Ислом дини – экстремизмга қарши
Ислом дини азалдан фитна-фасодга қарши курашиб келади. Ислом дини ошкора ва ботиний фитналардан қайтариб, ундан паноҳ тилашга буюрган диндир. Аллоҳ таоло мусулмонларни тафриқага бўлинишдан қайтариб, адолат ва тўғрилик йўлида бирлашишга чақиради. “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”… (Оли Имрон, 103).
“Экстремизм” тушунчаси Ислом динининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар с.а.в.нинг ҳадисларида қайта-қайта келган “ғулув” (الغلو), “туғён”(طغيان) , “ҳаддан ошиш” (تعدي الحدود)каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қораланган ва мусулмонлар бундай амаллардан қайтарилган. Масалан, Қуръони каримда ғулув лафзи бир нечта оятларда келган ва уларнинг барчасида Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан кайтарган. Жумладан: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз! …” (Нисо, 171). Яна бошқа бир ояти каримада: “Айтинг: “Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида, 77).
Ғулув лафзи араб тилида белгиланган миқдордан ортиб кетишга айтилади. Масалан, нарҳ навонинг ҳаддан ошиб кетишини ҳам, қозондаги сувнинг қайнаб тошишини ҳам ғулув дейилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, динда рухсат этилган, ҳад ҳудуди белгилаб берилган чегарадан чиқиб, рухсат этилмаган тарафга ўтишга ғулув дейилади. Қуйидаги оятларда ҳаддан ошишдан қайтарилган: “Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир” (Ҳуд, 112). “Кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилса, ана ўшаларгина золимлардир” (Бақара, 229). Демак, ҳаддан ошишлик, бу тажовузкорлик демакдир.
Ислом дини тавҳид дини ўлароқ, унда якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилган бўлиб, мусулмонларни ҳам бирдамликка чақирилгандир. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, ғулув ва ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум, 32).
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Албатта, бу дин енгилдир. Ким унда чуқур кетса, енгилади. Бас, тўғри бўлинглар, амалларингизни мўътадилликка яқин қилиб олиб боринглар, дин ҳақида фақат яхши гапларни айтинглар. Тонг вақтида, кундуз куни ва туннинг бир оз вақтида тоат ибодат қилиб фойдаланинглар” (Бухорий ривояти). Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Ҳаддан ошувчи, ғулувга кетувчилар ҳалокатга учрадилар”, деб уч марта такрорладилар. (Муслим ривояти). Яна бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар: “Бу илмни (динни) ҳар бир авлоднинг адолатли кишилари кўтарадилар. Улар уни ғулувга кетувчиларнинг ўзгартиришларидан, бузғунчиларни эгалик қилишларидан ва илмсиз жоҳилларнинг нотўғри таъвил қилишларидан асраб турадилар”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳозирги кунда Ислом оламида бир қанча ғулувга кетган экстремистик гуруҳлар мавжудки, буни кўрган баъзи ғарб оммавий ахборот воситалари ушбу экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракларини ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ҳолбуки, бугунги кунда экстремизм бутун жаҳон муаммосига айланди, ундан дунёдаги деярли барча давлатлар жабр кўрмоқда, жумладан мусулмон давлатлари ҳам. Юқорида биз айтган ОАВ вакиллари билмайдиларки, Ислом динининг ўзи экстремизмга қарши ва у экстремизмга қарши курашни бундан ўн беш аср олдин бошлаган.
Аллоҳ таоло аввал ўтган умматларнинг ихтилофга берилганлари оқибатида халокатга учраганларидан ибрат олишга чақиради. “Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон, 105).
Хулоса шуки, динда ғулувга кетиш инсоннинг динини ҳам дунёсини ҳам ҳалокатга элтади. Бас, “… ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”. (Бақара, 195).
Зиёдулло домла Исомиддинов
Бўстон туман “Абдуназар ота”
масжиди имом хатиби