Бу дунё ҳаётида инсон фаровонликда яшаши учун меҳнат қилиши, ҳалол ризқ билан умргузаронлик қилиши даркор. Аллоҳ таолонинг фазлу-карамига эришмокчи бўлган инсон истиқомати шариатда бўлиб, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши лозим. Бу эса одамга нажот ва бахт келтиради ва уни икки дунё саодатига сазовор қилади. Инсон ҳаёти давомида:уй-жой, улов, озиқ-овқат, кийим-кечакка эҳтиёж сезади. Бу неьматларга эришиш учун одам фарзанди бир ҳунар эгаси бўлмоғи, тинмай меҳнат қилмоғи керак. Мусулмонлар учун ҳидоят манбаи бўлган китобда:”Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” – деб марҳамат қилинган.(Жумьа,10 оят).

Ризқ рўзни ҳалол йўллар орқали талаб қилиш касб ҳисобланади. Инсон ўзи, оиласини ҳалол ризқ-рўз билан таъминлаши ва бу йўлда керак бўлса машаққат тортиши савобли амаллардандир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида: “Аллоҳга тақво қилинглар, ризқни исташда ҳаддан ошманглар. Ризқни кеч қолиши сизни гуноҳга бошламасин” деганлар.

Қанча пайғамбарлар ўтган бўлса ҳаммаси касб-ҳунар билан шуғулланган. Одам алайҳиссалом ерга буғдой экиб, суғориб, ўриб, ун қилиб, нон қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом савдогар, Иброҳим алайҳиссалом баззоз эдилар. Довуд алайҳиссалом темирдан совут ясаганлар. Сулаймон алайҳиссалом сават тўқиганлар. Идрис алайҳиссалом кийим тикканлар. Закарийё алайҳиссалом дурадгор бўлганлар. Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло ҳунарманд ва касблик мўъминни дўст тутар деганлар”.

Баъзи кишилар ризқни Худо берса ишлаб нима қиламиз. Аллоҳга таваккал қиламиз дейишади. Йуқ бу нотўғри эътиқод, чунки ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларида кетаётганларида бир гурух ишламасдан бекор ўтирган одамларга дуч келдилар ва улардан сизлар кимсизлар нима учун ишламасдан кўчада бекор юрибсизлар деганларида. Улар биз таваккул қилгувчилармиз деб жавоб бердилар. Шунда хазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Йуқ сизлар текинхўрсизлар, таваккул қилгувчилар аввал донни ерга сепиб, кейин Аллоҳга таваккул қиладилар” деб жавоб бердилар.

Дунёга ўзларининг бой илму меъросини қолдирган аждодларимиз албатта бирор касбу-ҳунарни мукаммал эгаллашган ва шу орқали тамаъгирликдан,бировни кўлига қараб қолишдан тийилишган ва ҳалол рўзғор тебратишган.Улардан Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Дил ба ёру даст ба кор” (қўлинг меҳнатда бўлсин, қалбинг Аллоҳда) шиорига мувофиқ иш тутишган.

Ёшликда илм, касб-хунар эгалламаслик ҳаётда бошқаларга ҳасад билан қарашга, таъмагирликка ва хорликка олиб боради. Хозирги ёшларимиз учун илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашлари учун ҳамма шароитлар муҳайё. Демак ёшларимиз илм олишлари ва шу билан бир қаторда ҳунар ўрганишлари шарт ва зарур. 

Зиёдулло домла  Исомиддинов

Бўстон туман “Абдуназар ота” жоме масжиди имом хатиби