Шайх Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Мен шайх Шамсиддин ибн Қамоҳани ўзининг Абул Аббосий Мустағфирийдан (ҳадис)жамланмаси устида топдим, шунда у (менга бир ҳадисни қандай ўрганганини) ҳикоя қилиб:

“Мен имом Абу Ҳомидил Мисрийдан илм излаш орзусида, Мисрга боришга қарор қилдим. У зот билан кўришганда Холид ибн Валиддан ривоят бўлган ҳадисни сўзлаб беришини сўрадим. У зот мени бир йил рўза тутишга буюрди. Бир йил рўза тутиб, сўнгра ўша мақсад илинжида яна у кишининг ҳузурларига қайтдим. Шунда у зот менга ўз шайхидан то Холид ибн Валидгача бўлган санад ила у ҳадисни айтиб берди”.—деди.

(У ҳадис қуйидагича эди).

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу айтадилар:

— Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб у кишига:

— Мен сиздан дунё ва охират ҳақидаги баъзи нарсаларни сўрамоқчиман,-деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сенга маълум бўлмаган нарсалар ҳақида сўра.—дедилар.

— Эй Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен одамларнинг олимроғи бўлишни хоҳлайман?!

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга тақво қил, одамларнинг олимроғи бўласан!—дедилар.

— У: Инсонларнинг бойроғи бўлишни яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қаноатли бўл, инсонларнинг бойроғи бўласан! — дедилар.

— У: Мен инсонларнинг афзалроғи бўлишни ёқтираман?! — деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Инсонларнинг яхшиси — уларга фойдаси тегадиган кишидир, инсонларга манфаат етказувчи бўлгин!—дедилар.

— У: Инсонларнинг одилроғи бўлишни яхши кўраман?!- деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўзинга яхши кўрган нарсани, бошқа одамлар учун ҳам яхши кўр, инсонларнинг одилроғи бўласан!—дедилар.

— У: Мен Аллоҳга инсонларнинг хосроғи бўлишни хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ зикрини кўпайтир, Аллоҳ таолога бандаларнинг хосроғи бўласан!—дедилар.

— У: Эҳсон қилувчилардан бўлишни яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга Уни кўриб тургандек, агар ундай қилолмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қил.—дедилар.

— У: Иймоним комил бўлишини ёқтираман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Хулқингни гўзал қил, иймонинг комил бўлади!—дедилар.

— У: Тоат қилувчилардан бўлишни яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳнинг фарзларини адо қилгин, тоат қилувчилардан бўласан!—дедилар.

— У: Аллоҳга гуноҳлардан пок ҳолда йўлиқишни яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Жанобатдан яхшилаб ғусл қилсанг, қиёмат куни Аллоҳга гуноҳсиз ҳолда йўлиқасан!—дедилар.

— У: Қиёмат куни нурли ҳолда ҳашр қилинишимни яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч кимга зулм қилма! Қиёматда нурли ҳолда ҳашр қилинасан!—дедилар.

— У: Роббим таборака ва таоло менга раҳм қилишини яхши кўраман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ўзинга ва Аллоҳнинг яратганларига раҳм қил, Аллоҳ сенга раҳм қилади!—дедилар.

— У: Гуноҳларим оз бўлишини хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга истиғфор айт, гуноҳларинг камаяди!—дедилар.

— У: Одамларнинг карамлироғи бўлишни ҳоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ ҳақида унинг халқига шикоят қилма, инсонларнинг карамлироғи ва улуғроғи бўласан!—дедилар.

— У: Ризқимни кенг бўлишини хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Доимо таҳоратли бўлгин! Ризқинг кенгайтирилади!—дедилар.

— У: Аллоҳ ва Унинг расулига суюкли бўлишини хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ ва Унинг расули яхши кўрган нарсаларни яхши кўр, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ғазаб қилган нарсага сен ҳам ғазаб қил!—дедилар.

— У: Аллоҳнинг норозилигидан омонда бўлишни хоҳлайман?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч кимга ғазаб қилма, Аллоҳнинг ғазаби ва норозилигидан омонда бўласан!—дедилар.

— У: Аллоҳ айбларимни яширишини истардим?!—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Биродарларинг айбини яширсанг, Аллоҳ сени айбларингни яширади!—дедилар.

— У: Менинг хатоларимни ўчириб юборадиган нарса нима?—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёши, хузуъ ва касалликлар!—дедилар.

— У: Аллоҳнинг наздида яхшиликнинг қайси бири афзалроқ?—деди.

— У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳусни хулқ , тавозеъ, балоларга сабр қилиш ва қадарга рози бўлиш!—дедилар.

— У: Аллоҳнинг наздида қайси гуноҳ улкан?—деди.

— У зот: Ёмон хулқ ва бахил бўлиш!—дедилар.

— У: Роҳманнинг ғазабини сўндирадиган амал нима?—деди.

— У зот: Махфий садақалар қилиш ва силаи раҳм!—дедилар.

— У: Жаҳаннамни ўтини нима ўчиради?—деди.

— У зот: Рўза!—дедилар.

Азизлар, фарзандим илмли, одобли, аниқ бир касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, муборак динига, ватанига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларимизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда ҳар хил кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий, юқоридаги муборак ҳадисда келган дунё ва оҳиратда инсонни азиз қиладиган насиҳатлар жамланган бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга ҳеч эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилайлик, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни илмий, маънавий, маърифий, диний китобларга, илмга ва илм аҳлига бўлган муҳаббатимизни зиёда қилиб, ўқиган ҳар бир китобимиз, эшитган ҳар бир насиҳатмимиз нафақат ўзимизга, балки атрофдаги барча инсонларга манфаатли бўлишини насиб этсин.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч-омон қилсин. Илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган ва унга ташаббус кўрсатаётган Юртбошимиз ва барча раҳбар ва ходимларимизни, устоз, мураббийларимиз ва илмга чанқоқ ҳалқимизни эзгу мақсадалрига муваффақ қилсин!

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади