Билим ол билма тиним, одам бўл олиб илм

789

Илм талаб қилиш динимиздаги энг муҳим ва аввалги буйруқлардан бўлиб, Қуръондаги биринчи нозил бўлган оят ҳам илмга тарғиб қилиш билан бошланди. Илм ўз соҳибини юқори мартабаларга кўтариб, Роббисини яхшироқ танишга ва У Зотдан қўрқишга олиб боради.

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала, 11).

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Олимлар Пайғамбарларнинг ворисларидир». Маълумки, Пайғамбарлик рутбасидан устунроқ ҳеч бир рутба йўқ ва бу рутбага меросхўр бўлиш олий шарафдир.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади». Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: «Ҳикмат шарафли кишининг шарафини зиёда этади ва қулни подшоҳлар даражасигача кўтаради». Бу ҳадисда илмнинг дунёдаги самараси баён қилиняпти. Аммо охиратдаги меваси ундан-да хайрли ҳамда абадийдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олишда (қийналдим), бир оз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач азизу мукаррам бўлдим”.

Тобеинлардан Ато Ибн Абу Рабоҳ айтадилар: “Бир илм мажлиси лағв –беҳуда мажлислардан 70 тасига каффорат бўлади”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кундузлари рўзадор ва кечалари қоим бедор бўлган мингта обиднинг ўлими, ҳалол ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимда икки тоифа борки, агар улар яхши бўлса, одамлар яхши бўлади, бузилса, одамлар ҳам бузилади. Улар амирлар ва фақиҳлардир».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган илмни зиёда этмайдиган куннинг қуёши чиқишида мен учун барака йўқ».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм – хазина, унинг калитлари- савол. Сўранглар, сўрашда 4 киши савобга эга бўлади: Сўровчи, олим, эшитувчи, уларни дўст тутувчи

 «Бир қабиланинг ўлими бир олимнинг вафотидан енгилроқдир».

«Олим Аллоҳнинг ер юзидаги ишончли кишисидир».

«Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камайса, илм зиёда бўлади».

Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир.

Бир соатгина илм ўрганиш бир кечалик ибодатдан яхшидир.

Садақанинг афзали мусулмон кишининг илм ўрганиб, сўнг бошқа мусулмон биродарларига ҳам ўргатишидир.

Оз-оз ўрганиб доно бўлур,
Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур.

Билмаганни сўраб ўрганган олим,
Орланиб сўрамаган ўзига золим.

Илм шундай неъматки, банда Яратувчисини танийди, икки дунё саодатига эришади. Шунинг учун исломда илм ўрганиш ибодат даражасига кўтарилган.

Аллоҳ таоло илм йўлида саъй-ҳаракат қилаётган барча илм толибларига диний ва дунёвий илмларни мукаммал эгаллашларида ва уларни ҳаётга татбиқ этишларида улуғ муваффақиятлар ато айлаб, барчаларимизни икки дунёда саодатли ва солиҳ бандалардан бўлишимизни насиб айласин!

 

Манбалар асосида “Гулистон” жоме масжиди

Имом хатиби Усмонов Абдумутолиб тайёрлади