Мустақиллик бизларга кўплаб қадриятларимиз тикланиши учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Деярли узилишга яқинлашиб қолган маънавий меросларимиз қайтадан тиклана бошлади. Бу фаолият кейинги йилларда яна ҳам кенг миқёсда қулоч очмоқда.

Тобора буюк маънавий меросларимиз сари одимламоқдамиз. Аллоҳга шукрки кўп жабҳаларда анча сезиларли ижобий ўзгаришлар бор.

Фарзандларга қайтган қадриятларнинг самараси ўлароқ халқимиз Ашуро кунини байрамона кайфиятда кутиб олишга одатланмоқда. Ҳар йили кўплаб оилалар Ашуро кунида нафл рўзалар тутиб, ифторлик пайтида оила дастурхонини ҳар доимгидан ҳам кўра, ҳар қандай байрамдан кўра тўкин қилаётганларининг шоҳид бўлмоқдамиз.

Маълумки Муҳаррам ойи Ҳижрий сананинг бошланишидир. Бу ой халқимиз тилида Ашир ойи номи билан машҳурлиги, бу ойда Ашуро куни борилигидир. Ашуро арабча сўз бўлиб, “ўнинчи” деган маънони билдиради.

Яъни муҳаррам ойининг ўнинчи куни алоҳида эҳтимомга моликдир. Ҳожиб ибн Умар Ҳакам ибн Аърождан ривоят қилади:

“Мен Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг олдига борсам у Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган экан. Мен:

  • Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер, – дедим. Шунда у:
  • Агар Муҳаррам ойи ҳилолини кўрсанг, ҳисобини қилиб, тўққизинчи куни рўза тут, – деди. Мен:
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай рўза тутармидилар?” деб сўрагандим, у:
  • Ҳа, деб жавоб берди. (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти).

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийлар Ашурода рўза тутганларини кўрдилар. Улар:

  • Бу – Аллоҳ таоло Мусо алайҳис салом билан Бани Исроилни душманлардан кутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо алайҳис салом бу кунда рўза тутганлар”, дейишди. Шунда Пайғамбармиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
  • Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, –дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга буюрдилар. Шунда:

  • Эй Аллоҳнинг расули, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар.

Келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар”. (Муслим, Абу Довуд ва Табароний ривояти).

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

”Ким Ашуро кунида оиласига нафақани кенг қилса Аллоҳ унга йилнинг қолганини ҳам кенг қилиб қўяди”, ‒ деганлар.

Шунинг учун бу кун ҳам ибодат куни бўлиши билан бирга, ўша кунги дастурхонга имкон даражасида кўпроқ неъматларни тўкиб солинадиган ҳақиқий байрамона шодиёна куни. Уламоларимиз ушбу башоратни ҳаётда синаб кўрдик, деганлар. Ушбу ожизона жумлалар муаллифи ҳам бунинг гувоҳи бўлган.

Манбаалар асосида

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими