Абу Шурайҳ Ҳузоъий айтадилар: Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, меҳмонини икром қилсин, унинг жоиз бўлгани бир кун, зиёфати уч кундир. Ундан кейингилари садақадир”, – деб айтганларини эшитганман”.
“Меҳмон отадай улуғ”, – дейди халқимиз. Дарҳақиқат, биз ўзбеклар меҳмондўст халқмиз. Савоб умидида ҳаммамиз қариндош – уруғ, ёру биродарларимизникига меҳмонга борамиз ёки уйимизга келган меҳмонларни иззат-икром билан кутиб олиб мезбонлик қиламиз. Шундай экан меҳмон ва мезбонлик одобларига тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Меҳмоннинг одоблари қуйидагилардан иборат экан:
Мезбон кўрсатган жойга ўтириш. Чунки уй эгаси ўз уйининг ҳолатини яхши билади. Бунда камтарлик қилиб, давранинг қуйидан ёки ўзини катта тутиб, юқоридан жой олиш ярамайди.
- Дастурхонга қўйилган таомлардан оҳиста одоб билан танавул қилиш. Егиси келиб ўзини тийиш ёки нафси очлик қилиб кўп ейиш яхши эмас экан.
- Меҳмондорчиликдан сўнг хонадон соҳибининг ҳаққига дуо қилиш. Зеро, мусулмоннинг мусулмонга хайр тилаб қилган дуоси ижобатдир,дейилган.
Мезбоннинг ҳам одоблари қуйидагича экан:
Топган энг яхши нарсаларини меҳмоннинг олдига олиб келиш.Зиёфатда ҳаддан ошириб дастурхонни тўлдириб юбориш керак эмас экан.
- Меҳмонни “Олинг, олинг” деб ортиқча қистайвермаслик, чунки, меҳмоннинг қорни тўқ ёки парҳезда бўлиши мумкин экан. Баъзилар ўйлаганидек, овқат емаслик ёки кам ейиш мезбонга нисбатан ҳурматсизликни билдирмайди экан.
- Намоз вақтини меҳмонга эслатиб туриш. Чунки меҳмон бу борада тортиниб ёки эсдан чиқариб қўйиши мумкин экан.
Аллоҳ таоло барчамизга меҳмонлик ва мезбонлик одобларини ўрганиб, унга риоя қилиб яшашликка насиб этсин.
Искандарбек домла Ортиқов
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом-хатиби