Илмдан олдин одоб

50

   Саййид Муҳаммад Улвий Моликий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Иблисга илмининг озлиги зарар бермади, балки одобининг озлиги зарар қилди. Аслида, иблис жинларнинг ичида ЭНГ олими ва тиришқоғи эди. Натижада, Аллоҳ таоло уни энг юқори даражадаги фаришталарнинг даражасига кўтарди. Фаришталарнинг ичида энг олий мақомга эга бўлди.

    Лекин одобсизлиги туфайли буларнинг фойдаси бўлмади. Барча ҳурмат эътибордан айрилди, ўз қадрини йўқотди.
Оқибатда, одобсизлар учун тирик мисолга айланди. Одобсизлиги Аллоҳга нисбатан бўладими, пайғамбарга нисбатан бўладими, авлиёларга нисбатан бўладими ёки оддий мусулмонларга нисбатан бўладими оқибати бирдек ёмон бўлади.

   Бадхулқлик жаҳолатдир ва Аллоҳнинг неъматига ношукрликдир.

   Тасаввуф машойихлари айтадилар: одоби йўқнинг сулуки йўқ. Сулуки йўқ эса, мақсадга етмайди. Шунинг учун сўфийларнинг тарбияси одобга таянади.
Машойихлар яна айтадилар: тасаввуфнинг ҳаммаси ахлоқдир. Ким сенга ахлоқни ўргатса, демак тасаввуфни ўргатибди.

   Абу Ҳафс ан-Найсобурий айтадилар: тасаввуфнинг ҳаммаси одобдир. Ҳар бир вақтнинг одоби бор. Ҳар бир ҳолатнинг одоби бор. Ҳар бир мақомнинг одоби бор. Ким одобни лозим тутса, комилликка эришади. Ким одобдан бенасиб бўлса, яқин деб ўйлагани узоқдир, қабул деб билгани рад этилгандир.

   Одоб илм гавҳарига етишганликнинг самарасидир. Одобсизлик эса, илмнинг пўчоғи билан алданганликнинг самарасидир.

    Илм Аллоҳни таниш учун талаб қилинади. Аллоҳни танисак, Уни севиб қоламиз. Оқибатда, Унга итоат қиламиз, Ҳузурида бўйинсунамиз.

    Иблисни кўр, у ҳосил қилган илм уни алдаб қўйди. Оқибатда, Парвардигорга нисбатан беодоблик қилди.
Аллоҳ таоло айтади:
وَلَقَدۡ خَلَقۡنٰكُمۡ ثُمَّ صَوَّرۡنٰكُمۡ ثُمَّ قُلۡنَا لِلۡمَلٰۤٮِٕكَةِ اسۡجُدُوۡا لِاٰدَمَ‌ ۖ فَسَجَدُوۡۤا اِلَّاۤ اِبۡلِيۡسَؕ لَمۡ يَكُنۡ مِّنَ السّٰجِدِيۡنَ ‌قَالَ مَا مَنَعَكَ اَلَّا تَسۡجُدَ اِذۡ اَمَرۡتُكَ‌ ؕ قَالَ اَنَا خَيۡرٌ مِّنۡهُ‌ ۚ خَلَقۡتَنِىۡ مِنۡ نَّارٍ وَّخَلَقۡتَهٗ مِنۡ طِيۡنٍ
    «Ва батаҳқиқ, Биз сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик. Сўнгра эса, фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дедик. Бас, улар сажда қилдилар. Магар Иблис сажда қилувчилардан бўлмади. У зот: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди» (Аъроф сураси, 11-12-оятлар).
    Бундан ҳам ортиқроқ жаҳолатни кўрганмисиз?!
    Бир нечта мусибатларга мубтало бўлди. Бири иккинчисидан оғирроқ.
Ибн Ажийба тафсирида айтадилар: такаббурликни йўлга қўйган кимса иблис бўлади.
Аллоҳ таоло унга деди: сен мени яхши танимадинг. Агар таниганингда Менинг ҳеч бир амримга эътироз қилиш мумкин эмаслигини билган бўлардинг. Мен мендан бошқа илоҳ йўқ бўлган Аллоҳман, қилган ишимдан сўралмайман.

   Ҳамма такаббур кимса одобсиз бўлади. Иблиснинг йўлига юрган бўлади. Юрадиган йўли ҳам бир, борадиган манзили ҳам бир.

   Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: «Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган киши жаннатга кирмайди».

    Ибн Муборак айтадилар: бизлар кўп илмдан кўра озгина одобга кўпроқ муҳтожмиз.

   Аллоҳим бизларни Ўз одобинг билан одоблантиргин, Ўз хулқинг билан хулқлантиргин. Ўз илмингдан билдиргин, илмимизни зиёда қилгин ва билдирганларингни бизларга манфаатли қилгин. Аллоҳумма амийн.

Отабек домла Хусанов
Олтинкўл тумани» Жалабек ота»жоме масжиди имом хатиби