Муҳаммад Жавҳар Заминдор: «Эй ўғил! Дунёда энг ёқимсиз ва энг ёмон хислатлардан бири ишламасдан бошқаларнинг инъом-эҳсонига тама кўзини тикишдир. Касб-ҳунар эгаси тамадан холидир. У ўз ҳунарининг фазилати туфайли ўз меҳнати билан ҳалол ризқ топиб ейди».
Муҳаммад Жабалрудий: «Эй ўғил, ҳунарсиз, дангаса ва ишёқмас кишилар билан улфатлик қилма, уларнинг таъсири сенга ҳам уради, дангасаларнинг доимий фикру ўйи ишламасдан катта ейиш, яхши кийинишдир. Улар беҳуда сўзлашни, вақтни хуш ўтказишни, танани семиртиришни ўйлайдилар. Семиз кишининг дил кўзи бекилган бўлади, доимо ором топишни ўйлайди, кўп еб семиришни ўйловчи кишиларни донолар
“ҳайвон табиатли кишилар” дейдилар».
Луқмони ҳаким ўз ўғлига насиҳат қилиб қуйидагиларни айтган: «Эй ўғлим, ялқовлик кўчасига кирма, кўнглинг тор бўлмасин, чунки кимда ялқовлик ва бесабрлик бўлса, у ҳеч қачон бахтга эриша олмайди! Касбдан қўлингни тортмагил, кимки халқнинг муҳтожи ва бечораси бўлса, унинг дили танг ва ақли заиф ва унинг муруввати ботил бўлгай ҳамда халойиқ унга ҳақорат кўзи билан қарагай. Эй ўғлим, дунёдан охиратингга зарар етказмайдиганини ол. Ундан бир йўла бош тортиб, одамларга боқиманда бўлиб қолма. Лекин дунёдан етарлисини ол».

(“Ҳалол касб-ҳунар –қут-барака келтирар” китоби асосида тайёрланди)

Бахтиёржон домла Қодиров
Бўстон туман бош имом-хатиби