Етимларга ғамхўрлик – улуғ савоб 04.08.2017 й

1821

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Муқаддас ислом динимизда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан қаралади. Катта ёки кичик бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир. Инсоният яралибдики, турли тоифадаги одамлар, ёшлигидами ёки қарилигидами бошқа бировларнинг моддий ва маънавий кўмагига муҳтож ва меҳр-оқибатга ташна бўлишлигини Аллоҳ таоло ер юзида жорий қилиб қўйган. Хусусан, етим болалар айнан ёрдам ва эътиборга лойиқ жамият аъзоларидир. Меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганлар, ота-онасидан айрилганлар-етимлардир. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрилар экан, унда етимлар масаласига аҳамият берилган. Зеро, етимпарвар ҳар бир жамиятда меҳр-оқибат, барака ҳамда хотиржамлик ҳукм суради. Аллоҳ таоло баъзи бандалари тақдирига етим бўлишликни битиб қўйиб, жамиятдаги бошқа шахсларнинг етимларга бўладиган муносабати, уларнинг мол-мулкларига оид ҳукмларни ҳам Қуръони каримда ва Ўз Пайғамбари Муҳаммад с.а.в.нинг ҳадиси шарифлари орқали баён қилиб берган.

Аллоҳ таоло етимлар ҳаққини емасликка ва улар балоғат ёшига етгандан кейин, ҳақларини ўзларига қайтариб беришга буюриб шундай марҳамат қилади:

 وَابْتَلُوا الْيَتَامَى حَتَّى إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آَنَسْتُمْ مِنْهُمْ رُشْدًا فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَأْكُلُوهَا إِسْرَافًا وَبِدَارًا أَنْ يَكْبَرُوا وَمَنْ كَانَ غَنِيًّا فَلْيَسْتَعْفِفْ وَمَنْ كَانَ فَقِيرًا فَلْيَأْكُلْ بِالْمَعْرُوفِ فَإِذَا دَفَعْتُمْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ فَأَشْهِدُوا عَلَيْهِمْ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا  

(سورة النّساء/06)

яъни: “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар  назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир”. (Нисо сураси, 6-оят).

Фақиҳларимиз томонидан Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда келган етимларга муносабат ва уларга оид ҳукмлар батафсил баён қилиб берилган. Шунга кўра, етим деб балоғатга етмасидан олдин отаси вафот этган болага айтилади. Балоғат ёшига етганидан сўнг етим ҳисобланмайди. Бу хусусда Расулуллоҳ с.а.в. ўз ҳадисларида:

(عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ قَالَ: حَفِظْتُ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:

“لَا يُتْمَ بَعْدَ احْتِلَامٍ، وَلَا صُمَاتَ يَوْمٍ إلَى اللَّيْلِ” (رَوَاهُ أَبُو دَاوُد

яъни: “Али ибн Абу Толиб айтади, мен Расулуллоҳ с..а.в.дан: “Эҳтилом (балоғатга етган)дан сўнг етимлик йўқдир. Кундузи то кечгача сукут қилиб, (бошқа диндагиларда бўлгани каби) жим туришлик ҳам йўқдир”, – деб айтганларини ёдлаб олганман”, – деди. (Имом Абу Довуд ривоят қилган). Демакки, юқоридаги оят ва ушбу ҳадиснинг далолатига кўра етимларнинг вояга етишлари, уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари билан шарт-шароитлари ўзгаради.

Муҳтарам жамоат! Бизнинг диёрларда етим-есирларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг бошини силаш, етимнинг ҳаққини ейиш оғир гуноҳ эканлиги каби тушунчалар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетгандир. Ҳозир ривожланган баъзи давлатлар 13-14-асрлардаёқ “Етимхоналар” очганлари билан фахрлансалар, аслида, бизнинг ота-боболаримиз олийжаноб ислом динимизнинг таълимотига амал қилиб, етимлар, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганлар, ота-онасидан эрта айрилганларга меҳр-мурувват улашиб, керак бўлса уйларидан жой берганлари фахрланса арзигулик ишдир. Етимни кафолатига олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан у зот:

عن رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ :“أَنَا وَ كَافِلُ الْيَتِيمِ فيِ الْجَنَّةِ هَكَذَا وَ أَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ وَ الْوُسَطَى وَ فَرَّجَ بَيْنَهُمَا”

رواه البخاري

яъни: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”, – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар. (Имом Бухорий ривояти).

Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган иборанинг кўп эшитилишига ҳам асослар бор. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими!?

Ваҳоланки, етимларга ғамхўрлик қилиш борасида бошқа бир ҳадисда:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” خَيْرُ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ

“َيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُحْسَنُ إِلَيْهِ ، وَشَرُّ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُسَاءُ إِلَيْهِ 

яъни:“Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз с.а.в айтдилар: “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир”, – деганлар.

Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилари етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.

Ҳозирги кунда давлатимиз томонидан ҳам “Меҳрибонлик уйлари”да тарбия топаётган болаларга ғамхўрлик қилиб келинмоқда. Балки, уларга моддий томондан ҳамма шароитлар яратиб берилмоқда. Бироқ, ҳар қанча бўлса-да, ота-онасининг меҳрини ҳеч ким беролмайди. Шунинг учун, фарзандларини тирик етим қилаётган оталар, ўз жигар гўшаларидан воз кечиб кетаётган оналар нақадар оғир гуноҳ қилаётганларини англамоқлари лозим.

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таолонинг инояти билан бугундан бошлаб ҳар жума маърузаларимизнинг охирида фиқҳий масалалардан бериб боришни йўлга қўямиз. Жамоатимизга янги намозхонлар қўшилаётгани сабаб бугунги суҳбатимиз ҳанафий мазҳабимизда таҳоратнинг ҳукмлари бўйича бўлади. Аллоҳ таоло таҳоратнинг фарзлари тўғрисида “Моида” сурасининг 6-оятида баён қилган.

 

Таҳоратнинг фарзлари:

 

1) Юзни ювмоқ;

2) икки қўлни тирсаккача ювмоқ;

3) икки оёқни тўпиққача ювмоқ;

4) бошнинг тўртдан бирига масҳ тортмоқ.

 

Таҳоратнинг суннатлари:

 

1) “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни айтиб бошламоқ;

2) икки қўлини икки бандигача ювмоқ;

3) мисвок ишлатмоқ;

4) оғиз-бурунга сув олиб чаймоқ;

5) бошнинг суви билан икки қулоққа масҳ тормоқ;

6) соқолни тахлил қилмоқ;

7) бармоқлар орасини ҳам тахлил қилмоқ;

8) аъзоларни уч мартадан ювмоқ;

9) таҳорат олишни ният қилмоқ;

10) аъзоларни юздан бошлаб тартиб билан ювмоқ;

11) ўнг тарафдан бошлаб ювмоқ;

12) бошнинг ҳаммасига масҳ тортмоқ.

Таҳоратни бузувчи амаллар:

 

1) икки махраждан бирор нарса чиқса;

2) бадандан қон ёки йиринг чиқса;

3) оғзини тўлдириб қусса;

4) чўзилиб ёки суяниб ётиб ухласа;

5) ҳушдан кетса ёки ақлдан озса;

6) намозда қаҳқаҳа отиб кулса.

 

Аллоҳ таоло барчамизни муҳтожларга ёрдам қўлларимизни чўзмоғимизга ва бунинг эвазига ваъда қилинган улуғ ажру савобларга эга бўлмоғимизга муяссар қилсин! Омин!

 Илова:

Муҳтарам имом домла! Ҳар жума маърузасининг охирги 5-6 дақиқасини фиқҳий масаланинг баёнига ажратишингизни сўраймиз! Вақтларга риоя қилишингизни қатъий талаб қиламиз!

etimlarga ga’mxo’rlik ulug’ savob juma tezisini pdf форматда юклаб олиш

Манба: muslim.uz