Фонд раҳбари зиёрат туризмига бағишланган халқаро форумда иштирок этмоқда

1000

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухоро I халқаро зиёрат туризми форуми бўлиб ўтмоқда.


Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш, айниқса, уни ислом дунёсидаги зиёрат туризми марказларидан бирига айлантириш мақсадида ташкил этилаётган мазкур тадбир жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ушбу йирик тадбирда иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Искандар Халилов иштирок этмоқда.

Хорижий мамлакатларнинг ОАВлари ушбу тадбирга жуда катта эътибор қаратишмоқда. Хусусан, Уммон давлатининг «Виджхат» газетаси муаллифи Юсуф Булуши бўлажак тадбир ҳақида хабарни тақдим этди.

Форум зиёрат-туризми соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистонни дунёдаги энг йирик зиёрат туризми марказларидан бири сифатида тан олинишини таъминлаш, шунингдек, мамлакатни чет эл зиёратчи-туристларига янада танитиш ва жозибадор туристик йўналишларидан бири сифатида очиб бериш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ҳамда халқаро “Ҳалол” стандартларини жорий этиш мақсадида ўтказилмоқда.

Форум ишида олимлар, теологлар, экспертлар ва зиёрат-туризми соҳасидаги мутахассислар иштирок этмоқда.

Хабар қилинишича, тадбир иштирокчилари зиёрат жойлар ва Бухородаги зиёрат-туризм объектлари бўйлаб экскурсиялар ташкил этилади. Бундан ташқари, форумда зиёрат-туризми, зиёрат туризми инфратузилмасини ривожлантириш учун инвестиция ва грантларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинади.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати