Инсонни Ўзи яратган барча жонзотлардан афзал қилган. Парвардигор одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйган, ҳатто фаришталарини ҳам Одамга таъзимга буюрган. Аллоҳ таоло бундай дейди:   “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло “Инсонни азиз ва мукаррам қилдик” – деди. Тафсир китобларида инсоннинг қайси неъматлар туфайли мукаррам эканлиги тўғрисида кўпгина мисоллар келтирилган. Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилганлар:

  1. Жисмоний неъматлар. Бунга мисол қилиб, сиҳат-саломатлик, яхши таом, чиройли либос, фаровон турмуш кабилардан иборат бўлиб, бу неъматлар барча бандаларга баробар берилаверадиган нарсалардир.
  2.    Руҳоний ёки маънавий неъматлар. Бунга мисол қилиб, имон, ислом, рушду ҳидоят, ахлоқ, инсофу тавфиқ каби ижобий сифатлардан иборат бўлиб, бу неъматлар фақат Аллоҳ таолонинг иноятига мушарраф бўлган бандаларигагина насиб бўлади.

   Аллоҳ таоло Ўзининг бу неъматларини зикр қилишидан мақсади – ҳар бир инсон ўзига ато этилган беҳисоб неъматларига шукр қилсин, бу нарсаларнинг қадрига етиб, уларни фақат хайрли ва фойдали ишларга сарф этсин, деган маънодадир.

   Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир.  Демак, инсоннинг  руҳий-маънавий олами бой бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча иймонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина унинг  даражаси юқори  бўлади. Шундагина Аллоҳ таоло унинг  зиммасига юклаган шарафли вазифани кўнгилдагидек уддалаган бўлади.  

   Ислом динимиз инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқлари – ҳаёт кечириш, обрў ва ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлаш, тафаккур ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш,  ҳалол меҳнат қилиш, барча башар билан тенглик,  яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш  ҳуқуқларини кафолатлайди.  

Муҳаммадюсуф Тўрақулов

Олтинкўл туман бош имом-хатиби