Ижтимоий тармоқ-оила кушандаси

1456

Бугунги кунда  Ахборот соҳасидаги глобаллашув қанчалик юқори чўққисига чиқиб, бунинг ортидан  миллионлаб ёшларнинг интернетдан бош кўтаролмай қолгани кўришимиз мумкин. Бу ижтимоий тармоқлардан бугунги куннинг ёшлари шу даражада зарар кўрмоқдаларки, оқибатда миллий қадриятлар, оилага бўлган муносабатлар, кескин тескари томонга бурилгани ҳеч кимга сир эмас. Бугун ижтимоий тармоқларда чек–чегараси йўқ маълумотлар тўлиб тошди.   Ундан кимдир сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган бўлса, бошқаси ўз ғояларини зўр бериб тарқатишга уринмоқда.

Шундай чигал ва мураккаб шароитда биз учун энг муҳим вазифа ёшларимизнинг онгига унинг ижоби ва салбий томонларини тушунтиришдан тўхтамаслигимиз керак.

Мутахассисларнг айтишларича, бугунги кунда дунё аҳолисининг 22 фоиздан кўпроғи  интернетдан фойдаланар экан. Интернетдан фойдаланувчиларнинг кўпчилиги ижтимоий тармоқларни кўпроқ кузатар экан. Уларнинг аксарияти ўша ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга ишониб, шулар таъсирига тушиб қолар экан.

Ижтимоий тармоқлар “ўзаро танишиш”, “билдириш”, “дўстлашиш” ва “маълумот алмашиш” учун тузилган бўлиб,  ундан ҳар бир инсон қизиқиши ва манфаатига кўра фойдаланади. Баъзи инсонлар ундан роҳат-фароғат излайди ва қимматли вақтини йўқотиб, кераксиз нарсалар билан банд бўлади. Шундай экан, бугунги кунда турли кўринишдаги ахборот воситаларининг нозик жиҳатларини ҳар бир онгли киши англаб етиши лозим.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, охирги пайтда ижтимоий тармоқлар оилаларга ҳам таҳдид солмоқда. Унинг ортидан бир неча минглаб оилалар дарз кетаётгани, оқибатда болалар тирик етим бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Биз учун оила муқаддас ҳисобланиб, ундаги тартиб қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, унда ўрнатилган ўзига хос қадриятлар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим ўрин тутган. Ижтимоий тармоқлардаги баъзи бир кимсалар оила қадриятларини ва қоидаларни беписандлик билан бузиб, эр ва хотинларни бир-бирига қарши қилиб қўйишмоқда. Ундаги ўлдим-куйдимлар иккисидан бирини енгиб, ўз домига тортмоқда. Натижада оилалар дарз кетиб, ҳеч бўлмаганда эр-хотинлар бир-бирларига нисбатан салбий фикрга эга бўлмоқда.

Ҳозирги глобаллашув даврида инсонларни интернет тармоғидан узиб қўйишнинг имкони йўқ. Фақатгина унинг фойдали жиҳатларини олиб, зарарли тарафларини тарк этиш малакасини ҳосил қилиш билангина ижобий натижага эришиш мумкин. Бунинг учун Аллоҳ таоло “Моида” сурасида “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (2-оят)- деган кўрсатмасига амал қилсак, инша-Аллоҳ ижобий натижаларга эришамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир”, – дедилар.

Мовардий айтади: “Кимнинг қўлидан яхшилик келса, фурсат борида яхшилик қилсин. Ожиз бўлиб қолишидан олдин уни тезлатсин. Яхшилик қилиш имкони ҳамиша бўлавермайди. Ҳали имкон бор деб чалғиб юрмасин. Қанчадан-қанча ўзига ишонганлар, имкони қўлдан кетгач, надоматга қолган.”

    Манбалар асосида:  Салимжон домла Матғозиев,

   Андижон туман   “Аммор ибн Ёсир” жоме масжиди имом хатиби.