Имконият эшиклар очилган

548

Бутун жаҳон оммасининг диқат марказида турган коронавирус пандемияси кўплаб мамлакатларда катта талафотларга сабаб бўлса-да, оғлиқни Сақлаш Вазирлиги томонидан мунтазам равишда берилиб турган маълумотларга қараганда бизнинг юртимиздаги ҳолат анчагина меъёрда. Вирусга саноқли кишилар чалинган бўлса ҳам тезкор кўрилаётган чора ва тадбирлар натижасида унинг тарқалиб кетишининг олди олинмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, Бош санитария врачи Баҳром Алматов берган маълумотга қараганда беморларда ижобий ўзгаришлар бор. Ушбу касаллика чалинган беш нафар беморда касаллик белгилари йўқолган, ўзларини яхши ҳис этмоқда. (xabar.uz)
Халқимиз бу кунларда хайрия ишларини бошлаб юбордилар. Кўча-кўйда ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларда юртимиздаги саховатпеша инсонларнинг кўрсатаётган жасоратларини кўриб қувонамиз. Оғир кунда бир-бирига малҳам бўладиган халқимиз борлигидан фахрланамиз. Уларнинг саховатларини кўриб кўплаб инсонлар бу хайрли ишга қўшилмодвлар.
Корхоналарда ҳам кўплаб хайрия ишлари уюштирилмоқда. Барча ишларда бўлган каби масжид ходимлари ҳам жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Ҳа, бу синовли кунлар Худо хоҳласа тезда ўтиб кетади. Тез орада ҳаммаси жойига тушиб, бозордаги нархлар ҳам меъёрига келишига, масжидларимиз аввалгидан ҳам гавжум ва обод бўлишига ишонамиз.
Фақат шуни унутмаслигимиз керакки, мўмин бандалар учун бундай пайтда имонининг изҳорини намоён қилиш фурсати келди. Бу яратган Раббимиз томонидан бир синов эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз даркор.
Бугун инсонлар ўзаро оқибат ва саховатини намоён қиладиган фурсат келди. Ҳадемай одамлар ташвишини ўз ҳалқуми учун ғанимат билганлар уялиб қолади. Бордию, виждонини ютиб, уялиш ҳиссидан ажраган бўлсалар, у ҳолда шарманда бўлгайлар.
Кимки, хатолик билан нафсининг кўйига кириб қолган бўлса, ҳали тавба эшиклари очиқ. Тезда қилган қилмишларини ювиб, ўрнига одамларга яхшилик қилишга имкон бор.
Шундай кунларда меҳр ва оқибатни унутмайлик!

Улуғбек Сатторов

Марҳамат тумани

“Обиджон Ботиров”

жоме масжиди имом-хатиби