ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ

1367

Ислом шариатида инсон жони ва ақлини сақлаш ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шунга биноан шариатда жон ва ақл ўз вазифасини мукаммал равишда адо этишида риоя қилиниши лозим бўлган илоҳий кўрсатмалар батафсил баён этилган. Агар мусулмон киши Аллоҳ таолонинг бу ҳаётий тавсияларига риоя қилса, уни икки дунёда ҳаёти намунали кечади ва жамият олдида инсон деган улуғ номни эъзозлаган бўлади.
Агар инсон жон ва ақлни эҳтиётлаш борасидаги мувозанатни бузулишига сабаб бўладиган салбий йўлларга қадам қўйса, албатта, у ўзига омонат қилиб топширилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган бўлади ва ўзини ҳалокат чўғига ташлаган бўлади. Гиёҳвандлик ҳам ушбу неъматнинг заволига сабабчидир. Зеро, бу Аллоҳ иродасига зид амал. Аллоҳ азза ва жалла барчамизни огоҳлантириб, айтади:
“…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг!..” (Бақара, 195).
Бошқа бир оятда эса:
“…ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир” (Нисо, 29).
Бу оятдаги “ўзларингизни ўлдирмангиз!” бирикмаси бир неча хил тафсир қилинган:
1. “Бир-бирингизни ўлдиришингиз ўзингизни ўлдирганингиз билан баробардир. Зеро, ҳаммангиз бир хил динга мансуб кишиларсиз”.
2. “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”. Яъни, ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай, ўзини-ўзи ўлдириш таъқиқланмоқда. Ёки шаръан рухсат этилмаган ҳар қандай гиёҳвандликка муккасидан кетиш ҳам шулар жумласидандир.
3. “Мол-мулкларингизни ўзаро ноҳақ йўллар билан ейишингиз ўзингизни ўзингиз қатл қилишингиз билан баробардир”.
Ҳозирги вақтда жаҳоннинг деярли барча жойларида тарқалган гиёҳвандлик офати инсон жони ва ақлини ўз вазифасини адо этишдан маҳрум қилиб, ҳаётга эндигина қадам ташлаб келаётган азиз фарзандларимизни ногирон бўлиб қолишларига олиб келмоқда.
Маълумки, Ислом таълимоти инсон ҳаёти учун фойда келтирмайдиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан қайтаради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ёмон ишларни қилишни таъқиқлаганлар:
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Шу сабаб ҳам уни истеъмол қилиш шаръан ножоиз.
Инсон саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ман қилинишига Бурҳониддин Марғилоний каби олиму уламолар иттифоқ қилишган.
Ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ табиб-докторлари бир овоздан тасдиқламоқдалар. Гиёҳвандликнинг аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда, жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг суратда тушунтирилмоқда.
Инсон ҳаёти, айниқса, ёшларимиз келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг шарафли бурчидир.

 

Андижон туман

“Обод” жоме масжиди

имом-хатиби

Азимов Мансур