Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ким Аллоҳга йўлиқишни умид қилса, Аллоҳ аҳлини ҳурмат-иззат қилсин”, дедилар.
Саҳоба­лар: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг ҳам аҳли бўладими?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?” деб сўрашганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улар Қуръон ўқувчилардир. Огоҳ бўлинглар, ким уларни иззат-икром қилса, Аллоҳ уни икром қилади ва жаннатга киритади. Ким уларни хорласа, Аллоҳ уни хорлайди ва дўзахга киритади. Эй Абу Ҳурайра! Аллоҳнинг даргоҳида Қуръон ҳофизидан ҳурматлироқ кимса йўқдир. Аллоҳ ҳузурида Қуръон ҳофизи пайғамбардан бошқа барча инсонлардан икромлироқдир”, дедилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизларга қиёмат кунида умматимнинг энг афзали кимлигини билдирайми?” дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” дейишди саҳобалар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Улар Қуръон ўқувчилардир. Қиёмат кунида Аллоҳ: “Эй Жаброил! Ким Қуръон ўқиган бўлса, турсин, деб нидо қил”, дейди. Жаброил алайҳиссалом уч марта нидо қилади. Шунда улар саф-саф бўлиб, Аллоҳ ҳузурида туришади. Аллоҳ уларга: “Ўқинглар ва овозларингни кўтаринглар”, дейди. Улардан ҳар бири Аллоҳ Қуръонидан илҳомлантирганича ўқийди. Ким ўқиса, овози, оҳанги, хушуси, тадаббурига кўра даражаси кўтарилади. Сўнгра Аллоҳ: “Эй аҳлим! Дунёда ким сизларга яхшилик қилганини биласизларми?” дейди.“Ҳа”, деб жавоб беришади улар. Шунда Аллоҳ айтади: “Маҳшарга боринглар! Ким уларни таниса, ўзлари билан бирга жаннатга олиб кирсин!” дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: «Исро кечасида Аллоҳ менга айтди: “Эй Муҳаммад! Умматингизга буюринг, уч тоифа одамларни иззат-икром қилишсин: ота-оналарини, олимларни ва Қуръон ҳофизларини. Эй Муҳаммад! Умматингизни огоҳлантиринг, ким уларни ёмон кўрса ва хорласа, унга Менинг ғазабим қаттиқ бўлади. Эй Муҳаммад! Аҳли Қуръон менинг аҳлимдир. Дунё аҳлига икром қилганимдан уларни дунёда сизнинг ҳузурингизга қўйдим. Агар Қуръон уларнинг қалбларида ўрнашмаганида эди, дунё аҳлини ҳалок қилган бўлардим. Эй Муҳаммад! Ҳофизи Қуръонлар қиёмат куни азобланмайди ва ҳисоб-китоб қилинмайди. Эй Муҳаммад! Жаннат уч тоифага муҳтождир: сизга ва сизнинг саҳобаларингиз Абу Бакр ва Умар розияллоху анхумога ҳамда ҳофизи Қуръонга”».
Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир”, деганлар.
Энг аввало, Қуръон ўқувчи киши ихлосли бўлиши, Қуръон одобларига тўлиқ амал қилиши лозим. Тиловат асносида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тутиши ва Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлишини уламолар тавсия этади. Гарчи у кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло уни кўриб турувчидир.
Холиқимиз бизларни ва фарзандларимизни ҳам ХОФИЗИ ҚУРЪОНлардан қилсин. Амийн.

Анваржон домла Ибайдуллаев,
ОЛтинкўл тумани «Уйшин»
жоме масжиди имом-хатиби.