Мадина шаҳри

2276

(арабча номи — “Мадинату Росулиллаҳ” ёки Мадинат ун-Набий — пайғамбар шаҳри)

Географик ўрни

Саудия Арабистонининг ғарбий қисмида, Ҳижоз вилоятида, Қизил денгиздан 250 км шарқдаги воҳада, денгиз сатҳидан ўртача 600 м баландликда жойлашган. Майдони 589 км². Расмий тили араб тили.

Демографик ҳолати

Аҳоли сони 2002 йилда 750 000 кишини, 2004 йилда эса 918 889 кишини ташкил қилган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич 1 102 728 тага етди.

Иқлими

Мадина иқлими тропик ва жуда иссиқ, июнь ойидан бошлаб сентябргача ўртача ҳарорат +35, баъзан кундузлари ҳарорат +45 даражагача кўтарилиши мумкин бундан ташқари шаҳарнинг Қизил денгизга яқин бўлганлиги ҳавони намлигига таъсир кўрсатсада ёғинлар кам ёғади, ёғинлар мавсуми куз ва қиш вақтларида бўлади.

Мадинадаги энг иссиқ ҳарорат +47,7˚C июль ойига тўғри келса, энг паст даража эса +8,2˚C ни ташкил қилиб, декабрь ойига тўғри келади.

Тарихи

Шаҳарга асос солинган вақт маълум эмас. Шаҳар “Мадинаи-Мунаввараҳ” — Нурафшон шаҳар, Дор ул-Ҳижра, Қалб ал-Ислом, Дор ал-Ислом, Дор ас-Сунна каби 95 дан ортиқ номлар билан улуғланади. Қадимда “Ясриб” деб аталган. Птолемей ўзинг “География” асарида бу шаҳарни “Ятриппа”, византиялик Стефан эса “Ятриппа полис” деб берган. “Ясриб” номи билан эса у Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сурасида қайд қилинади.

622 йилда шаҳарга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида мусулмонлар ҳижрат қилди. Мадинада мусулмон давлатчилигига асос солинди ва у мусулмонлар жамиятининг биринчи пойтахти сифатида эътироф этилди. VII асрдан бошлаб Мадина мусулмонларнинг Маккадан кейинги энг катта зиёратгоҳи. 632-661 йиллар Мадина  Рошид халифалар давлати деб ном олган мамлакатнинг пойтахти бўлган. Уммавийлар ва Аббосийлар даврида Ҳижознинг маъмурий маркази, Х асрдан Мисрга тобеъ бўлган. Миср турклар тасарруфига ўтгач (1517), Усмонли турк салтанати, кейинроқ Ҳижоз подшолигига (1919) қўшиб олинган. 1927 йили шаҳарни Ибн Саъуд қўшинлари забт этди, 1932 йилдан Саудия Арабистони таркибида.

Иқтисоди

Шаҳарда Подшоҳ Фахднинг Қуръони Карим ва бошқа китоблар чоп этиладиган махсус босмахона мажмуаси бор. Мадина марказида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйи ёнига қурилган масжид йиллар ўтгани сайин катталашиб ва гўзаллашиб бориб, ўзининг ҳозирги кўринишига эга бўлган. Маcжиди Набавийдан бошқа Қубо масжиди, Бақиъ қабристони каби эътиборга молик жойлари мавжуд. Шаҳардаги сув минораси ҳам диққатга сазовор жойлардан. Миноранинг юқори қисмидаги майдондан шаҳарнинг аксарият қисми кўриниб туради.

Мадина аҳолиси, асосан, зиёратчиларга хизмат қилиш, ибодат учун зарур буюмлар (тасбеҳ, жойнамоз, махсус кийимлар) савдоси билан шуғулланади, шаҳар четида деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотлари (хурмо ва сабзавот) етиштирилади. Мадинада ўқув муассасаларидан коллежлар, Мадраса ва билим юртлари, Ислом университети (1961) бор.

Мадина атрофида учта айланма йўл қурилган, энг замонавий алоқа воситалари мавжуд. Шаҳар автомобиль йўллари орқали Макка, Нажаф (Ироқ), Аммон (Иордания) ва Жидда шаҳарлари билан боғланган. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Денгиз сувини чучуклаштириб берувчи иншоот қурилган.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги

ходими Искандарбек Закиров