ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ

948

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, азиз Ватанимизда тинчлик ва ҳотиржамликда яшаб келмоқдамиз. Лекин, биргина шу тинчлик ва ҳотиржамлик деган сўзимизда қанчадан-қанча неъматлар бор. Бу сўзнинг мазмуни, унинг моҳияти қанчалар муҳим! Бу неъматлар қадри кундан-кун ортиб бормоқда. Бугун олам ҳар қачонгидан ҳам нотинчроқ. Турли  ғоялар, турли баҳоналар сабаб юзага келаётган хунрезликлар, инсониятга бўлган ҳар-хил шаклу-шамойилдаги таҳдидлар кун ўтган сайин кўпайиб, вақт ўтган сари эса урчиб бормоқда. Энг ачинарлиси эса бу қабихликлар инсониятнинг энг нозик туйғулари, энг олийжаноб фазилатлари ва керак бўлса дин номи билан амалга оширилмоқда.

Ислом пок дин. Сарвари коинот (Соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен  яхши хулқларни камолотга етказиш учун юборилдим” деганларидек, Ислом инсониятни энг олийжаноб ҳамда энг гўзал фазилат ва ахлоққа чақиради. Бу улкан ҳақиқатни бугун ҳамма билади. Бу ҳақиқат далил талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Минг афсуслар бўлсинки, бугун покиза Ислом номи билан ўз кирдикорларини ёпмоқчи ва оқламоқчи бўлган бир мунча ўзлари адашиб бошқаларни ҳам адаштираётган ёвуз манқуртлар керак бўлса, покиза Ислом дини таълимотларини ҳам ўз мақсадларига қараб бурмоқчи бўладилар.

Ислом асослари ва таълимотларига янгидан-янги қўшимча ва ўзгартиришлар киритмоқчи бўладилар. Ўйламайдиларки, ахир бугунги инсонлар рўбарў келаётган саволларга аввалгилар ҳам дучор бўлган. Бу инсонларни қийнаган муаммолар ўтган замондагиларни ҳам ўз ҳолига ташлаб қўймаган. Модомики, шундай экан,  уларни бу ташвиш ва саволларига ҳамма давр, замон ва маконларга жавоб берувчи покиза динимизда муқаддас Қуръони Карим оятлари ҳамда муборак ҳадиси шарифлар билан жавоб бериб келинган.

Бугун агар биз бирор маълумотни ояти карималар ва ҳадиси шарифлардаги мазмун ва моҳиятлардан топа олмасак, ҳа–ҳа, йўқ бўлса эмас, балки топа олмасак, (чунки, ояти карималар ва ҳадиси шарифларда йўқ бўлган нарсани ўзи йўқ!) унда, бизгача келган улкан ва буюк ислом тарихи ва маданияти, қанчадан-қанча саҳобаю-тобеинлар, олиму-уламо, фозилу-фузалоларимиз кўрсатма ва панду-насиҳатлари, яшаб ўтган ибратли ҳаёт йўллари биз учун тайёр дастурул амал бўлиб турибдику. Бир тоифа Ватан ва дину диёнатнинг асли ва моҳиятидан бебаҳра бўлганлар, бу икки тушунчаларни бир-бирига тескари қўймоқчи бўладилар. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, асло! Қуйида Ислом таълимотида мусулмон инсон туғилиб ўсган она юрти, азиз Ватанига нисбатан бўлган муҳаббати қандай бўлишлиги ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашамиз.

— Аввало инсонни Ватани дейилганда унинг ўз оиласи, ота-она, ака-ука, қавму-қариндошлари, ёру-биродарлари, киндик қони тўкилган хонадони, маҳалласи, қолаверса, шаҳару-қишлоғи, азиз юрти тушунилади. Инсони оиласи, ҳаёти бор экан у инсонда Ватанга бўлган соғинч ва меҳр албатта бўлади. Айнан шу муҳаббат Ватанга бўлган  муҳаббатдир.

— Ҳар бир инсон ўз ёшлигини қўмсайди, болалик пайтларини бошқача бир хотира билан ёдга олади, беихтиёр ўзининг беғубор болалиги ўтган кўчаларига, маҳалла ва қишлоғига боргиси келади. Инсонда бўлган бу туйғу, бу соғинч Ватан соғинчидир. Демак, ҳар бир инсон қалбида Ватанига, туғилиб ўсган юртига муҳаббат бўлиши табиий, соф инсоний ҳолат ҳисобланади. Шундай экан, инсон ўзи ҳоҳламаса ҳам, ҳатто инкор этса ҳам ҳар бир инсон ичида ўз юртига меҳри бўлади. Фақатгина, шу меҳр дарахтини ёвузлик ва ваҳшийлик билан чиритган разил шахслар бундан мосуво бўлади.

— Мусулмончиликда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат тушунчалари бор бўлганлиги учун ҳам, машхур, саҳобийларни катталаридан бўлган Ҳазрати Билол (розияллоҳу анҳу) Макка шаҳридан Мадина шаҳрига кўчиб кетгач Мадина шаҳрини кўп эслар ва Мадина шаҳри ва юрт соғинчи ҳақида шеърлар ўқир эдилар.

— Машҳур тарихчи олим Ибни Халдун “Ватан” сўзига, “Ватан бу-  инсонни туғилиб ўсган юрти ва унинг илк болалик пайтларидан меҳр қўйган жойидир.” деб изоҳ берган. Неча асрлардан бери бу таърифга бирор инсон томонидан эътироз билдирилмаганлиги ҳам бизнинг фикримизга далил бўлди. Ибни Халдун “Ватан” сўзига таъриф бераётганда диний тамойилларни эътиборга олмаган, дейишга эса ҳеч ким хақли эмас.

— Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Бақара” сураси 84-оятида: “ Эсланг, сизлардан “Бир-бирингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз”, деган аҳдингизни олган эдик”, дейилади. Бу ояти каримадан Ватандан қувиб чиқариб, бадарға қилишлик, қатл этиб, қон тўкишдан кейинги ўриндаги энг оғир ишлардан эканлиги  тушунилади.

— Ислом тарихидан яхши маълумки, Пайғамбаримиз (Соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккаи Мукаррама шаҳридан Мадинаи Мунаввара шаҳрига араб мушрикларидан бўлаётган мислсиз азиятлар туфайли, ноиложликдан кўчиб кетаётганида Маккаи Мукаррама шаҳридан чиқиш чегарасига етганларида орқаларига ўгирилиб: “Эй, туғилган она юртим, азиз диёрим, агар ўз қавмим  мени мажбур қилмаганида эди, зинҳор сени ташлаб кетмас эдим”, деган мазмундаги сўзлар билан, юртга, Ватанга бўлган туйғуларини баён этганлар.

— Машҳур ватандошимиз бўлган, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомеъ ус -Сахех” китобларида Оишаи Сиддиқа  (розияллоҳу анҳа) онамиздан келтирилган ҳадиси шариф мазмунида, Пайғамбаримиз (Соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи Мунаввара шаҳрига кўчиб келганларида ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Билол (розияллоҳу анҳумо) лар қаттиқ истима кириб, бетоб бўлиб қоладилар. Шунда оталарини зиёрат қилиш учун Оишаи Сиддиқа  (розияллоҳу анҳа) онамиз ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Билол (розияллоҳу анҳумо)ларнинг олдиларига кириб оталаридан ҳол-аҳвол сўраганларида, у зот қаттиқ оғриқ борлиги ва агар шу дард билан бу дунёдан ўтиш пешонага ёзилган бўлса унда парвардигордан умиди ўз уйида жон бериш эканлигини айтадилар. Шунингдек, ҳазрати Билол (розияллоҳу анҳу) ҳам ёшлиги ўтган жойларни соғинишини баён  этадилар. Оишаи Сиддиқа  (розияллоҳу анҳа) онамиз бу икки буюк саҳобий сўзларини ҳазрати Пайғамбаримиз (Соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га етказганларида, у зот: “Эй, Аллохим! Бизлар учун Мадина шаҳрини ҳам худди Макка шаҳри сингари, балки ундан ҳам зиёда ёқимли ва маҳбуб этгин!” деган мазмунда дуо қилдилар.

— Шу ўринда ўтмиш буюк бобакалонларимиздан баъзи бирларини ҳаёт йўлларини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан буюк саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти у зотнинг Ватанини қўмсаб ўтганлари барчага маълум. У зот Ҳиндистон давлати ҳукмдори бўла туриб, туғилиб ўсган Ватани Андижон, Фарғона ва Самарқандни соғиниб яшади.

— ХХ асрнинг йирик маърифатпарварларидан бири Алихонтўра Соғуний она юртни ардоқлаш, уни севиш, ватанпарвар бўлиб яшаш мавзуларида бир мунча туркум шеърлар ёзди ва бу шеърлар  тўпламини “Биздан эмасдилар, Ватанни севмаганлар” дея номладилар.

— Ислом таълимоти мусулмон киши Ватаннини севиш ва уни ҳимоя қилишлигига тарғиб қилади. Бу ҳусусда бир мунча ояти карималар ва ҳадиси шарифлар мавжуд бўлиб мисол тариқасида биргина Абу Довуд томонидан ривоят қилинган ҳадиси шарифни келтириб ўтамиз. Саид ибни Зайд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Пайғамбаримиз (Соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир. Бу хадиси шариф инсонни Ватанини ҳимоя қилишга чақириши билан биргаликда бугунлик кунда турли бузуқ тоифалар “Шаҳид” атамасини нотўғри қўллаётганликларига ҳам хужжат бўлади.

— Шунингдек, ҳадиси шарифларда келтириб ўтилган ва ман қилинган 7 та катта гуноҳлардан бири ҳам айнан юрт ҳимоясини ташлаб қочишлик эканлигини эсламай иложимиз йўқ.

— Кубровия тариқати асосчиси, Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари Ватан ва юрт ҳимоясида босқинчиларга қарши курашиб, жон фидо этганлиги ва шаҳид бўлганликлари ҳар бир мусулмон инсонга Ислом дини Ватанпарвар бўлишликка ва уни севишликка чақиришига хужжат бўладиган энг катта ва ёрқин далиллардан бири ҳисобланади. Бу буюк зот қўлларида туғ тутган ҳолда, ўзлари  минглаб муридларига йўлбошчи бўлиб қўшинни ёвга қарши рухлантириб сафни аввалида олга борганлар. Ҳатто шаҳид этилгандан кейин ҳам бирор инсон у зотни қўлидан туғни тортиб ололмаган. Байроқни олиш учун эса у зотни қўлларини кесишга ва шундан кейингина байроқни олишга эришганлар.

Ушбу келтириб ўтилган маълумотлар Ислом дини мусулмон инсон ўз туғилиб ўсган Ватанини севиш, ардоқлаш ва керак бўлганда ҳимоя қилиш кераклиги хусусидаги маълумотлардан бир қисми холос.

Яратгандан шу азиз Ватанимиз жаннатмакон ўлка бўлишлиги ва ҳар бир ватандошимиз жаннат аҳлидан бўлишлигини, шунингдек, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишлигини сўраб қоламиз.

Андижон шаҳар «Жиддаи муборак»

жоме масжиди имом-хатиби

Мухаммадисоқ Мўминов