Дунёнинг гўзаллиги инсон биландир. Инсоннинг гўзаллиги эса Ислом биландир. Ислом дини инсонларни фақат яхшиликка даъват этадиган, ёмонликдан қайтарадиган соф диндир. “Наҳл” сурасининг 97-оятида Аллоҳ таоло: “Эркакми ё аёлми – кимда ким мўмин бўлган ҳолда бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал амаллари баробаридаги мукофат билан тақдирлаймиз” деб марҳамат қилган. Солиҳ амаллар қилиб яшаган инсон ҳаётлик даврида роҳату фароғатда яшаб, охиратда эса улкан мукофотлар соҳибига айланади. Динимизга ёд бўлган амаллар билан машғул бўлганлар эса албатта жазосини олади.
Сизу бизга берилган тириклик неъматидан оқилона фойдаланиб, гўзалликка бурканган дунёда савоб захираларимизни кўпайтириб, келажак авлодга намунали амалларимиз билан, хулқларимиз билан ўрнак бўладиган даражада яшаб ўтсак энг катта бахтга сазовар бўламиз.
Дунёнинг тинчлигини бузаётган, одамларнинг бахтли-саодатли яшашини кўралмаётган, ўзгаларнинг бахтсизлиги эвазига бой бадавлат бўлиб, гўёки ширин ҳаёт кечираётган кимсалар ҳам бор. Улар гиёҳванд моддаларини тайёрлаб инсонларнинг ширин ҳаётини қайғу ғамларга, аламу ситамларга айлантираётган жоҳил кишилардир.
Аллома Ибн Ҳожар Ал-Маккийнинг “Фатвои исломия” асарида инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига гиёҳвандлик иллати етказадиган 120 хил жиддий зарар санаб ўтилган.
Динимиз таълимотларида ҳам инсон ҳаёти, соғлиғига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани, у маст қилувчи ёки кайф қилувчи бўлишидан қатъий назар, зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан мутлақо қайтаради. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳар бир кайф берувчи моддани тановул қилишдан қайтарганлар:
” نَهَى النبى صلعم عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَ مُفَتِّرٍ ” (رواه أحمد و ابو داود)
яъни: “Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтиррувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.
Маълумки, уламоларимизнинг айтишларича, мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик – бангилик шаръан ҳаром эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам уларни истеъмол қилиш шаръан ва қонунан жоиз эмас.
Ибн Аҳмад ва Ибн Можжа ривоят қилган ҳадиси шарифда “Ислом динида ўзига ҳам ўзгаларга ҳам зарар келтириш йўқ” дейилган. Мусулмон киши қалбида имони жўшиб турган киши ҳадисга мувофиқ ўзига ҳам ўзгаларга ҳам зарар етказмаслиги ва ҳаром бўлган нарсаларни истемол қилмаслиги керак. Минг афсуслар бўлсинки гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган мўмин-мусулмонлар ҳам йўқ эмас. Яшашдан мақсадимиз нафсоний хисларни қондириш эмас балки ақлимиз билан фикр қилиб жаннат мукофотини олишдир.
Шукрлар бўлсинки, ҳаётимиз фаровон, замонамиз тинч, фарзандларимиз соғлом, келажагимиз буюкдир. Она ватан бағрида эркаланиб, шодланиб ҳаёт кечирмоқдамиз. Барча миллат вакиллар бир ота бир онанинг фарзандларидек истиқомат қилмоқдамиз. Ҳатто, қисқа муддат ичида дунё аҳли ўрнак оладиган жиҳатларга эга бўлдик. Бизга ҳавас қиладиганлар сони қанча кўп бўлса, ҳасад кўзи билан қарайдиган, гуллаб яшнашимизни кўра олмайдиганлар сони ҳам анчадир. Фарзандларимизни ҳар ҳил йўллар билан шу балога йўлиқтирса, бошимизга турли офатлар ёғдириши аниқдир. Сергаклик – давр талабидир. Биз ўз фарзандларимизни ёвуз кучларга бериб қўймаймиз. Фақат биз катталар панду насиҳатдан чарчамаслигимиз, фарзандларимизга ҳар томонлама кўмак бера олишимиз керак.
Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: “Эй умматларим, агар сизлар, бир-бирларингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб туришликни тарк этсаларингиз, бошингизга шундай бир бало ва офат келадики, у яхши ёмонга баробар фожиа бўлади” деб марҳамат қилганлар.
Бугун биз сергакликни йўқотсак гиёҳвандлик балоси зарпечак мисоли ҳамма жойга ўрнашиб олади. Бунга имкон бериш энг катта гуноҳ эканлигини унутмаслигимиз керак.
Отабек домла Хусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби.