Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша разияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб:
– Эй Оиша, мендан хоҳлаган нарсангни сўра – дедилар.
Оиша разияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни қасд қилдилар ва:
– Бу борада отам билан маслаҳатлашсам майлими? – деб сўради.
Кейин Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ҳузурига бориб воқеъани баён қилди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра, – деди.
Оиша онамиз ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Роббим менга меърож кечасида “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта жаннатий бўлади” деди, – дедилар.
Оиша разияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга бу гапни етказган эди, Абу Бакр қаттиқ йиғлади. Оиша разияллоҳу анҳо:
– Нега йиғлайсиз, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми? – деди ҳайрон бўлиб.
– Бу дегани, “Мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, унга озор етказган кимса, дўзахийдир” – дегани бўлади, – деди Абу Бакр разияллоҳу анҳу.
Ҳа, инсон қалби Аллоҳ таоло ҳузурида шунчалик қадрлидир. Бироқ, биз унинг қадрига етмаймиз. Савоб ишлар илинжида ўзимизни ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа урамиз, ҳолбуки теварагимизда минглаб каъбалар бизга боқиб турибди, биз эса тобора имкониятни қўлдан бой бермоқдамиз.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг байти бор:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Инсон қалбини Каъбага менгзашга асос борми?
Ҳа, бор.
حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ عُمَرَ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَطُوفُ بِالْكَعْبَةِ وَيَقُولُ مَا أَطْيَبَكِ وَأَطْيَبَ رِيحَكِ مَا أَعْظَمَكِ وَأَعْظَمَ حُرْمَتَكِ وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَحُرْمَةُ الْمُؤْمِنِ أَعْظَمُ عِنْدَ اللَّهِ حُرْمَةً مِنْكِ مَالِهِ وَدَمِهِ وَأَنْ نَظُنَّ بِهِ إِلَّا خَيْرًا رواه ابن ماجة
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, Каъбани тавоф қилаётиб, шундай дер эдилар:
“Қандоқ ҳам хушбўйсан, қандоқ ҳам хушбўйдир сенинг ҳидларинг! Қандоқ ҳам буюксан, қандоқ ҳам буюкдир сенинг ҳидларинг! Бироқ, Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жони тасарруфида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳнинг ҳузурида бир мўминнинг ҳурмати сенинг ҳурматингдан-да буюкдир! Молининг, қоининг ҳурмати ҳам! Мўмин ҳақида фақат яхши гумондагина бўлурмиз!” (Молик ривояти)
Анваржон домла Холиқов,
Асака туманида “Пастки Қурама”
жоме масжиди имом-хатиби