Мусо алайҳиссалом даврларида бир оилада эру хотин иккиси ўта қашшоқ ҳолатда яшар эдилар. Узоқ йиллар давомида қашшоқликдан қийналиб, охир оқибат сабрлари тугаб, тоқатлари тоқ бўлди. Бир куни хотин эрига қараб: Ҳой эр, Мусо Аллоҳнинг пайғамбари, У билан гаплашиб туради, шундай эмасми?-деди.
       Эри: Ҳа, шундай, деди.
   Хотин: Ундай бўлса нима учун унинг ёнига бориб ёрдам сўрамаймиз, ҳолимиздан шикоят қилмаймиз. Шояд, Аллоҳдан биз учун ризқ сўраб берса. Қолган умримиз балки, тўкин сочинликда ўтармиди?-деди. Бу гап эрига ёқиб тушди ва эртаси куни эрталаб икковлари Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига бориб, муддаолари айтишди.
     Мусо алайҳиссалом уларнинг ҳожатларини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг дуолари ижобат қилди аммо, уларга фақат бир йилгина ризқ беришини ва фақат мана шу бир йилгина тўкин ҳаёт кечиришлари мумкин эканлигини, бир йилдан сўнг эса, яна эски фақирлик ҳолатларига қайтишларини айтди.
     Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўзини уларга етказдилар. Улар шунисига ҳам шукр, деб бениҳоят хурсанд бўлдилар.
Эртасидан бошлаб, эр-хотин кутмаган ерларидан уларга ризқлар кела бошлари. Кундан кунга ҳолатлари яхшиланиб, атрофдагилар ичида энг бойлардан бирига айланиб қолдилар.
Кунлардан бир кун хотин эрига: Ҳой, эр! Бизга берилган бу ризқ фақат бир йилга эканлигини, бир йил муддат тугагач, яна ўз ҳолимизга қайтишимизни унутмадингизми?-деди.
       Эр: Йўқ, нима эди, деди.
    Хотин: келинг, мана шу бизга берилган мол-давлатимизни яхшилик ишларга, одамларга фойда бўладиган ишларга ишлатайлик. Бир кун келиб яна фақир бўлиб қолганимизда одамлар ҳам ўшанда бизларни унитишмас, деди.
     Эр: Эй, хотин тўғри айтасан. Кел, бўлмаса катта йўлнинг кесишган ерига бир уй қурамиз ва шу йўлдан ўтаётган йўловчиларга таомлар пишириб тарқатамиз, деди.
Дарҳақиқат, эр-хотин катта йўлнинг ўртасига бир уй қуришди ва бу йўлдан етти тарафга қараб кетган йўлларга қараб уйдан эшик очишди. Натижада, етти тарафдан келаётган йўловчиларга уйнинг етти эшигидан таом улашиб, одамларни хурсанд қилишди.
      Эр-хотин шу ҳолатда ҳар куни инфоқ-эҳсон иши билан машғул бўлдилар. Ҳатто вақт ўтганини, бир йил берилган муддат ҳам ниҳоясига етиб қолганини билмай қолдилар.
     Мусо алайҳиссалом ҳам эр-хотиннинг муддати тугаб қолганидан хабарлари бор эди. Бироқ, муддат тугасада уларнинг ҳолатлари ёмон томонга ўзгармас, балки аввалгисидан ҳам яхшироқ бўлиб борар эди. Мусо алайҳиссалом бу ҳолатдан ажабландилар ва Аллоҳ таолога мурожаат қилиб: Эй, Раббим. Сен буларга бир йилга ризқларини кўпайтириб беришингни, бир йил тугагач яна ўз ҳолатларига қайтишларини айтган эди. Бир йил тугаб, иккинчи йил ҳам бошландики, аммо уларнинг ҳолатлари яхшиликда давом этмоқда. Бунинг сири нимада?-деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга жавобан: Эй, Мусо! Мен уларга битта ризқ эшигини очган эдим, улар эса муҳтож бандаларимга еттита ризқ эшигини очиб қўйдилар. Эй, Мусо! Мен улардан ҳаё қилдим. Ҳеч қачон бандаларим Мендан кўра саховатли бўлиши мумкинми?-деди.

Отабек домла Хусанов
Олтинкўл тумани «Жалабек ота» жоме масжиди имом хатиби