Бугунги кунда соҳта салафийлар тарафидан омма эътиборига энг кўп ҳавола қилинаётган баҳслардан бири бу “Аллоҳ таоло осмонда” деган иддаодир. Аслида бу мавзуни кўтаришнинг ўзи кишининг бидъатчилигига бир белги ҳисобланади. Чунки имом Молик ибн Анас розияллоҳу анҳу “Аллоҳ қаерда” деб савол беришни бидъат деган. Саҳоба ва катта тобеинлар даврида ҳеч ким Аллоҳ ҳақида бундай номақбул саволлар бермаган экан. Бу фитна кейин пайдо бўлган бидъатлардан экан. Бугунги бидъатчи салафийлар ҳам илгарги аҳли бидъатлар каби худди шу мавзуни тез-тез ижтимоий тармоқларда кўтариб, омманинг фикрини чалғитиб юришга одатланишган. Оят ва ҳадисларнинг зоҳиридан ҳукм олиб ўзбошимча маъно айтишда зоҳирийлардан қолишмайдиган салафийлар “Аллоҳ осмонда” деган ботил ақидаларига Қуръони каримдан қуйидаги оятни далил қилмоқчи бўлишади:
الرحمن على العرش إستوى
«У, Раҳмон аршни эгаллади». (Тоҳа сураси, 5-оят. “Тафсири Ҳилол” Қуръони карим маънолари таржиаси китобидан).
Ижтимоий тармоқларда шу мавзуни кўтарган барча салафийлик тарғиботчисини кўринг, у албатта шу оятни ўзига ҳужжат қилиб Аллоҳ таоло Аршда, Арш эса осмонда» деб уқтирмоқчи бўлади.
Аслида “Аллоҳ осмонда” деган ботил ақиданинг дастлабки эгаси “Карромиялар” бўлган. (Карромиялар – Муҳаммад ибн Карромга (вафоти 256-ҳ.й) эргашувчилар бўлиб, уларнинг аксари Нисобурликлар бўлган. Унинг ўзи ғирт мушаббиҳа бўлган. Аллоҳ таоло ҳам худди бошқа мавжудотлар каби жисмдан иборат, унинг ўрнашадиган ҳудуди бор, деганга ўхшаш куфрий ақидалар ана шу Муҳаммад ибн Карром тарафдан тарқатилган.) Улардан олдин ҳеч ким Аллоҳнинг зотига жиҳат ва макон исбот қилиб, Уни осмонда деган эмас. Қадимги карромиялар ва бугунги салафийлар юқоридаги ояти каримага “ Раҳмон аршга ўрнашди” деб маъно беришади ва шу асосда Аллоҳга макон ва жиҳат исбот қилишади. Аллоҳ таоло эса бундай ноқислик аломатларидан пок зотдир!
Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра эса Аллоҳ таоло макон ва жиҳатдан пок, ҳеч ўхшаши йўқ Зотдир. Макон ва жиҳат каби тушунчалар аслида Аллоҳ таоло яратган мавжудотларга хос бўлиб, Аллоҳ макон ва жиҳатдан покдир.
Ҳар нарсанинг ўз моҳир устаси бўлгани каби, Аллоҳнинг каломини тушунишда ҳам ўз усталари, моҳирлари бор, албатта. Аллоҳнинг каломи энг аввало Аллоҳ таолонинг каломи билан, ундан кейин Расулулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари билан, ундан кейин саҳобаи киромларнинг фаҳми, ана ундан кейин эса тобеинларнинг тафсири билан тафсир қилинади. Барча тафсир аҳли бу оятга (إستولى على العرش) “Аршни эгаллади” деб маъно айтганлар. Луғатшуносларга кўра “إستوى” (иставо) фели араб тилида беш хил маънода келиб, шулардан бири эгалламоқ маъносидир. Тўғри, “ўрнашмоқ” маъноси ҳам бор. Аммо бу маъно Алоҳ таолонинг зотига муносиб келмайди. Шунинг учун салафи солиҳлар Аллоҳ таолони макон ва жиҳатдан поклаб “иставо”нинг “ўрнашди” эмас, балки “эгаллади, подшоси бўлди” деган маъносини қўллаб тафсир қилганлар.
Мадина имоми имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳнинг олдига бир киши келиб айни шу оятнинг маъносини сўрайди. Шунда имом Молик ҳазратлари:
الإستوا معلوم و الكيف غير معقول و السوال عنه بدعة
“Истиво”нинг маъноси маълум, кайфияти эса инсон ақли билан идрок қилиш доирасидан ташқарида, бу ҳақда савол бериш эса бидъатдир” – деб жавоб берганлар. Кейин ҳалиги одамни сен ҳам бидъатчи экансан деб ҳузуридан чиқариб юборади. У Жаҳм ибн Сафвон эди. (Жаҳм ибн Сафвон тобеинлар даврининг сўнггида яшаган бидъатчи. Жаҳмиялар оқимининг асосчиси. Имом Заҳабий бу одам ҳақида: “Бирорта ҳам ҳадис ривоят қилмаган, лекин жуда катта фитна уруғини сочиб кетди”, деган.)
Мантиқан олиб қаралганда ҳам соғлом фикр юритган киши англайдики, Аллоҳ осмонда эмас. Чунки самовотни Аллоҳ ўзи яратган бўлса, қандай қилиб ўзи яратган нарса ичига ўрнашиб олиши мумкин. Савол туғилмайдими: “Аллоҳ осмонга ўрнашган бўлса, осмонни яратишидан олдин қаерда бўлган?!”. Шунингдек, яна савол туғилади: “Аллоҳ аршга ўрнашган бўлса, демак аршдан ё каттароқ, ё кичикроқ, ёки тенг. Демак Аллоҳнинг ҳажми ҳам бор эканда?!”. Бу эътиқодлар эса ғирт куфрнинг ўзи. Бундай эътиқодда бўлиб қолишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан сўрашган экан:
- Аллоҳ таоло аршни яратишдан олдин қаерда бўлган?
- Аллоҳ таоло ҳақида “қаерда” деб савол берганинг нимаси, бундай савол беришнинг ўзи нотўғри. Аллоҳ таоло ҳали макон ва замонлар пайдо бўлмасдан олдин ҳам бор эди. Аввал қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам худди шундайдир.
Хулоса қилиб айтганда мушаббиҳалар (Аллоҳга бирор макон ё жиҳат исбот қилиб Аллоҳни бошқа жисмларга ўхшатувчи адашган тоифалар) маъноси зоҳиран олинганда Аллоҳнинг зотига номуносиб тушунчалар берувчи оят ва ҳадисларнинг зоҳирини олишади ва ўзлари билибми ё билмайми залолатга тушиб қолишади. Илгарги карромиялар сингари бугунги салафийлар ҳам шу.
Шунингдек бугунги кундаги салафийлар ҳам “Аллоҳ осмонда” деган ботил ақидаларига аҳли суннат раиси бўлмиш, имомимиз – Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “Кимки, Аллоҳ осмондами ё ердами, билмайман – деса кофир бўлади” деб чиқарган фатволарини ҳужжат қилишади.
Аллома Изз ибн Абдуссалом “Ҳалл ар-румуз” номли асарида имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўша гапини қуйидагича шарҳлаган: “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Кимки, Аллоҳ осмондами ё ердами, билмайман – деса кофир бўлади” деган. Нега кофир бўларкан? Чунки бу гапни айтган одам “Аллоҳ ё осмонда, ё Ерда. Шу иккисидан бирини макон тутган”, деб эътиқод қилади ва Аллоҳга макон исбот қилади. Бу эса ғирт мушаббиҳаликдир. Имом Изз ибн Абдуссалом. “Ҳалл ар-румуз”. Демак, салафийлар Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўша фатвосини нотўғри тушунишган ё атайин нотўғри талқин қилишган.
Охиратда юзим ёруғ бўлсин деган ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари борасида энг тўғри ақидага содиқ бўлиши керак. Зеро, соғлом ақида ибодатларимиз қабулининг гаровидир. Эътиқоди бузуқ одамнинг ибодати мардуд бўлади. Шундай экан, ўзларига “салафий” деб ном қўйган эътиқоди бузуқлардан хушёр бўлишимиз лозим, уларнинг ижтимоий тармқолардаги тўрларига илиниб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз даркор.
ЎМИнинг Андижон вилояти вакили,
вилоят бош имом-хатиби
Мирзамақсуд домла Алимов.