ДЕҲҚОНЧИЛИК ЭРТАМИЗ УЧУН ЗАМИНДИР

1039

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلاً

Яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амаллар қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз” (Каҳф, 30).

Муқаддас динимиз таълимотларида деҳқончиликка аоҳида эътибор берилган. Қурони каримда деҳқончиликка далолат қилгувчи бир қанча оят ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадислар бор. Жумладан Қуръони каримда шундай баён қилинади:

هُوَ الَّذِي أَنزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً لَّكُم مِّنْهُ شَرَابٌ وَمِنْهُ شَجَرٌ فِيهِ تُسِيمُونَ * يُنبِتُ لَكُم بِهِ الزَّرْعَ وَالزَّيْتُونَ وَالنَّخِيلَ وَالأَعْنَابَ وَمِن كُلِّ الثَّمَرَاتِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

            Яъни: “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир.(Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир” (Наҳл, 10 -11)

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини деҳқончилик қилишга алоҳида қизиқтириб, бундай деганлар:

            مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْساً اَوْ يَزْرَعُ زَرْعاً فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ اَوْ اِنْسَانٌ اِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ

“Бирон-бир мусулмон  кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан  у киши садақа қилган савобига эришади” (Бухорий ва муслим ривояти).

Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг  олдиларидан ўтиб бораётса у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардо разияллоҳу анҳуга қараб:

“Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага киради-ку”, деди. Абу Дардо разияллоҳу анҳу бунга жавобан:

“Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, деган эканлар.

Бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солган коронавирус пандемияси бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Иншоолоҳ, бу кунлар ҳадемай ортда қолур. Ҳаёт яна ўз изига тушур. Шундай кунларда барча имкониятларни ишга солиб томорқа ерларини бепарво қолдирмаслигимиз керак. Зеро келгуси дориломон кунларимиз учун бугунги деҳқончилигимиз улкан замин бўлғусидир.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака туман бош имом хатиби