Инсон хато қилгувчидир. У инсонлигига бориб ҳамиша, ҳар доим билиб-билмай хатога, гуноҳга йўл қўяди. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, хато ва чалғишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлигига бориб, ҳавои-нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда киши дарҳол ўзига келиб, шошилинч Аллоҳни эслайди, истиғфор айтади. Бу хато ва гуноҳларидан эса Парвардигор буюрганидай, У зот таълим берганидай гуноҳларига тавба қилиш, истиғфор айтиш, тазарру ила ёлбориш орқалигина халос бўлиши мумкин. “Истиғфор”, яъни гуноҳнинг кечирилишини сўраш – барча мавжудот ва махлуқотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таологагина қилинади. Дуо, тавба ва бошқа тоатлар ила, «Астағфируллоҳ» ва шу каби маънодаги калималарни айтиб, кўнгилдан тасдиқлаш истиғфордир.
ҲИКОЯТ: Ҳазрати Ҳасан Басрий ўз давраларида бир жамоа кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳасан Басрий “Истиғфор айтинглар” деб маслаҳат берадилар. Иккинчи киши келиб, камбағалликдан, ризқининг торлигидан, учинчи киши бепуштликдан, фарзандсизликдан нолишибди. Уларнинг барчаларига битта маслаҳат “Истиғфор айтинглар” деб буюрибдилар.
Шунда даврадаги суҳбатдошларидан Робиъ ибн Субайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга: “Эй Имом, сизнинг ҳузурингизга ҳар хил инсонлар келиб, турли хил шикоятлар қилдилар, аммо сиз эса уларнинг барчасига бир хил маслаҳат бердингиз, бунинг сабаби нима?” Ҳасан Басрий р.а бу берилган саволга юқоридаги оятни ўқиб берибдилар: “Ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир. У Зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир”
Банда кечирим сўрамасдан гуноҳкор ҳолда юришининг касофати, қалби доғларда тўлиб моғорлаб қолишидир. Инсоннинг қалби бузилдики, барча яхшиликлардан маҳрум бўлиб, исёнга қадам босади. Расулуллоҳ с.а.в. дедилар:
“Инсонда бир гўшт парча бор, агар у соғлом бўлса, бутун аъзои-бадан соғлом бўлади. Агар у бузилса, бутун аъзои-бадан бузилади. У ҳам бўлса, қалбдир”.
Яна Пайғамбаримиз с.а.в истиғфорнинг фазилати ҳақида дедилар:
“Ким Аллоҳ таолога кўп истиғфор айтса, Худои таоло уни ғамини кетказиб, ризқининг торлигини кенг қилиб қўяди”.
Азизлар, Луқмони Ҳакимнинг ўғилларига айтган ўгитларига қулоқ тутинг: “Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади. Биттаси, гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди. Иккинчи хатар шуки, касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди”.
Саъдулла домла Арипов,
Хўжаобод тумани “Мустаҳкам” масжиди
имом-хатиби