Оила мустаҳкамлигини таъминловчи омиллардан бири фарзандлардир. Турмуш қуришдан асосий мақсад ҳам насл давомийлигини таъминлаш, зурриёт қолдириш ва унинг камолини кўришдан иборат. Оилада улғаядиган боланинг қандай инсон бўлиб шаклланиши биринчи навбатда ота-онага боғлиқ. Улар эса ишни, аввало, болага чиройли тарбия беришдан бошламоқлари даркор. Зеро, тарбия барча ҳикматларнинг аввалидир.
Ҳар бир инсон ўз фарзандини дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилади. Шунга эришиш йўлларини ахтаради. Бу йўлда тўғаноқ бўлган барча тўсиқларни енгиб ўтишга интилади. Аммо айрим оилаларда боланинг рисоладагидек инсон бўлиб етишувида тарбия биринчи восита экани эътибордан четда қолади.
Тарбияни қачондан бошлаш зарур экани ҳақида кўплаб манбаларда қимматли маълумотлар берилган. Эркак киши уйланар экан аввало ҳаёли, одобли, солиҳа қизни танлаши керак бўлади. Худди шундай, қиз бола ҳам турмушга чиқаётганда куёв боланинг яхши фазилатларга эга эканига қаноат ҳосил қилиши лозим. Чунки танланган инсон келажакда фарзандларнинг онаси ёки отаси бўлади.
Мўътабар манбаларда қайд этилишича, бола тарбияси уч босқичда амалга ошади. Биринчиси – муносиб жуфти ҳалол танлаш, иккинчиси – ҳомила давридаги парвариш, учинчиси – фарзанд дунёга келган кундан бошлаб бериладиган тарбия.
- Турмуш қураётганда одобли ва салоҳиятли жуфт танлаш муҳимдир. Фарзанд тарбиясидаги энг муҳим бўлган бу босқич тўғри асосда амалга ошса, кейинги босқичлар ҳам ижобий натижа беришига замин яратилади.
Турмуш қурган киши Яратгандан солиҳ фарзанд тилайди. Қуръони каримда солиҳ фарзандни, авваламбор, у ҳали ҳомилага айланмай туриб дуода сўраш ҳақида оят-ибратлар келган. Жумладан, «Оли Имрон» сураси 38 оятида бундай дейилади: «Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитгувчидирсан». Аллоҳ бу оятда ўз бандаларига пок ният ва юксак келажакни орзу қилиб, эртанги кун ворисини Ўзидангина сўрашни ўргатмоқда.
Бола туғилишидан аввал ота-оналар ўзлари намуна бўлишлари учун турли иллатлардан сақланмоқлари, руҳиятларини пок тутишга уринмоқлари зарур. Бу ҳақда Абдулла Авлоний айтади: «Тарбия қилгувчилар табиб кабидирки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига «яхши хулқ» деган давони ичидан, «поклик» деган давони устидан бериб, катта қилмоғи лозимдир». Бу гаплар замирида юксак тажриба самараси ўлароқ, тарбияни тарбиячи ўзидан бошламоғи зарурлиги тушунилади. Зеро, бола эшитганларидан кўра кўпроқ кўрганларига эргашади.
- Фарзанд тарбиясининг иккинчи босқичи ҳомила даврида амалга оширилади. Бу босқичда аёлга ташқи жиҳатдан ва ўзи томонидан катта эътибор қаратиш талаб этилади. Бола туғилгунига қадар аёлга моддий-маънавий шароит яратиб берилиши керак. Фарзандни соғлом туғилиши учун уни барча оғир вазифалардан озод қилиш лозим. Ҳомиладор аёлни асабийлашишдан жуда эҳтиёт қилиш керак. Аёл кўп асабийлашса, мажбурий қийноқларга рўбарў қилинса, бола асаб касалликлари билан туғилиши тиббий жиҳатдан исботланган. Демак, ҳомиладор аёлга муносиб шароит яратиш билан, аслида туғилажак фарзандимизга яхшилик қилган, боламизни руҳий жиҳатдан асраган бўламиз.
Ҳомиладорлик пайтида бола қандай тарбияланади? Энг асосийси аёл ўзини маънавий ва жисмоний жиҳатдан авайлаши керак. Бу даврда аёл фақат ҳалол егуликлар емоғи, гўзал нарсаларга қарамоғи, ёқимли сўзларни тингламоғи ва мулойим бўлмоғи лозим. Энг муҳими эса, тўғрисўзликка ўта аҳамиятли бўлиши талаб этилади. Чунки туғиладиган фарзанд айнан онанинг вужудида унинг барча сифатлари ва руҳий ҳолати билан узвий алоқада ўсади. Онадаги ҳар бир жараённи ҳис этади, унинг сўзларини тинглайди. Бу борада улуғ кишиларнинг ота-оналари фарзандларига туғилишидан аввал қандай тарбия берганлари биз учун ибратдир. Ривоятларга кўра, Собит исмли йигит бир тишлам олмани изнсиз еб қўйиб, эгасидан розилик олиш учун чеккан машаққати – тақводорлиги туфайли Имоми Аъзам Абу Ҳанифадек улуғ олимнинг отаси бўлди. Бу воқеада катта ҳикмат ва олий ибрат бор.
Инсоннинг маънавий ва ақлий хислатларини, асосан, унинг олган тарбияси, яшаган муҳити белгилайди, деб ҳисобланади. Агар, яхши тарбия инсоннинг энг қимматли бойлиги бўлса, нотўғри тарбия унинг учун бахтсизликка, ҳатто ҳалокатга айланиши уқтирилади. Шунинг учун мактаб тарбиясидан ҳам олдин оила тарбиясига катта аҳамият берилади. Оилада тўғри йўлга қўйилган тарбия мактаб таълими учун катта мададдир ва аксинча, оилада тегишли тарбия ишлари олиб борилмаса, бу ҳолда мактабдаги таълим-тарбия ишининг самараси паст бўлиб қолаверади.
Абдулла Авлоний «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» китобида бундай келтиради: «Аллоҳ таоло инсонларни асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши билан ёмонни, фойда билан зарарни, оқ билан қорани ажратадиган қилиб яратган. Лекин инсондаги бу қобилиятни камолга етказиш тарбия билан бўлур. Қуш уясида кўрганини қилар».
Худонинг раҳмату файзи ҳама инсонга яксардур,
Ва лекин тарбият бирла етушмак шарти акбардур.
Туғиб ташлов-ла бўлмас бола, бўлғай бало сизға,
Вужуди тарбият топса, бўлур ул раҳнамо сизга.
Темирчининг боласи тарбият топса, бўлур олим,
Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса, бўлғуси золим.
Ёмонларга қўшилди Нуҳнинг ўғли, бўлди беимон,
Юруди Каҳф ити хўблар-ла бўлди оти инсон.
- Бола дунё юзини кўрган вақтдан бошлаб бериладиган тарбия босқичида она фарзандини озиқлантиришда озодалик қоидаларига амал қилиши, болани покликка биринчи кунданоқ ўргатиши лозим. Бола ширинсўз бўлиб ўсиши учун тили чиққан онданоқ ширинсуханликка ўргатиб бориш зарур. Фарзанд бирор ёмон сўзни қўллай бошласа, унинг сўзларига айрим кишиларга ўхшаб «завқ»ланмасдан, аксинча, уни қайтариш, қўллаётган сўзи эса жуда ёмон эканини билдириш керак. Тили эндигина чиқаётган бола ён-атрофдагиларга тақлид қилади. Демак, оилада ҳамма бир-бирига чиройли ва хушмуомала бўлиши катта аҳамиятга эга. Шундагина тарбия топаётган бола ҳам гўзал сўзлашув одобига амал қилиб улғаяди.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Бирорта ота ўз фарзандига одоб-ахлоқдан афзалроқ мерос беролмайди», деб марҳамат қилганлар.
Яна бир ҳадисда айтилишича, хушхулқлик ва мулойимлик ҳамма неъматларнинг яхшироғи ва сифатларнинг гўзалроғидир.
Фарзандни тарбия қилганда, унинг ёши ва савиясини инобатга олиш муҳим. Болани бирор-бир ютуққа эришишида, натижани кўришга шошмаслик керак. Ҳар бир ишни тадрижийлик билан амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Масалан, икки ёшгача фақат ширин сўзлар билан, эркалаш орқали тарбия қилинади. Беш ёшгача бола атрофни ўрганади, асосий маълумотни шу ёш оралиғида эгаллайди. Бу даврда биз кўпроқ амалий жиҳатдан намуна бўлишга уринишимиз, соғлом оилавий муҳитни яратишимиз зарур бўлади.
Кейинги давр эса бир оз қаттиққўллик ва интизомни талаб этади. Бу давр ўсмирлик пайти бўлиб, бола оқ-қорани айни шу даврда ажратади. Яхшиликка мукофот, ёмонликка жазо муқаррарлигини шу босқичдан ўрганади. Бу даврда фарзанд тўғри йўлга солинса, солиҳ дўстларга ҳамроҳ қилинса, у одобли бўлиб, яхши инсон бўлиши учун муҳим қадам қўйилади.
Ўн саккиз ёшдан бошлаб фарзанд дўстимиз, ҳамсуҳбатимиз, вақти келса, сирдошимиз бўлмоғи лозим. Бола ота-онадан ҳайиқмаслиги, балки энг яқин кишиси сифатида қаттиқ ҳурмат қилмоғи лозим. Бу маълум маънода, охирги босқич бўлиб, ушбу даврда фарзандимизни қай даражада тарбия қилганимизнинг самарасини кўрамиз. Шу босқичгача яхши ёки ёмон тарзда амалга оширилган тарбия фарзанд умрининг охиригача ҳамроҳ бўлиб қолади.
Тарбияда энг муҳим восита бу меҳр ва ширинсўзлик билан тарбиялашдир. Бу икки восита бир бўлиб, болани шакллантиради. Шу жумладан, таълимни ҳам ғазаб ва жазолаш билан амалга оширмаган маъқул. Зеро, зўрлаб берилган таълим бола хотирасидан тезда ўчиб кетади. Оқибатда унинг шу соҳага нисбатан қизиқиши сўниши мумкин. Бундан кўринадики, таълимнинг аввали ҳам яхши тарбиядан ва адабдан бошланади.
Ҳикоятда айтилишича, Миср подшоҳи Рум султони билан адоват биносини бузиб, дўстлик риштасини боғлади ва ўз ўғлига унинг қизини никоҳлаб берди. Бу икки давлат соҳиби бир-бири билан дўстлашганидан иккала мамлакат ҳам обод ва фаровон бўлди.
Манба : Ижтимоий тармоқ ва интенет сайтлари асосида тайёрланди.
Тавакалжон домла Мукарамов
Мархамат тумани “Имом Ал Бухорий” жомеъ масжиди,
Туман бош имом хатиби