отиб улгурган. Ҳозир миссионерлар кириб бормаган жабҳа, улар фаолият юритмаётган мамлакатнинг ўзи  дунёда йўқ ҳисоб. Маълумки, “Салб юришлари” мисолида кўришимиз мумкин-ки, бошқа ҳудудларни босиб олиш учун совуқ қуроллардан фойдаланган бўлса-да, ҳозирги кунда бундай қуролни ишлатиш ўрнига  миссионерлар  ўз мақсадларига эришиш турли усулларидан фойдаланадилар. Масалан, миссионерлик ташкилотларининг нашриёти уни тегишли адабиётлар билан таъминласа, тад­қиқот маркази муайян мамлакат аҳолиси, унинг ҳаёт тарзи, урф-одатлари, заиф томонлари ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва диний адабиётларни маҳаллий тилларга таржима қилиш билан шуғулланади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керак-ки, ҳозир мамлакатимизга олиб кирилаётган миссионерликка тарғиб қилувчи китоблар хориждаги узоқни кўзлаганларнинг саъй-ҳаракатлари билан туб аҳолига мос келадиган маҳаллий тилларда тайёрланмоқда. Иш шу даражадаки, ана шундай китобларнинг саҳифаларини Қуръони Карим оятлари ва ҳадислар билан зийнатлаштиришмоқда. Демак, бу билан узоқдаги “ҳомий”лар одамларни ишонтиришнинг осон йўлини – жозибадор тарғибот усулини танлашган.

Бир қарашда уларнинг  ҳеч қандай ғаразли мақсади  йўқдек.  Миллионлаб нусҳаларда чиқарилаётган бундай адабиётлар турли йўллар билан болалар, кекса ва ногиронлар, аёллар орқали маҳаллаларда, кўча-кўйда, ўқув масканларида тарқатилаётгани миссионер ташкилотларнинг ўз тарғиботларини пухта ва режали ташкил қилганидан далолат беради. Чунки ўша китобларнинг кенг аҳоли орасида тарқатишга мўлжалланганини китоблар охирида ёзиб қўйилган ушбу жумла ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб турибди: “Ўзинг ўқиб бўлганингдан кейин ёнингдагига бер.”

Бошқа томондан эса, ижтимоий тармоқлардан мунтазам  равишда  фойдаланишмоқда.  Масалан; Қуръони каримдан бир оятни  ёки тўқима ҳадисдан бир ҳадисни биронта одамга жўнатиб, “буни ўнта дўстингизга жўнатинг. Эрталаб уйқудан турганингизда сиз учун муаммо бўлиб турган масала ўз ечимини топади. Бунга эътиборсиз  бўлманг!  Тажрибада  кўрилган. Агар эътиборсизлик қилиб, бошқалар билан баҳам кўрмасангиз, у ҳолда ҳаётингизда бахтсизлик ҳукмрон бўлади” деган иборларга ўхшаш сўзлар ёзилган бўлади. Бу оятни ёки ҳадисни тушунмаган одам бахтсизликдан қўрқиб ёки ечилмай турган муаммоларни бирдан ечилишини ўзича чамалаб кўради. Кўриниб турибдики, ҳар иккала тушунча ҳам  ўша матнни бошқага жўнатишга мажбур этади.

Ширин орзулар билан уйқудан турган оддий бир инсон муаммолари шундайлигича қолганига гувоҳ бўлиб, ўз-ўзидан  Қуръонга ва ҳадисга ишончи йўқолади ва бошқаларни ҳам бунга ишонтиради. Қарабсизки, икки томонлама даромад ҳосил бўлмоқда.  Биринчи томони ғазнага маблағ, иккинчи томондан эса, балиқ қармоққа илинишга тайёр. Биргина ҳаракат ёки сўз билан қармоққа тушади. Ҳеч бўлмаганда, Қуръон ва ҳадисга бўлган ишончни сусайтира олади. Қайсидир маънода улар яна ғолиб.

Хўш, миссионерлик  жамият барқарорлигига таҳдид экан, улардан огоҳ бўлиш учун нималарга эътибор қаратмоғимиз  керак? Миссионерлик нима ўзи? Ушбу саволларга жавоб топа олмас эканмиз,   улардан  асло ўзимизни ҳимоя қила олмаймиз.

Шу ўринда ушбу тушунчанинг луғавий маъносини англаб олиш лозим. Мис­сионерлик – лотинча “миссио” сўзидаги “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни анг­латади.

Ҳозирги манбааларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилмоқда. Жумладан, “Wоrld Bоок” энциклопедиясида “Миссионер бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон” деган фикр қайд этилган.

Умуман олганда, манбааларда турли кўринишда баён этилаётган бўлса-да, «миссионерлик бир динга эътиқод қилувчилар орасида бошқа динни тарғиб қилиш» деган тушунчага эга бўлишимиз мумкин. Шунингдек, бу тушунча мавжуд дин ва конфессияларга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда динни ниқоб қилиб чиққан гуруҳларга нисбатан ҳам ишлатилади.

Булар турли диний секталар (мазҳаблар)нинг умумий манзараси. Энди мавжуд динлардаги ўзгаришларга келсак, кейинги пайтларда аҳолиси асосан буддавийлик ва ислом динига эргашувчи мамлакатларда христианликни ёйишга интилиш кескинлашди.

Бугунги кунда миссионерликни икки гуруҳга бўлиш мумкин: биринчи гуруҳга миссионерликни шахсий бойиш манбаига айлантирган ташкилотлар кирса, иккинчи гуруҳга миссионерликдан сиёсий восита сифатида фойдаланаётган ташкилотлар мансубдир. Бунинг ортида ўзларининг аниқ режаларига эга бўлган давлатлар ва сиёсий кучлар тургани ҳеч кимга сир эмас.

Шуни ҳам назардан четда қолдирмаслигимиз керакки, бугунги кунда уларнинг ташкилотлари молиявий аҳволини яхшилаш ва ўз ҳаракатларини моддий таъминлаш мақсадида черковнинг  садоқатли вакиллари орқали турли цехлар, босмахоналарга эгалик қилишни йўлга қўйиш учун бор кучларини сарфламоқдалар. Пулдор  ҳомийлари эса, ўз тарафдорларига маълум миқдорда пул мукофотларини беради. Мана шу йўл улар учун  қўл келмоқда. Бошқа томондан эса, ўзларига қарашли фуқаролардан турли ҳил йўллар, масалан, алдов, гипноз, қўрқитишлар, психотроп  дориларни сотиш орқали  ғазнасини тўлдиршмоқда.

Юқоридаги мулоҳазалардан ҳам кўринадики, миссионерлик кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган муам­мо эмас. Унинг аниқ бир қиёфаси бўлмаганидек, халқаро терроризм ва экстремизм каби даҳшатли кучга эга бу балога бир дақиқа бўлсин бефарқ қараб бўлмайди.

Демак, огоҳлик, биринчи навбатда, унинг қора мақсадидан хабардорлик миссионерликка қарши курашишнинг энг тўғри йўлидир.

Андижон туман

бош имом-хатиби

Салимжон Матғозиев