“Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги диний соҳа ходимларининг Республика анжумани

1108

2017 йилнинг 15-ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоят вакиллиги мажлислар залида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида диний соҳа ходимларининг Республика анжумани бўлиб ўтди. Ушбу анжуман юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, барқарорлик ва бағрикенглик тимсоли десак асло муболаға бўлмайди.

Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз”, – деб мархамат қилган (Бақара сураси, 208-оят).

Анжуманда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида олиб бораётган сиёсатининг мазмун ва моҳияти, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар кенг муҳокама қилинди.

Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад Ислом оламида кечаётган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг асл мазмун ва моҳияти, келиб чиқиши ва унинг оқибатларини муҳокама этиш ҳамда турли ғаразли ва террористик ҳолатларни муқаддас Ислом дини билан боғлаётган кучларга нисбатан диний соҳа ходимларининг якдил муносабатини белгилаш ҳамда уларга қарши курашиш чоралари тўғрисида келишиб олишдан иборат бўлди.

Анжуманда нотиқлар томонидан Ислом тинчлик дини, Ислом  терроризмни қоралайди, миллий тарбиянинг шарқона хусусияти, Диний таълим тизимидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, Ислом дунёсининг қўлга киритаётган сўнгги ютуқлари, дунё ҳамжамиятидаги воқеъликлар, дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган бузғунчилик ва хунрезликлар Исломдан эмаслиги кенг муҳокама қилинди. Диний мутаассиблик, ақидапарастларнинг пуч даъволарига раддиялар, улар томонидан динни ниқоб қилиб олиб, динимиз таълимотларини нотўғри талқин қилишлари, Ислом дини фақат тинчлик ва эзгуликка, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенгликка чорловчи дин эканлигини халққа, жамиятга кенг ёйишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Республика анжуманида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлардаги вакиллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, имом-хатиблар иштирок этдилар. Шунингдек, анжуманда Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари муфтийлари бошчилигидаги делегация аъзолари ҳам қатнашдилар.

Ушбу анжуман Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Республика маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида ўтказилди.

 [su_custom_gallery source=”media: 1966,1967,1968,1969,1970,1971,1972,1973,1974,1975,1976,1977″ limit=”12″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Андижон вилояти вакиллиги

ходими Нурилло Қодиров,

15.11.2017 йил