Дунёда кўнгил одами бўлинг! Ким бир мусулмонни кўнглига қувонч ҳадя эта олса, Аллоҳ таоло ўша бандадан рози бўлади. Ким бир ғарибнинг кўнглини олиб мурувват қилолса, Аллоҳ азза ва жалла у бандани охират куни ҳурсанд қилади.
Шу ўринда тариҳдаги ибратли бир воқеа ёдимизга тушди. Ҳазрати Шайҳ Абдуллоҳ ибн Муборак бир йил ҳажга бордилар. Ҳаж ибодати якунланган куни уйқуларида осмондан икки фаришта тушганини кўрдилар. Улар: “Бу йил ҳажда уч юз минг киши бор эди. Аммо ҳеч бирининг Ҳажи қабул бўлмади”, деб сўзлашар эди. Ҳазрат уйқудаги ҳолатида сўрадилар: “Шу қадар узоқ ерлардан келганларнинг ибодатлари зое бўлдими?” Фаришталар саволга жавоб айтдилар: “Шом шаҳрида бир ямоқчи бор, Али бин Муваффақ дейдилар. Бу йил Ҳажга келмоқчи эди, кела олмади. Фақат мужаррад ниятининг ўзи билан Ҳажи қабул қилинди”.
Абдуллоҳ ибн Муборак Шомга келиб уни топдилар. Тушини айтиб берган эди у наъра тортиб юборди. Йиқилиб, ҳушидан кетди. Ўзига келгач:
~Бу не ҳолдир? ~деб сўрадим. Айтдики:
~Ё Шайҳ! Уч йилдирки Ҳажни ният қиламан. Пулим етмай боролмай юргандим. Бу йил беш юз танга йиғдим. Ҳажга ҳаракат қила бошлаган пайтимда ҳотиним ҳомиладор бўлиб қўшни уйдан келаётган гўшт ҳидини туйиб, егиси келди, кўнгли кетиб, “менга озгина берсин”, деб қайта-қайта ёзғирди. Ноилож қўшнига чиқиб пишираётган гўштидан озгина сўрадим. Бермади. Сабабини изоҳлаб, уч кундан бери болалари оч ётганини, харом ўлган ҳайвоннинг гўштидан кесиб келтириб зарурат юзасидан, очдан ўлиб қолмаслик учун уларга пишириб бераётганлигини, қозонда пишаётган гўшт ўша эканини айтди. “Биз зарурат юзасидан еймиз, сизга харомдир, қандай бераман?”-деди ва йиғлади. Буни кўриб юрагим ачишди. Беш юз тангани олиб чиқиб қўшнимга бердим. Бу йил менинг ҳажим шу бўлсин, дедим.
Ҳа, азизлар! Бизлар қай ниятда ҳаж ва умраларга бормоқдамиз? Ўйланиб қоласан одам. Қайта-қайта ўша муборак жойларга бориб келиб ҳам уялмай гуноҳлардан тийилмаганларни кўриб юқоридаги Али бин Муваффақнинг ибратли, қабул бўлган ҳажи ёдимга тушади.
Эй имон келтирганлар!
Аллоҳ таоло жаннатни сизларнинг бир-бирларингизга яхшилиеларингиз ва мурувватларингиз эвазига ҳам беради.
Ҳой одамлар!
Энг буюк Ҳаж бир кўнгилга йўл топиб киришдир. Бир кўнгил юзларча Каъбадан гўзалдир. Каъба ҳазрати Иброҳимнинг биноси бўлса, кўнгил Аллоҳнинг назаргоҳидир.
Балки сизнинг Ҳажингиз, жаннатингиз ночор қўшнингингизнинг хокисор кўнглидадир.

Абдурахмон домла Артиқов,
Андижон шаҳар “Уйғур”
жоме масжиди имом-хатиби.