БУ ДУНЁ – СИНОВ МАЙДОНИДИР.

Сабру қаноат бахту саодатга эриштиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!», деб марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 200-оят).

Ҳар бир банда синовга дучор бўлувчидир. Зотан, бу дунё – синов майдони. Ундаги синовлар бири ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси… етиб келаверади. Ҳаёт аслида ана шундай битмас-туганмас имтиҳонлар ҳалқасидир. Аллоҳ таъоло бу ҳақда огоҳлантириб: «Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” дейди (Бақара сураси, 155-оят).

Синов бандаларнинг тоқатига қараб бўлади. Чунки «Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди» (Бақара сураси, 286-оят).

Пайғамбарлар ҳаммадан кўра кўпроқ азият чеккан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида мусибати энг оғири пайғамбарлардир. Сўнгра уларга эргашган солиҳлар, ундан сўнг ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Аллоҳ таоло ризқ миқдорига қараб ёрдамчиларни туширади. Бало даражасига қараб сабрни туширади, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Мусибатларга сабр қилувчилар учун улкан ажру мукофотлар бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни, албатта, жаннатда остидан анҳорлар оқиб турадиган кўшкларга жойлаштирурмиз. Улар у ерда мангу қолурлар. (Яхши) амал қилувчиларнинг (қиёмат куни оладиган) мукофоти нақадар яхшидир! Улар сабр қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган зотлардир» (Анкабут сураси, 58-59-оят).

Ҳар бир қийинчилик ортидан албатта енгиллик келади.

Раббимиз ҳеч бир бандасига бирор синов юбормайдики, унинг ортидан яхшиликлар, муваффақиятлар келмаса. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир» (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенгчиликда Аллоҳни танигин, У ҳам сени қийинчилик пайтида танийди. Билгинки, сенга етмаган нарса, сенга етадиган эмас эди. Сенга етган нарса, сенга етмайдиган эмас эди. Албатта, нусрат (ғалаба) сабр билан бирга, албатта, шодлик ғам ила бирга, қийинчилик енгиллик билан бирга бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Сабр қилувчиларга Аллоҳ таолонинг чексиз неъматлари етиши ҳақдир: «Бас, (эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир…» (Рум сураси, 60-оят).

Ҳар бир синов замирида Аллоҳнинг ҳикмати бор.

Албатта, Аллоҳ таоло бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмлидир. Аллоҳ бандаларига бирор ёмонликни раво кўрмайди. Синовлар орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади. Муваффақиятларга эришиш учун машаққат талаб қилинганидек, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ҳам синовларга сабр қилиш лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”, деганлар.

Синовлар келишига имонда бўлиш. Инсон ўзига етган мусибатни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканини билса, унга қалби ила рози бўлади. Ҳар қандай синовларни розилик билан қабул қилиш мусибатларни енгишнинг гўзал муолажасидир. Аксинча, синовларга ношукрлик қилиш, жазавага тушиш мусибат устига мусибатдир. Зеро, ношукрликнинг ўзи энг катта мусибат.

Дарҳақиқат, мусибатнинг албатта келишини Раббимизнинг ўзи бизга хабар қилиб, унга тайёр бўлиб туришимиз зарурлигини қуйидагича огоҳлантиргандир: «Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид сураси, 22-оят).

Энди ана шунга ҳам қарамасдан, озгина мусибат етса ҳам жазавага тушиш кўрнамакликдан ўзга нарса бўлмайди ва Аллоҳ таолонинг ғазабини қўзғайди.
Холиқимиз бизларни бандаликни бажо қилиб,сабрли, қаноатли, барча хусни-хулқларга эга мўминлардан қилсин.

Анваржон домла Ибайдуллаев,
Олтинкщл тумани “Уйшин”
жоме масжиди имом-хатиби.