Маълумки, инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларни ичида энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир. Яқин қариндош-уруғчилик ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан бири ҳисобланади.

Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаётий муаммоларини ечишда унга таянади, у орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади.

Исломдан олдин ўтган қавм ва элатлар қариндошлик риштасини дўстлик, раҳм-шавқат алоқаларини мустаҳкамлашдаги ўзаро манфаатларини амалга оширишда асосий омил сифатида кўришган.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси ҳам шу нарсага ишора қилади: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”.

Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини аҳамият жиҳатидан Ўзига ибодат қилишдан кейин, зикр этган ота-онага яхшилик қилиш ҳолатига яқин қилиб айтди: “ Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю, бегона қўшни ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи мусофирга ва қўл остингиздаги қарамларга ҳам яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон умри ва ризқига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат бериб бундай деганлар:

“Кимни ризқи-рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши ҳурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағрлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон-бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм шавқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардай бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса бутунлай янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади.

Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади.

Бирон биркиши: “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан юз ўгириб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам менга шунчалик ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга амр қилмаганлар, балки уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб,шундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”.

Ҳар вақт қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қовму-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовар  ва  Пайгамбаримизнинг муборак шафоатларига лойиқ бўлишимизда Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин. Аллоҳ таоло барчаларимизни рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмни мустаҳкам бўлишини насибу рўзи айласин.Омин.

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби