Муқаддас Қуръони каримда инсонни гўзал суратда яратилганлигини Аллоҳ таоло баён қилади. Шунга мувофиқ ҳар бир мусулмон юриш- туриши, кийиниши, муомаласи ва бошқа жиҳатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Ислом динида соқол қўйишлик суннат амал бўлиб, тарихга назар соладиган бўлсак улуғ бобокалонларимиз, Ҳазрати Навоий, Ибн Сино, ал- Беруний, ал- Фарғоний, ал- Хоразмийдек алломаларимиз ҳам муборак суннатга амал қилиш билан бирга ўзларининг билим ва маърифатлари ила илм- фанга катта ҳисса қўшишган. Ҳозирги кунга келиб соқол қўйишлик айниқса ёшларимиз ўртасида “урф” бўлган одатлардан бирига айланди. Соқол қўйишликнинг одобига амал қилган ҳолда, ҳаддан ошмасдан беўхшов ёки бировга тақлид қилмаган ҳолатда, соқолни узун ҳам, қисқа ҳам қўймаслик, балки ўзининг бўйига ранги рўйига мослаб, ҳусн бўладиган, ярашадиган қилиб қўйса ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо баъзи бир ёшлар, соқол қўйишликда ҳадан ошишликлари шариатимиз мезонларига тўғри келмаган ҳолатда диний тушунчаларни тушунмасдан, кўр-кўрона кинофильм актёрларга, қўшиқчиларга, футболчиларга, тақлид қилишлик авж олган бўлса, ёшларимиз соқол қўйган ҳолда пиво ичса, оғзига сигарета, носвой бўлса, кийган кийимлари ўзига ярашмаса, бир-бири билан мулоқот қилганда фаҳш сўзларни ишлатса бу қанақаси, ахир ислом дини шиорини оёқ ости қилишлик эмасми?.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз салаоҳу алайҳи васалам айтдилар: “Мушрикларга хилоф қилинг, мўйлабни қисқартириб, соқолни пасайтиринглар” дедилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳаж ёки умар қилсалар соқолларини тутамлаб, ортиғини олар эдилар. (Умдат-ул қорий фи шарҳ саҳиҳ ул-бухорий” Бадриддин Айний Либос китоби 64-боб 71-саҳифа 5893-ҳадис).
Бу ҳадисдан маълумки, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анаҳу ҳаж ёки умрани ният қилиб эҳром кийганларида соқолларини тутамлаб ушлар, бир қабзадан ортиқ бўлса, дарҳол уни қирқиб ташлар ва уни атрофини тартибга келтирар эканлар. Бу эса соқолни пастидан ва ёнидан олишга рухсат борлигини кўрсатади.
Имом Моликнинг “Муватто” асарларида Нофеъдан ривоят қилинади Ибн Умар розияллоҳу анаҳу ҳажда сочларини олсалар, соқоллари ва мўйлабларни ҳам қисқартирар эдилар. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло Фатҳ сураси 27-оятда: “…Масжиди Ҳаромга, иншоаллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда, қўрқмасдан кирасизлар” деб марҳамат қилади У зот буни Аллоҳнинг оятига инобат қилиб бажарган дейдилар. (Фатҳ ул-Борий” 10-жуз, 362-саҳифа .)
Ҳасан Баcрий раҳимаҳуллоҳ соқолларни бўйидан ва ёнидан қисқартирардилар уларни тартибсиз бўлиб кетишдан сақланар эдилар. (Фатҳ ул-Борий” 10-жуз, 363-саҳифа .) Бунга далил қилиб Пайғамбар саллалоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиган ҳадис келтилади. Бу ҳадисни Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ устозлари Имом Бухорийдан ривоят қилинади Амр Ибн Шуъайб розияллоҳу анҳу оталаридан ривоят қиладилар: Набий салоллоҳу алайҳи васаллам соқолларни узунасидан ва ён томонларидан қисқартирар эдилар”, дейдилар
Бадриддин Айний ўзларининг “Умдат-ул қорий фи шарҳ саҳиҳ ул-бухорий” асарларида Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтирадилар. Умар розияллоҳу анҳу бир одамни соқоли узун қилиб кўримсиз бўиб ўзига тортаятганини кўрдилар сўнг айтдилар: “Менга қайчи келтиринг” дедилар. Қўллари билан ушлаб пастини кесиб ташладилар. Ва Умар розяиллоҳу анҳу ҳалиги одамга: “Боргин сочингни тўғрила ёки уни кесиб ташлагин. Сизлардан бирингиз ўзини ташлаб қўяди(яъни ўзига қарамай қўяди) ҳатто йиртқич ҳайвонлардан бир ҳайвонга ўхшаб қолади дедилар”
Бу ҳадислар келган кўрсатмалар ва Умар розияллоҳу анҳу қилган ишларидан шу нарса аёнки, мана шу ҳолатдан ошириб юбормасликка ишорадир. Айтилган ҳолатдан оширганлар бўлса чегарадан чиқади ҳамда Умар розияллоҳу анҳу таъзирларига учрар эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам қўллари билан соқолларини тутамлаб ундан ортиғини кесиб ташлар эдилар. (Умдат-ул қорий фи шарҳ саҳиҳ ул-бухорий” Бадриддин Айний. Либос китоби 72-саҳифа.)
Бунда соқолни қирқиб, унга тиғ теккизиб бўлмайди деб айтадиган тассубга берилган тоифадарга етарлича жавоб бўла олади.
Соқол қўядиган киши тоза, озода, одобли, муомалали, покиза, илмли, халққа, жамиятга фойдаси тегадиган инсофли киши бўлмоғи лозим. Соқол қўйишлик суннат деб бир томонлама ўйламасдан балки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари ва қилган ишлари биз учун суннат эканлигини эсан чиқармаслигимиз лозим. Шуни билмоқ керакки, исломда соқол қўйиш бўлса ҳам лекин соқолда ислом йўқ. Чунки соқол қўйиш нафақат мусулмонларнинг одати балки бошқа дин вакилларида ҳам буни учратиш мумкин. Бундан маълумки, қиёматда бандани мезонини оғир келтирадиган гўзал ахлоқла зийнатлананиш айни Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламни суннатларидир.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй болам, агар эртаю-кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу- ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар. Сўнгра яна:
«Эй болам, шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».(Термизий ривояти)
Назофат бобида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ибрат олиб, айтган ҳадисларига амал қилмоқлиғимиз яъни, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: соч соқолли киши уни ювиб, ёғлаб туришлиги, мўйлаблик киши мўйлабини пасайтириши, кийимлари тоза бўлиши, оғзини мисвок қилмоқликка буюрганлар. Агар барчамиз Расуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни буюрганларига амал қилсак икки дунё саодатига эришамиз.
Анваржон домла Ибайдуллаев
Олтинкўл тумани Уйшин жоме масжиди имом хатиби