Боғдодда бир қассоб киши яшарди. Ҳар куни тун қоронғусида дўконига бориб, қўй сўйиб келарди. Қуёш чиққанидан кейин дўконини очиб, кечгача гўштини сотар эди.
Бир куни тунда одатдагидек, қўйни сўйиб келаётса, қоронғи тор кўчаларнинг бирида бир одамнинг бақирган овозини эшитиб қолди. Шошиб ўша томонга югурди. Қараса бир кишининг жасади қонга беланиб ётибди. Танасига пичоқ санчилган.
Қассоб тезда пичоқни танадан суғуриб олди, жасадни кўтариб унга ёрдам бермоқчи бўлди. Аммо, тана жонсиз эди.
Шу пайт одамлар тўпланишди. Қассобни қўлидаги пичоқни, эгнидаги қон сачраган кийимини кўрган одамлар қассобни қотил деб гумон қилишди ва уни маҳкамага олиб боришди. Қози уни ўлимга ҳукм қилди.
Ҳукмни ижро қилиш учун майдонга олиб келишганда, қассоб ўлиши аниқ эканлигини билгач, одамларга қараб: Эй одамлар! Бу кишини мен ўлдирганим йўқ. Лекин, мен бундан йигирма йил олдин бошқа бир одамни ўлдирган эдим. Ҳозир мендан ўша одамнинг қасоси олинмоқда, деди ва воқеани айтиб берди:
Мен бундан йигирма йил олдин ўспирин йигит эдим. Дарё қирғоғидаги қайиғимда одамларни нариги соҳилга ўказиб қўйиш билан машғул бўлардим. Кунларнинг бирида бадавлат бир аёл қизи билан келиб қолди. Мен уларни нариги соҳилга ўтказиб қўйдим.
Кейинги куни яна келишди ва шу алфозда бир неча марта қайиғимга минишди. Шу орада мен ўша аёлнинг қизини ёқтириб қолдим. У ҳам менга бефарқ эмаслигини билдим.
Шундан кейин отасини олдига совчи юбордим. Лекин отаси камбағаллигим учун қизини менга беришни истамади.
Шундан кейин қизни умуман кўрмадим. Лекин қалбим ўша қизга боғланиб қолган эди.
Орадан икки ёки уч йил ўтгандан кейин бир аёл қўлида ёш боласи билан қайиғимга чиқди. Дарёни ўртасига етганда қарасам бу аёл ўша мен ёқтирган қиз экан. Учрашганимиздан бениҳоя хурсанд бўлдим. Аввалги унга бўлган муҳаббатим, унга уйланмоқчи бўлганим ҳақида эслатдим. Аммо у турмушга чиққанлигини, қўлидаги бола фарзанди эканлигини айтиб, узрини билдирди.
Шу вақт Шайтон кўнглимга ёмон фикрларни келтирди ва мен аёлга тажовуз қилиш учун унга яқинлашдим. У эса, ёлвориб бақирди, Аллоҳдан қўрқишимни айтди. Лекин мен мақсадимдан қайтишни истамадим. Бечора аёл мени ўзидан итариб ташлар, қўлидаги боласи чинқириб йиғлар эди.
Бошқа чорам қолмаганидан кейин боласини олиб сувга яқинлаштирдим ва агар мени истагимни бажармаса, болани сувга чўктиришимни айтдим. У йиғлаб, бундай қилмаслигимни ўтиниб сўрарди. Мен эса, унинг ёлворишларига эътибор бермасдим. Болани бошини сувга ботирдим, ўлай деганда қайтариб чиқардим. Аёл эса, йиғлаганча бу ҳолатни кўриб турарди. Ниҳоят болани сувга ташлаб юбордим.
Шундан кейин аёлни ўзини бошини сувга ботирдим. У қаршилик қиларди. Мени истагимни амалга оширишга рози бўлмагач, уни ҳам сувга чўктириб юбордим.
Кейин ҳеч нарса бўлмаганидек ортимга қайтдим.
Бу жиноятим ҳақида ҳалигача ҳеч ким билмас эди.
Лекин, Аллоҳ таоло муҳлат берар экану, бепарво эмас экан.
Мана бугун муҳлат тугаб, жазоимни олиш вақти келибди, деди.
Воқеани эшитган одамлар ўз иффати ва ор номусини норасида гўдагидан ҳам юқори билган аёлга ачиниб йиғладилар. Қассобни эса, қасос учун қатл қилдилар.
وَلَا تَحۡسَبَنَّ اللّٰهَ غَافِلًا عَمَّا يَعۡمَلُ الظّٰلِمُوۡنَ اِنَّمَا يُؤَخِّرُهُمۡ لِيَوۡمٍ تَشۡخَصُ فِيۡهِ الۡاَبۡصَارُ
“Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўяди, холос” (Иброҳим сураси, 42-оят).
Отабек домла Хусанов
Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом хатиби