Ислом таълимоти инсониятни ўзаро яхши алоқада, яхши муомилада бўлишга чақиради. Ҳусусан, қўшничилик хақ-ҳуқуқлари борасида ҳам талайгина таълимотлар бор. Хар бир мусулмон оила бу илмни ўрганиб амал қилиб яшар экан нажот топади. Эл-юрт, маҳалла-кўй олдида намунали оила бўлади.
Қўшничиликда ҳатто у ғайридин бўлса ҳам қўшнилик хаққи борлиги учун у билан ҳам гўзал муомила ва алоқада бўлишлик динимизда таъкидланади. Абдуллоҳ ибн Амр қўй сўйганларида ўзига ёмонлик қилиб юрган яҳудий қўшнига гўшт беришни қайта-қайта тайинлайдилар. Бизчи? Озгина ҳатолик ўтган қўшнимизни ёмон кўрамиз, алоқани узамиз. Қани биздаги мусулмонлик ҳулқи ва одоби?
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
” Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, қайси бирига ҳадя берай? “~деб сўрадилар. Ул зот:” Сенга эшиги яқинроғига”, ~ дедилар”. Бу ҳам билиб қўймоғимиз керак бўлган маълумот.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Яқин қўшнини қўйиб узоқ қўшнидан бошламайди” ~дедилар. Ҳадяни узоқдаги қўшнидан бошланса ён қўшнилар кўрса кўнгли оғриши, озорланиши бор, шунинг учун шу тавсия ҳам муҳим. Ижтимоий алоқаларга путур етса одамлар орасига совуқчилик тушади. Бу мусулмонларни пароканда бўлишига сабаб бўлувчи омиллардандир. Набий алайҳис саломнинг қўшничилик борасида кўп ва ҳўп кўрсатмалари бор. Ўзи тўқ бўлиб қўшниси оч қолган мўмин эмаслиги, қиёмат кунида қўшнисининг бўйнига осилиб олиши бор хақиқатлар. Агар қўшни ёрдам сўраб чиқса, имкон бўлиб туриб ёрдам қўлини чўзмай юзига эшик ёпишлик ҳам бандани қиёмат кунида юзини қаро қилади.
Набий алайҳис васаллам:
“Эй, Абу Зарр! Шўрва қилсанг, сувини кўпайтиргин-да қўшниларингдан хабар ол” ~дедилар. Бундан кўринадики, кўринмай қолган қўшнидан хабар олиб ҳол сўрашлик унинг хақларидан экан. Бугунги қўшничилик аҳволимиз шариат кўрсатмаларидан афсуски олисда. Қўшнилар бор, бир-бирини танимайди. Ҳатто уйида ўлиб қолса ҳафталаб биров билмай қолган кунларда яшаяпмиз. Шунингчун ҳам ўзаро муносабатларимизда илиқлик ва оқибат йўқ. Охиратини унутган одамгина бечораҳол қўшниларини ҳолига ташлаб қўяди. Етими бор ночор қўшнилар олдидан бозорлик кўтариб олиб ўтиб уйга кириб кетишнинг ўзи мўмин учун оғир иш. Аллоҳдан умиди бор қўшни албатта уларга ҳам рағбат ва мурувват кўрсатади.
Мусулмон одам асло қўшниларига озор бермаслиги керак. Бир аёлики, кечаси билан намоз ўқийди, нафл рўзалар тутади ва фалон яхшиликларни қилади-ю, лекин қўшнисига озор етказишини Набий алайҳи васалламга айтганларида, он ҳазрат: “У аёлда яхшилик йўқ. У дўзаҳ аҳлидандир”, ~дедилар. Аллоҳ сақласин. Қаранг-а! Шунча ибодатларни биргина тили ила озор бериши билан йўққа чиқариб” дўзаҳ аҳли”дан бўлиши ачинарли ҳол.
Бугун қўшнисининг тилидан тинчлиги ва ҳотиржамлигини йўқотганлар йўқ дейсизми? Тили билан озор ва ситамлар етказаётган шаллақи аёллар афсуски бор, орамизда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий алайҳи васаллам:
“Кимнинг қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмаса у жаннатга кирмайди”,- дедилар”.
Ҳа, бировнинг оиласини тинчини бузиб, озор берса тавба қилмай, кечирим сўрамай ўлиб қолса у инсон учун энди жаннат бегона экан. Сўзимиз охирида айтамизки:
Ҳой одамлар! Ҳаддингизни билинг! Қўшнингизга озор берманг! Сизни зинҳор ҳисоб куни қўшнингиз: “ёмон қўшни эди”, демасин. Қўшничилик хаққини бузиш, шариат чегарасини бузиш ва зулмдир. Зинҳор қўшнингизга ёмонлик соғинманг! У ёмон бўлса сиз ҳам ёмонлик қиласизми? Қўшнингиз балки бу таълимотларни билмас, энди сиз билиб, ўқиб туриб яна ёмонлигига яхшилик-ла жавоб бермас экансиз, сизда ҳам яхшилик йўқ. Эрта кун сизнинг ҳисобингиз қўшнингизникидан оғирроқ бўлади.

Абдурахмон домла Артиқов.

Андижон шаҳар “Уйғур”

жоме масжиди имом-хатиби.