Исломда вақф мисоллари

164

Мусулмонларнинг хайрия ишларининг барчасига динимиздаги вақфлар ҳақидаги кўрсатмалар асос бўлган. Мазкур хайрия ишларини қилишда барча мусулмонларга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари бош ўрнак бўлганлар. У зот турли кишилар тарк қилган еттита боғни мискин фақирлар ва ҳожатмандлар фойдасига вақф қилганлар. Кейин у зотга Ҳазрати Умар, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом, Муоз ибн Жабал каби саҳобалар эргашиб катта миқдордаги вақфларни қилганлар. Аста-секин бу хайрли иш кенгайиб борган ва деярли имкони бор барча саҳобалар вақфлар қилганлар.

   Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

    «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ва масжид бино қилишга амр қилганларида: «Эй Бани Нажжор! Мен билан мана бу боғингизни баҳолашинглар», дедилар. «Йўқ! Аллоҳга қасамки, унинг баҳосини фақат Аллоҳдан сўраймиз», дейишди. Бас, у Зот уни олиб, масжид қурдилар».

     Бу ривоятда Бани Нажжор қабиласи ўзларига мулк бўлган боғ ерини масжид қуриш учун вақф қилганлари ҳақида сўз бормоқда.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

    «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у ерда Рума қудуғидан бошқа ширин сувли қудуқ йўқ эди. Ким қудуқни сотиб олиб ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур, дедилар. Шунда мен уни ўзимнинг асл молимдан йигирма беш ёки ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдим».

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уни қудуқ қилиб ковлатдилар, қурилиш қилдилар ва мусулмонлар учун атаб, вақф қилдилар.

Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу ишлардан ўрнак олишлари керак. Чунки вақф садақаи жория бўлади, ундан доимий равишда савоб етиб туради.

 

Бўстон тумани бош имом-хатиби Б.Қодиров