Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлардан бири ҳаёдир.
Ҳаё сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади.
Бошқача қилиб айтганда «Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир».
Ҳаё инсоннинг икки дунёси, шунингдек, атрофидагилар учун ҳам фойдали фазилатдир. Уламоларимиз ҳаё ҳақида: “Ҳаё ёмон, қабиҳ иш ва қилиқларни тарк этишга ундайдиган, ҳақдор кишининг ҳақига путур етказишдан қайтарадиган яхши сифатдир”, дейишган.
Албатта, ҳаё барча ёқимли ишни қилишга ва барча ёқимсиз, ҳунук ишни қилмасликка ундовчи хулқдир. Ҳаё нафсдаги мақталган сифатлардан биридир. У карамли хулқларнинг боши, иймоннинг зийнати, Исломнинг шиоридир.
Жунайд раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳаё неъматларни кўришдир ва нуқсонларни кўришдир. Иккисининг орасида ҳаё туғиладир», деган.
Ҳадислардан бирида ҳаё ҳақида шундай дейилган: “Албатта, ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи ҳаёдир”.
Ҳаё яхшиликка далолат қилувчи хулқдир. Ҳаё кишининг саломат эканидан хабар берувчи ва мазамматдан сақланишига сабаб бўлувчи хулқдир.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ раҳимаҳуллоҳ: “Иймон ялонғочдир. Унинг либоси тақво ва зийнати ҳаёдир” деганлар.
Баъзи улуғлар бундай дейишган экан: “Кимга ҳаё ўз кийимидан кийдирса, одамлар унинг айбини кўрмайдилар”.
Ҳаёда кўплаб фазилатлар ва фойдалар бор. Шариат бизни ҳаё билан хулқланишга буюрган ва унга тарғиб қилган. Шариат ҳаёни иймондан деб эълон қилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали “Лаа Илаҳа Иллаллоҳ” демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда бундай дейилган: “Ҳаё ва иймон бир-бирига яқин нарсалардир. Агар улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади”.
Ҳаё иймонданлигининг сири – уларнинг ҳар иккиси яхшиликка чорловчи, яхшиликка яқинлаштирувчи, ёмонликдан бурувчи, ёмонликдан узоқлаштирувчи эканлигидир. Агар одамларда журъат, фаҳшни кўрсанг, билгингки, бунинг энг катта сабабларидан бири ҳаёнинг йўқолганлигидир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бир «агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар».
Ҳа, ҳаёсиз киши барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Одам боласини ёмонликдан қайтарадиган нарса унинг ҳаёсидир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки, сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», дедилар».
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир; ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ», – дедилар».
Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланган улуғ бир сифатдир. Пайғамбарларнинг ҳаммаларига муштарак сифат бўлган нарсадир.
Шунинг учун ҳам, ҳар-бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё иймондандир. Иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо дўзахдадир», дедилар».
Ҳаёга бундан кўра улуғ васф бўлмаса керак. Карамли ахлоқлар дини бўлган Ислом ҳаёни иймон даражасига кўтаргандир. Карамли ахлоқлар дини бўлган Ислом ҳаёни жаннатга киритадиган нарса даражасига кўтаргандир. Исломда ҳаёли бўлиш шунчалар юқорига кўтарилгандир. Бас, мусулмонлар ҳаёли бўлсинлар.
Иймонимизнинг бир бўлаги – ҳаё биздан узоқлашиб, бегонасираб кетишига йўл қўймайлик.
Аллоҳ таоло барчамизни мукаммал ҳаё, қўрқув ва гўзал хотима билан ризқлантирсин!
Манбалар асосида
Мухаммадкуддус Абдулманнон
Хўжаобод туман
“Етти чинор”
жоме масжиди имом-ноиби