Ҳаёт ва тараққиёт бардавом экан, ҳар қандай соҳада бўлгани каби динда ҳам ўзига яраша аввал кўрилмаган муаммо ва масалалар чиқиб туриши табиий. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша шарт-шароити бўлгани каби ҳар қандай муомалалар ҳам давр ўтиши натижасида, ҳар бир юртнинг этнографиясига нисбатан олганда турли кўринишда бўлиши табиийдир.

    Хусусан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саодат даврлари билан кейинги даврларда инсонларнинг турмуш тарзида, жамият тараққиётида ўзига яраша ўзгаришлар бўлган. Шариат аҳкомлари, Ислом дини қонунлари қиёмат кунигача ўз мавқеида туришига шубҳамиз йўқ. Лекин бир масала юзасидан ёки унинг ўхшаши юзасидан қайси ҳолатда қандай муносабатда бўлиш ҳам ўша азалий қонунларда таъкидланган.

    Шунга кўра шариатимизда даврлар ўтиши натижасида фиқҳий мазҳабларга эҳтиёж пайдо бўлди.

    “Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зот алайҳиссаломнинг ўзлари кўрсатар эдилар. Саҳобаи киромлар эса, У Зот алайҳиссаломдан содир бўлган ҳар бир гап ва ишларни катта эътибор билан қабул қилиб, ўз ҳаётларига тадбиқ қилардилар.

    Баъзан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишга буюрсалар саҳобаи киромлар уни турлича тушуниб, ўзаро фикр мулоҳаза қилар эдилар. Бунга мисол, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шундай дедилар:

“لَا يُصَلِّيَنَّ أَحَدٌ الْعَصْرَ إِلاَ فِي بَنِي قُرَيْظَةَ” (رواه الإمامُ البخاري عن ابن عمرَ رضي الله عنهما)

яъни: “Бирор киши аср намозини Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!” (Имом Бухорий ривоятлари).

     Шунда баъзи саҳобалар: “Аср намозини фақат, Бану Қурайзада ўқиймиз”, – деб аср намози вақти кирган бўлса ҳам уни ўқимасдан йўлда давом этдилар. Баъзи саҳобалар эса: “Расулуллоҳ бу гаплари билан бизни тез юришга ундадилар, асрни ўқиб олиб, тез юриб кетаверсак зарари йўқ” , – деб йўлда асрни ўқиб олдилар. Кейин Расулулллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга икки томоннинг ҳам ишлари баён қилинганда, иккиси ҳам тўғрилигини айтдилар.

    Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик даврлариданоқ саҳобаи киромлар баъзи масалаларда ўзлари ижтиҳод қилиб, фикрларини билдирганлар  (“ижтиҳод”  – деб   фақиҳ киши шаръий ҳукмларни билишга бор кучини сарфлашига айтилади). 

    Иккинчи мисол, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал  разияллоҳу анҳуни яманликларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўхтатиб шундай деганлар:

‏ كَيْفَ تَقْضِي إِذَا عَرَضَ لَكَ قَضَاءٌ‏”‏‏ قَالَ: “أَقْضِي بِكِتَابِ اللَّهِ” ‏ قَالَ: ‏”‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏”‏ قَالَ: “فَبِسُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم”‏ قَالَ: ‏”‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَلاَ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏”‏‏ قَالَ: “أَجْتَهِدُ رَأْيِي وَلاَ آلُو” فَضَرَبَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم صَدْرَهُ وَقَالَ: ‏“‏الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللَّهِ لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللَّهِ”‏ (رَوَاهُ الإِمَامُ أبو داود والإِمَامُ الترمذي)

 яъни: “)У ерда сизга( бирор масала дуч келса, қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу:

“Аллоҳнинг Китоби ила”, – деб жавоб бердилар. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳнинг китобидан топа олмасангизчи?” – деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу:

“Расулуллоҳнинг ҳадислари билан”, – деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасангизчи?” – деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу:

“Қараб турмасдан, фикрим ила ижтиҳод қиламан”, –дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва:

“Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дорул бақога риҳлат қилганларидан сўнг саҳобалар ҳам ўзаро маслаҳат қилишган. Буни барчи халифалар даврида кўришимиз мумкин.

     Кейинчалик мазҳаблар шакллана бошлади. аввалига кўплаб мазҳаблар бўлди, кейинчалик улар энг мужтаҳид уламолар атрофида жамлана боришди. Натижада аҳли сунна вал жамоада тўртта йирик мазҳаб вужудга келди. Бу эса бутун уммат учун раҳмат бўлди.

Жума тезисларидан фойдаланилди

Шаҳобиддин домла Парпиев

Асака туман бош имом-хатиби